Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш — давр талаби
  • 18 Апрель 2017

Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш — давр талаби

Пойтахтимизда Ўзбeкистон Рeспубликаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Марказий Осиё минтақавий экологик маркази ҳамкорлигида “Сув ресурслари назоратини яхшилаш борасидаги ташаббуслар” мавзуида семинар ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Гидрометеорология хизмати маркази, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси, Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссияси, АҚШнинг Халқаро ривожланиш агентлиги (USAID) сингари ташкилотлар вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Минтақа давлатларига атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор тараққиёт масалаларида кўмаклашувчи Марказий Осиё минтақавий экологик маркази нотижорат ва носиёсий халқаро ташкилот ҳисобланиб, унга 1998 йилда Даниянинг Орхус шаҳрида бўлиб ўтган тўртинчи умумевропа конференциясида қабул қилинган қарорга мувофиқ, Қозоғистон, Ўзбeкистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ҳамда Европа Иттифоқи ва БМТнинг Тараққиёт дастури таъсисчилигида асос солинган. 

Тадбирда иштирокчиларга мазкур марказ ва унинг юртимиздаги ваколатхонаси фаолияти ҳақида маълумот берилди. Бинобарин, ваколатхона атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда экология соҳасида минтақавий, миллий лойиҳаларни амалга ошириш баробарида, давлат органлари, жамоат ташкилотлари билан яқин ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ўн беш йилдан ортиқ вақт мобайнида ташкилот томонидан 48 миллион еврога тенг 230 дан зиёд лойиҳалар рўёбга чиқарилгани ана шундан далолат беради.

Айни пайтда марказ иштирокида “Марказий Осиёда сув, таълим ва ҳамкорлик”, “Марказий Осиёда сув ҳамкорлиги”, “Ўзбекистонда барқарор сув ва экологик ривожланиш учун ҳамкорлик ва хабардорликни ошириш. Компонент 3”, “Иқлим ўзгаришининг Амударё ҳавзасидаги ер усти сувлари сифатига бўлган таъсирини ўрганиш” лойиҳалари амалга оширилмоқда.  Уларда сув хўжалигида кадрлар тайёрлаш тизимини яхшилаш, манфаатдор тузилмалар ўртасида касбий муносабатларни ўрнатиш, обиҳаёт ресурсларини назорат қилиш, атроф-муҳит муҳофазасига жамоатчилик эътиборини қаратиш каби кўплаб вазифалар қамраб олинган. 

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn