«Эртанги кун бизники, марра бизники!»
  • 18 Апрель 2017

«Эртанги кун бизники, марра бизники!»

Хоразм вилоятида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ташаббуси билан мазкур шиор остида ёшлар ҳафталиги ўтказилди.

Ушбу акция 12 та лойиҳани қамраб олган бўлиб, шаҳар ва туманларда тадбиркорлар, ёш олим ҳамда мутахассислар, шоиру ёзувчилар, театр актёрлари, эстрада хонандалари, рассомлар, спортчилардан иборат тарғибот гуруҳлари иштирокида “Нуронийлар эъзозимизда”, “Саломатлик кунлари”, “Бизнес клуб”, “Диний экстремизм ва терроризм — ёшлар келажагига таҳдид”, “Талабалар театр студиялари”, “Одам савдоси — давр муаммоси”, “Оммавий маданият” ва ёшлар маънавияти”, “Китоб байрами” каби қатор тадбирлар, учрашувлар, фестиваллар ташкиллаштирилди. Шунингдек,  ёшларга мамлакатимиздаги тинчлик ва барқарорликнинг аҳамиятини тўлақонли тушунтириш мақсадида таълим муассасалари ҳамда маҳаллаларда маданий-маърифий анжуманлар ўтказилди.

Дўстлик ва ҳамжиҳатлик руҳида эртамиз эгаларини бир даврага жамлаган ушбу тадбир, айниқса, Қўшкўпир, Шовот, Янгибозор ҳамда Гурлан туманларида  қизғин руҳда ўтди. Жумладан, “Ҳоким ва ёшлар” лойиҳасида ана шу туманлардаги касб-ҳунар коллежларининг минг нафардан зиёд ўқувчилари қатнашди. Уларда ёшлар томонидан тадбиркорликни йўлга қўйиш, кутубхона ташкил этиш, спорт майдончаси қуриш, таълим муассасаларида тўгараклар, китоб дўконлари очиш бўйича 66 та таклиф ва долзарб масала билдирилиб, шундан 54 таси жойида ҳал қилинди. Бундан ташқари, “Нуронийлар эъзозимизда” акцияси доирасида “Камолот” сардорлари томонидан ушбу туманлардаги ёлғиз қариялар ҳолидан хабар олинди,  уларнинг хонадонларида  ободончилик ишлари олиб борилди.

Ёшлар ҳафталиги доирасида туманлар марказларида ва Урганч шаҳридаги “Ёшлик” спорт мажмуасида таниқли санъаткорлар иштирокида концерт дастурлари намойиш этилди.

Ойбек РАҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn