Очиқлик ва шаффофлик — энг муҳим мезон
  • 18 Апрель 2017

Очиқлик ва шаффофлик — энг муҳим мезон

Оммавий ахборот воситалари Ҳаракатлар стратегияси ижроси устидан жамоатчилик назоратини олиб боришда фаол иштирок этади.

“Ҳаракатлар стратегияси”, “Жадал ривожланиш стратегияси”, “Йўл харитаси”. 

Сўнгги пайтларда мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида кўп қўлланилаётган бундай таъриф ва ибораларнинг туб моҳиятини аҳоли кенг қатлами тўла тушунаяптими? Журналистлар уларнинг мазмунини етарли даражада очиб бера олаяптими?

Пойтахтимизда “Тараққиёт стратегияси” маркази, Халқаро пресс-клуб ҳамда Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан ташкил этилган очиқ мулоқотда ушбу саволларга атрофлича жавоб изланди.

Қайд этилганидек, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси келгуси беш йиллик тараққиётимизни белгилаб берадиган ҳужжат ҳисобланади. Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурида 320 та комплекс тадбир кўзда тутилган бўлиб, улардан мақсад юртдошларимизнинг ҳаётий муаммоларини бартараф этиш, шаҳару қишлоқларимиз қиёфасини бутунлай ўзгартириш, одамларнинг турмуш сифатини янада юксалтиришдан иборатдир. Унда мамлакатимизни кейинги беш йилда равнақ топтириш бўйича амалий қадамлар ўз ифодасини топган. Мазкур ҳужжат ижросига жамиятимизнинг бутун кучи, яъни 170 га яқин давлат ва жамоат ташкилоти, хусусий сектор вакиллари жалб қилинган. 

Уларнинг фаолиятини самарали назорат қилиш мақсадида “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан Ягона мониторинг платформасини яратиш ишлари якунланмоқда. Мазкур механизм Ҳаракатлар стратегияси ҳар бир банди ижроси мониторингини таъминлаш, чора-тадбирлар бажарилишини кузатиб бориш имконини яратади.

Марказ ижрочи директори Акмал Бурҳонов журналистларга айни йўналишда қилинаётган ишлар хусусида ахборот берди. Унинг қайд этишича, ушбу дастуриламал ҳужжатда белгиланган тадбирларнинг вақтида, сифатли бажарилишида жамоатчилик, хусусан, оммавий ахборот воситаларининг ўрни ниҳоятда катта. Чунки журналистлар жамоатчилик назоратини ўрнатмаса, давлат органларининг ҳаракатсизлиги ва суст фаолияти ҳақида бонг урмаса, олдимизга қўйган мақсад-вазифаларга эришиш, одамларимизни рози қилиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. 

Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, айрим ташкилотлар ўз зиммасидаги тадбирларни вақтида бажаришни пайсалга солиш ҳолатлари, афсуски, учраб турибди.

Марказда доимий фаолият юритувчи ишчи майдон ташкил қилингани бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Ушбу майдон Ҳаракатлар стратегияси доирасида рўёбга чиқарилаётган ислоҳотларни тезкор ва батафсил ёритишга ёрдам беради. Унда мутасадди вазирлик ва идоралар зиммасига юклатилган вазифалар тўғрисида оммавий ахборот воситалари вакилларига мунтазам ҳисобот бериб борилади.

Мулоқотда Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишнинг илғор шакл ва усулларидан унумли фойдаланиш, экспертлар иштирокида таҳлилий материаллар тайёрлашнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида ўзаро фикр алмашилди. Шунингдек, тайёрланаётган материаллар сифатини янада ошириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш орқали жамоатчилик назоратини кучайтириш, “Тараққиёт стратегияси” маркази ва оммавий ахборот воситалари ўртасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Қобил ХИДИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn