Маҳаллада янги маслаҳатчилар сайланмоқда
  • 18 Апрель 2017

Маҳаллада янги маслаҳатчилар сайланмоқда

Истиқлол шарофати билан халқимизга хос ноёб тузилма, яъни маҳалла институти фуқаролик жамиятининг муҳим бўғини сифатида шаклланиб, ўзини тобора кенгроқ намоён қилмоқда. Буни айни чоғда мазкур институт томонидан 30 дан зиёд вазифалар муносиб бажариб келинаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Аммо ҳозирги тезкор замонда уни янада такомиллаштиришни давр тақозо этмоқда. Президентимизнинг жорий йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ана шу йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтаришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Ҳозирги пайтда ушбу ва бошқа ҳужжатлардан келиб чиқиб, маҳаллани янада ривожлантириш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, юртимиз барча ҳудудида фуқаролар йиғини раисларининг ўринбосарлари — кексалар ва фахрийлар ишлари ҳамда ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчилари сайлови юқори савияда ўтказилмоқда. 

Тошкент шаҳридаги мавжуд 505 маҳаллада мазкур лавозимлар учун кўрсатилган номзодлар орасидан энг муносиблари, аниқ айтадиган бўлсак, бир минг 10 нафар маслаҳатчи сайланди. Сайлов жараёни очиқлик, ошкоралик ва адолат тамойиллари асосида ташкил этилди. Айни чоғда янги сайланган маслаҳатчилар вазифа фаолиятига киришмоқдалар.

— Маҳалламизда ёши улуғ инсонлар кўпчиликни ташкил этади, — дейди Учтепа туманидаги “Бекобод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шоира Маҳмудова. — Масалан, ён-атрофдаги барча 102 ёшли Ойгул бувини ҳамда 97 ёшни қаршилаган Мукамбар бувини яхши билишади. Ҳудудимизда нуронийлар чойхонаси бўлиб, бу ерда отахонлар суҳбатлашиш билан бирга, шахмат ва шашка ўйнаши мумкин. Газеталар тахлами ҳамда турли китоблар ҳам бор. Улар учун янада қулай шароит яратиш бизнинг муҳим вазифаларимиздан ҳисобланади. Бу борада бизга янги сайланган кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчи Саъдулла Комиловнинг ҳаётий тажрибаси қўл келади.

Ёшларимизни ҳар жиҳатдан баркамол инсонлар этиб тарбиялаш ҳаёт-мамот масаласи, десак, асло янглишмаймиз. Шу боисдан ҳам маҳалладошларимиз бу борада катта тажриба тўплаган Акмал Охунжоновга ишонч билдиришди, у ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчи этиб сайланди. Бу маҳалламизнинг ёш авлод билан ишлаш борасидаги фаолиятини яна бир -поғона кўтаришга ёрдам беради, деб ўйлайман.

Навоий вилояти бўйича 303 та фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи фаолият кўрсатмоқда. Уларда маслаҳатчилар сайлови демократик тамойилларга мос ҳолда бўлиб ўтди.

— Муқобиллик асосида икки ва ундан ортиқ номзодлар кўрсатилган ҳолда ташкил этилган сайловларнинг 237 таси очиқ, 66 таси эса яширин овоз бериш йўли билан ўтказилиб, фуқаролар йиғинлари раисларининг ўринбосарлари, яъни маслаҳатчилар сайланди, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими бошқаруви раиси Нормурод Исоқов. — Вакиллар ишонч билдирган маслаҳатчиларнинг 277 нафари олий маълумотли кадрлар бўлса, 37 нафари маҳаллий Кенгашлар депутатларидир. Ана шундай салоҳиятли инсонларнинг бу лавозимларда фаолият олиб бориши маҳаллалар нуфузини янада ошириши, шубҳасиз. Қолаверса, бу масалаларни ўз вақтида ҳал этиш имконини беради.

— Мамлакатимизда ёши улуғ инсонларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатиб келинмоқда, — дейди Навоий шаҳридаги “Меъмор” маҳалла фуқаролар йиғини раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиси этиб сайланган Жамила -Бобомуродова. — Натижада улар бугунги фаровонликдан баҳраманд ҳолда бахтиёр ҳаёт кечирмоқда. Маҳаллаларда янги маслаҳатчи лавозими ташкил этилиши бу йўналишдаги ишларни янада кучайтиришга туртки беради.

Қашқадарё вилояти фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида бўлиб ўтган сайловларда ҳам ошкоралик, муқобиллик ва қонунийликка тўла амал қилинди.  

Қарши шаҳридаги “Рогузар” маҳалла фуқаролар йиғини раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига 4 нафар номзод кўрсатилди ва  улар орасидан Алишер Аҳмедовга кўпчилик вакиллар ишонч билдирди.

— Маҳалламизда 18 ёшгача бўлган минг нафардан зиёд ёшлар бор, — деди у. — Ҳозир вояга етмаганлар, мактаб ва коллеж ёшидаги йигит-қизлар билан алоҳида режа асосида иш бошладик. Хусусан, мактаб битирувчилари қайси коллежга боришини ўрганиб чиқдик. Шу билан бирга, “оммавий маданият” ва бошқа зарарли иллатларнинг салбий оқибатлари хусусида кенг тушунтириш ишлари олиб борилаяпти. Ҳар куни мактаблардаги давомат ҳамда дарсдан кейинги тўгараклар -фаолияти атрофлича ўрганилаётир. Дарс қолдирадиган, давомати паст болалар билан маҳалла раиси, посбон ва ота-оналар билан биргаликда алоҳида иш олиб борилмоқда. Асосий мақсадимиз ёшлар бўйича ҳар қандай муаммони шу ернинг ўзида ҳал қилиш, уларни турли ёт таъсирлардан асрашдан иборатдир.      

Мамлакатимиз барча ҳудудида фуқаролар йиғинлари раисларининг кексалар ва фахрийлар ишлари ҳамда ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчилари сайлови давом этмоқда.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,

Темур ЭШБОЕВ,

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn