Ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
  • 24 Май 2017

Ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда изчил амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар натижасида аҳоли ҳаёти ва соғлиғи, давлат мулки, жисмоний ва юридик шахслар мулкининг ишончли ҳимоясини таъминлайдиган яхлит ёнғин хавфсизлиги тизими шакллантирилди. 

Лекин ёнғин хавфсизлиги соҳасида қабул қилинган қонун ҳужжатларига қарамай, бугунги кунда мамлакатимизда аҳоли, тадбиркорлар, давлат органларининг ёнғинларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш масалаларига тегишли муносабати шаклланмади, шу билан бирга, ички ишлар органларининг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги назорат фаолиятининг шакл ва усуллари замон талабларига жавоб бермайди. Хусусан, қуйидагилар бу борадаги тизимли камчиликлар сирасига киради:

ёнғин хавфсизлиги инспекторларининг ўз функционал мажбуриятларини лозим даражада бажармаётгани, малакасиз хатти-ҳаракатларга йўл қўяётган ҳолатлари кузатилмоқда, ушбу лавозимларга тегишли олий маълумоти йўқ ходимларни қабул қилиш тизими пайдо бўлгани, инспекторлар аҳоли, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан тўлақонли ҳамкорлик қилмаётгани бунга сабаб бўлмоқда;

тизимга, шу жумладан, шошилинч хизматлар билан ҳамкорлик қилиш ва ёнғин ўчириш бўлинмаларининг кучлари ва воситаларини бошқариш соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш ишлари талаб даражасида йўлга қўйилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 апрелда қабул қилинган “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ ҳамда барча даражадаги бўғинларнинг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш фаолиятини такомиллаштириш мақсадида:

1. Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини оширишдаги қуйидаги асосий йўналишлар ижросини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг энг муҳим вазифаси деб ҳисоблансин:

биринчидан, ёнғинлар профилактикасининг илғор шакл ва усулларини жорий этиш ва улардан самарали фойдаланиш орқали ёнғин хавфсизлиги хизмати тизимини такомиллаштириш, ҳар бир инспектор ўз хизмат мажбуриятларини “Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш — энг устувор вазифа” тамойили асосида сўзсиз бажаришини таъминлаш;

иккинчидан, Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати (кейинги ўринларда — ДЁХХ) бўлинмаларининг ёнғин назорати ва ёнғин профилактикасини амалга ошириш бўйича фаолиятини ташкил этишнинг ёнғин хавфсизлиги инспекторларининг асосий вазифа ва функцияларини аниқ белгилаш ва тақсимлашни назарда тутадиган сифат жиҳатидан янги тартибни ўрнатиш;

учинчидан, аҳоли билан яқиндан ишлаш, давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлик қилиш орқали ёнғин хавфсизлигини таъминлаш тизимига ишончни ошириш; 

тўртинчидан, ёнғин ўчириш кучлари ва воситаларини бошқариш, шунингдек, ёнғинга қарши назорат фаолияти соҳасига замонавий илмий-техника ютуқлари ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш;

бешинчидан, ёнғин хавфсизлиги бўлинмаларининг кадрлар салоҳиятини яхшилаш, ходимларнинг касб тайёргарлиги ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, соҳада халқаро ҳамкорликни кенгайтириш;

олтинчидан, ДЁХХ шахсий таркибида юксак хизмат интизомини таъминлаш, уни моддий рағбатлантириш ва ижтимоий-ҳуқуқий муҳофаза қилиш орқали самарали хизмат қилиш учун шароитлар яратиш.

2. Қайд этилсинки, Ўзбекистон Республикасининг “Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари зиммасига уларга қарашли объект ва ҳудудларда ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилиши учун шахсий жавобгарлик юклатилган.

Юқорида кўрсатилган мансабдор шахслар ҳар чоракда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича йиғилишлар ўтказиши, улар доирасида ўзига қарашли объект ва ҳудудларнинг ёнғинга қарши ҳолатини танқидий таҳлил қилиб бориши шартлиги белгилаб қўйилсин.

3. Белгилансинки:

ДЁХХ Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тизимида ягона давлат ёнғин назорати органи ҳисобланади;

ДЁХХнинг давлат ёнғин назоратини амалга оширувчи мансабдор шахслари ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилишини назорат қилиш бўйича тадбирларни ўтказишда ўз мажбуриятларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун шахсан жавобгардир.

4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг қуйидаги таклифлари маъқуллансин:

туман (шаҳар) ва объектлар ёнғин хавфсизлиги бўлимлари (бўлинмалари)да давлат ёнғин назоратини ва ёнғинлар профилактикасини амалга ошириш бўйича мустақил бўлинмалар (гуруҳлар) ташкил этиш ва ёнғин хавфсизлиги инспекторлари лавозимларини ёнғин ўчириш бўлинмалари таркибидан чиқариш тўғрисида;

ёнғин хавфсизлиги инспекторларининг жавобгарлигини ошириш мақсадида уларнинг ҳар бирига хизмат ҳудуди доирасида муайян секторни бириктириш тўғрисида;

ДЁХХ ёнғин техникаси парки ва махсус жиҳозларини узлуксиз янгилаш мақсадида ҳар йили 38 та асосий ёнғинни ўчириш автомобили, стреласининг узунлиги 35 метргача бўлган 6 та ёнғин автонарвони, 1000 та ёнғинни ўчириш енглари комплекти, нафас олиш аъзоларини ҳимоя қиладиган 300 та аппарат ва бошқа ёнғин-техника мулкини харид қилиш тўғрисида;

ДЁХХ техника хизматининг ҳудудий бўлинмаларига жисмоний ва юридик шахсларнинг махсус техникаси ва жиҳозларига техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ва диагностика хизматлари кўрсатиш ҳуқуқини бериш тўғрисида.

5. Қуйидагилар:

ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектлардаги ёнғин хавфсизлиги бошқармалари (бўлимлари, бўлинмалари) намунавий тузилмалари 8, 9, 10-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирига:

Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда, шартнома асосида хизмат кўрсатишдан тушган маблағлар ҳисобидан ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари ходимларининг қўшимча штат бирликларини киритиш;

ДЁХХнинг шартнома асосида хизмат кўрсатишдан тушган маблағлар ҳисобидан таъминланадиган бўлинмаларнинг тузилмаси ва штат бирликларига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

6. Ҳафтанинг ҳар чоршанба куни “Ёнғинлар профилактикаси куни” деб белгилансин ва ДЁХХга қуйидаги вазифалар юклансин:

аҳоли, ташкилотлар ва таълим муассасалари ўртасида ёнғин хавфсизлиги чора-тадбирларига риоя этиш тўғрисида кенг тушунтириш ишлари олиб бориш, ёнғинларнинг олдини олиш ва муваффақиятли бартараф этиш тадбирларига жамоатчиликни кенг жалб қилиш;

маҳалла фаоллари билан биргаликда уйма-уй юриб, тушунтириш ишларини амалга ошириш, уларнинг якунида ёнғинга қарши ҳолат бўйича аниқланган камчиликларни фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида муҳокама қилиш;

барча даражадаги ҳокимлар билан биргаликда, содир бўлган йирик ва ўзига ҳос хусусиятли ёнғинларнинг сабабларини, ёнғин вужудга келишига олиб келган шарт-шароитларни ҳамда тегишли ҳудудлардаги объектларнинг ёнғинга қарши ҳолатини чуқур ва танқидий таҳлил қилишни ташкил этиш, унинг якунида ёнғиннинг олдини олиш ва уни бартараф этиш учун шароитлар яратишга қаратилган “Йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларда ёнғин хавфсизлигини мустаҳкамлаш, уларнинг раҳбарлари билан ёнғин-тактик ўқув ва машғулотлар, тушунтириш ишларини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш;

оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, интернет тармоғида ёнғинлар, уларнинг сабаблари ҳамда ёнғинларнинг олдини олиш ва ёнғин содир бўлганда қандай ҳаракат қилиш тўғрисидаги маълумотларни ёритиш;

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан келишилган ҳолда, муайян марказий ва вилоят телеканалларида ёнғин билан боғлиқ воқеаларни, уларнинг вужудга келиш сабаблари ва шарт-шароитларини ёритишга бағишланган махсус ахборот кўрсатуви, шунингдек, воқеаларни ёритиш гуруҳлари томонидан тайёрланадиган ёнғин содир бўлган жойлардан уларни бартараф этиш бўйича тезкор репортажларни эфирга узатиш.

7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари ҳузурида ёнғин хавфсизлиги бўйича комиссиялар ташкил этилсин ва қуйидагилар уларнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, ёнғин келиб чиқиши сабаблари ва шароитларини аниқлаш, уларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш;

тасдиқланадиган режа-жадвалларга мувофиқ, тизимли асосда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раислари иштирокида маҳаллалар ҳудудида ёнғинга қарши машқлар ўтказиш, бунда ёнғинни ўчириш автомобиллари ўтиш йўллари ва сув манбалари ҳолатини ўрганиш;

давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ёнғинлар профилактикаси соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш;

соҳада амалга оширилаётган чора-тадбирларни баҳолаш ва мониторинг қилиш, уларнинг самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

қишлоқ жойлар ва олис аҳоли пунктларида кўнгилли ёнғин ўчириш бўлинмаларини ташкил этишга кўмаклашиш, уларни моддий ва ижтимоий рағбатлантириш.

Белгилаб қўйилсинки:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, шаҳар ва туманлар ҳокимларининг ўринбосарлари тегишлича ёнғин хавфсизлиги бўйича комиссиялар раислари ҳисобланади;

комиссия таркибига ҳудудий ёнғин хавфсизлиги бошқармалари (бўлимлари, бўлинмалари), давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, жамоат ташкилотлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбарлари киради;

комиссия мажлислари ҳар чоракда камида бир марта, шунингдек, ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги вазиятдан келиб чиқиб ўтказилади;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги комиссиялар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот-таҳлил ва бошқа материалларни тайёрлаш, умумлаштириш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш учун масъул ишчи орган ҳисобланади.

8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига (А. Арипов):

бир ой муддатда Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги ёнғин хавфсизлиги бўйича комиссиялар тўғрисидаги низомларни тасдиқласин;

икки ой муддатда ДЁХХни махсус ёнғин-техника ва тадқиқот ускуналари, алоқа воситалари ва хизмат кийими билан босқичма-босқич таъминлаш, ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари бино ва иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлашни назарда тутадиган комплекс дастурларни тасдиқласин;

икки ой муддатда корхоналар, шу жумладан, бозор ва йирик савдо мажмуаларининг ёнғинга қарши ҳолати учун масъул штатда турувчи ва штатдан ташқари мансабдор шахсларининг фаолиятини ташкил этиш ва моддий рағбатлантириш, шунингдек, ушбу объектларнинг ёнғиндан ҳимоя тизимлари ва воситаларини белгиланган талабларга мувофиқ ҳолатга келтириш тизимини танқидий қайта кўриб чиқсин ва самарали механизмини яратсин;

уч ой муддатда ёнғин хавфсизлиги инспекторлари, шунингдек, юксак касб маҳорати намойиш этаётган, ёнғинларнинг олдини олишга ва ўчиришга салмоқли ҳисса қўшаётган ёнғин ўчириш бўлинмаларининг оддий ходимлари таркиби ва хизматчиларини моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқласин;

уч ой муддатда кўнгилли ёнғиндан сақлаш хизмати бўлинмалари ва ёш ёнғин ўчирувчилар дружиналарини ташкил этиш ва фаолиятини таъминлаш масалаларини кўзда тутувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминласин;

2017 йилнинг 1 сентябрига қадар Ёнғин ўчириш куч ва воситаларини бошқариш ва мувофиқлаштириш марказлари, Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа марказлари фаолиятини самарали ташкил этишга қаратилган чора-тадбирлар комплексини тасдиқласин.

9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига (А. Раматов):

икки ой муддатда 11-иловада келтирилган рўйхат бўйича ёнғин-техника маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган давлат унитар корхонасини ташкил этиш масаласи кўриб чиқилсин ва тегишли таклифлар киритилсин;

Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси (Б. Зокиров) билан биргаликда бино, иншоот ва бошқа объектларни лойиҳалаштириш ва қуришда -замонавий ёнғинга қарши ҳимоя техник воситалари қўлланиши таъминлансин.

10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 

(У. Розуқулов) икки ой муддатда ёнғин хавфсизлиги бўлинмаларининг автомобиллар ва бошқа махсус техника билан манзилли таъминланиши, шунингдек, йирик ишлаб -чиқариш корхоналари ва савдо мажмуалари (бозорлар) томонидан мамлакатимизда ишлаб чиқарилган ёнғин автотехникаси ва жиҳозлари харид қилинишини кўзда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини тасдиқлаш учун киритсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига (А. Азизов):

а) Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (Х. Мирзоҳидов) ва “Ўзбеккино” Миллий агентлиги (О. Мусаев) билан биргаликда ҳар чоракда марказий ва ҳудудий телеканалларда:

мавзуга доир кўрсатувлар, ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилишини таъминламаётган корхоналар ва уларнинг раҳбарлари танқид қилинган репортажлар, ҳудудий ёнғин хавфсизлиги бўйича комиссиялар раислари, ёнғин хавфсизлиги органлари вакиллари, соҳадаги қонун ҳужжатлари бузилишига йўл қўйган мансабдор шахсларнинг бевосита иштирокида долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган тематик кўрсатувлар, жумладан, “ток-шоу”лар;

аҳолининг ёнғин содир бўлганда қандай ҳаракат қилиши ҳамда ёнғинларнинг олдини олиш масалалари тўғрисида маълумот берувчи видеолавҳалар ва ҳужжатли фильмлар узатилишини таъминласин;

б) Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (М. Ҳазратқулов) билан биргаликда босма оммавий ахборот воситаларида ёнғин хавфсизлиги соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, ўтказилган текширувлар натижалари, аниқланган ёнғин хавфсизлиги талаблари бузилиши ҳолатларининг ёнғинга йўл қўйган шахсларни кўрсатган ҳолда ёритилишини ташкил этсин.

12. Белгилаб қўйилсинки:

ДЁХХ бошқарув органлари ва бўлинмаларини молиявий ва моддий-техник таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади, ташкилотлар билан тузилган шартномалар асосида ташкил этиладиган бўлинмалар бундан мустасно;

ташкилотлар билан тузилган шартномалар асосида ташкил этилган ДЁХХ бўлинмалари шу ташкилотларнинг маблағлари ҳисобидан таъминланади;

ДЁХХ бўлинмалари фаолиятини молиялаштириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ДЁХХ харажатлар сметасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан амалга оширилади, шартномалар асосида ташкил этилган бўлинмалар бундан мустасно.

13. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги (А. Азизов):

икки ҳафта муддатда ДЁХХ бўлинмаларининг штат жадвали, 2017 — 2025 йилларда офицерлар таркиби лавозимларини тўлдириш режа-жадвалларини тасдиқласин;

икки ой муддатда ёнғин хавфсизлиги инспекторларига малака талаблари ва уларнинг касб лаёқатини баҳолашнинг рейтинг тизимини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

икки ой муддатда “Ёнғиндаги жасорат учун” ва “Ёнғиндан сақлаш хизмати аълочиси” идоравий кўкрак нишонларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар бўйича таклифлар киритсин. 

14. Молия вазирлиги (Б. Хўжаев) Ички ишлар вазирлиги (А. Азизов) билан биргаликда 2018 йилга мўлжалланган Давлат бюджети параметрларини ишлаб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг йиғма харажатлар сметасига тегишли ўзгартиришлар киритган ҳолда, ДЁХХнинг 2018 йилги харажатлар сметасини тасдиқлаш ва рўйхатга олишни назарда тутсин.

15. Ички ишлар вазирлиги (А. Азизов) Меҳнат вазирлиги (А. Абдуҳакимов) ва Молия вазирлиги (Б. Хўжаев) билан биргаликда икки ой муддатда хориж тажрибасини ўрганиш асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ДЁХХ касбийлаштирилган қисмлари хизматчилари алоҳида лавозимларининг умумбелгиланган пенсия ёшини камайтириш тўғрисида асосланган таклифлар киритсин.

16. Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмаётган ва ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқ-ланадиган рўйхатлар бўйича четдан олиб келинадиган асбоб-ускуналар, техника, алоқа тизимлари ва воситалари, дастурий маҳсулотлар ва бошқа моддий-техник воситалар 2025 йилнинг 1 январига қадар божхона тўловларидан озод қилинсин (божхона расмийлаштируви йиғимлари бундан мустасно).

17. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси 

О. Б. Муродов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В. В. Маҳмудов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А. Ж. Раматов, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири А. А. Азизов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти  Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2017 йил 23 май

 

 

* * *

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ички ишлар органларининг ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ, ёнғин хавфсизлигини барча даражада таъминлашга доир фаолиятни такомиллаштириш мақсадида:

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари зиммасига уларга қарашли объектлар ва ҳудудларда ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этиш бўйича шахсий жавобгарлик юклатилди;

юқорида қайд этилган мансабдор шахслар ҳар чоракда ўзларига қарашли объект ва ҳудудлардаги ёнғинга қарши ҳолатни танқидий таҳлил қилиши зарурлиги белгиланди. 

Қарорда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни “Ёнғинлар профилактикаси куни” деб белгиланди ва Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматига қуйидаги асосий вазифалар юкланди:

барча даражадаги ҳокимлар билан биргаликда юз берган катта ёнғинлар сабаблари ва уларнинг пайдо бўлишига олиб келган шароитларни чуқур ва танқидий таҳлил қилиш ва ушбу таҳлил якунлари бўйича ёнғинларнинг олдини олишга қаратилган “Йўл хариталари” тасдиқланади; 

давлат аҳамиятига эга алоҳида объектларда ёнғин хавфсизлигини мустаҳкамлаш, шунингдек, ёнғин-тактик ўқув-машғулотлар ва ушбу объектлар раҳбарлари ўртасида тушунтириш ишларини ташкил этишга доир комплекс тадбирлар ўтказиш;

марказий ва вилоят телеканалларида ёнғинлар билан боғлиқ ҳодисаларни ёритиш бўйича махсус ахборот кўрсатувларини, шунингдек, ёнғин содир бўлган жойлардан ва уларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида тезкор репортажлар тайёрлаб эфирга узатиш.

Мазкур қарорга биноан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари ҳузурида ёнғин хавфсизлиги бўйича комиссиялар ташкил этилишини алоҳида таъкидлаш зарур.

Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, ёнғин содир бўлишига олиб келадиган сабаб ва шароитларни аниқлаш ва бартараф этиш, ёнғинларнинг олдини олиш соҳасида давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, қишлоқ жойларда ва олис аҳоли пунктларида кўнгилли ёнғин бўлинмаларини ташкил қилишга кўмаклашиш ва уларни моддий ва ижтимоий рағбатлантириш комиссияларнинг асосий вазифалари ҳисобланади. 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn