Давлат органлари фаолиятининг «очиқлик индекси» рейтинги эълон қилинди
  • 15 Апрель 2017

Давлат органлари фаолиятининг «очиқлик индекси» рейтинги эълон қилинди

2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, жисмоний ҳамда юридик шахсларга уларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларига дахлдор ахборотларни тақдим қилишнинг замонавий шаклларини жорий этиш давлат бошқаруви тизимидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган.

Соҳанинг илғор демократик стандартларга мос мустаҳкам қонунчилик базаси яратилгани аҳолининг эркин ахборот олишини таъминлашга хизмат қилмоқда.

“Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонунда фуқароларнинг ижтимоий аҳамиятга молик ахборотлардан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатлангани, давлат органлари фаолияти очиқлигини таъминлашнинг шакл ҳамда услублари, давлат органлари ва жамият ўртасида ўзаро ахборот алмашишнинг аниқ меха-низмлари акс этгани ҳамда ҳаётга самарали татбиқ қилинаётгани бунинг амалий -ифодасидир.

Мазкур Қонун талабларини бажариш, давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш фаолиятини мувофиқлаштириш ва мониторинг олиб бориш бўйича жамоатчилик кенгаши шакллантирилди. Кенгаш томонидан давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолияти очиқлиги мониторингини олиб бориш ва уни баҳолаш методикаси, давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш регламенти ишлаб чиқилди.

Айни пайтда ушбу ҳужжатлар асосида Жамоатчилик кенгаши томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлиги мониторинги бўйича ишлар бошланди.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан Жамоатчилик кенгаши билан ҳамкорликда давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органларининг “очиқлик индекси” бўйича 2017 йил 1 январь ҳолатига оид рейтинг тақдимоти ўтказилди.

Таъкидлаб ўтилганидек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш мамлакатни бошқариш тизимини демократлаштиришнинг муҳим механизмларидан бири ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, “очиқлик индекси” рейтинги кўрсаткичлари таҳлили умумий ҳисобда давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари томонидан фуқароларнинг эркин ахборот олишини кафолатлаш, ундан фойдаланиши учун зарур шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилаётганини кўрсатди. Аҳамиятли жиҳати, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастуридаги вазифалар доирасида давлат органлари ўз фаолиятида очиқликни таъминлашга катта масъулият билан ёндашмоқда.

Тақдимотда 47 та давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органи фаолиятининг очиқлиги мониторинг қилиниб, баҳолангани қайд этилди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Тошкент шаҳар ҳокимияти, Адлия вазирлиги, Интеллектуал мулк агентлиги, Марказий банк ахборотларнинг очиқлиги бўйича энг юқори рейтинг кўрсаткичларига эга бўлди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Навоий, Андижон, Фарғона, Сурхондарё вилоятлари ҳокимиятлари паст рейтинг кўрсаткичлари билан мазкур масалага етарли даражада эътибор қаратмагани айтиб ўтилди.

— Жамоатчилик кенгаши томонидан “очиқлик индекси” мониторинги бўйича олиб борилаётган чоралар жамоатчилик назоратини рўёбга чиқариш, фуқаролик жамияти институтларининг давлат бошқаруви тизимидаги иштироки самарадорлигини оширишда алоҳида ўрин тутади, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев. — Айтиш жоизки, ушбу мониторинг якунлари давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органларига жамоатчилик билан алоқаларини янада кучайтириш, самарали корпоратив ахборот сиёсати стратегиясини ишлаб чиқишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Ўрганиш натижалари рейтинг баҳолари эса кенг жамоатчиликда ҳар бир вазирлик ва ҳудудий давлат органлари фаолияти ҳақида аниқ маълумот олишга ёрдам -беради.

Тадбирда Жамоатчилик кенгаши томонидан экспертлар иштирокида давлат -ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини мониторинг қилиш ва баҳолаш ишлари давом эттирилиши, www. ochiqlik.uz расмий сайтида унинг якуни бўйича ҳар йили икки маротаба — 1 январь ҳамда 1 июль ҳолатига кўра, “очиқлик индекси” рейтинги эълон қилиб борилиши алоҳида таъкидланди.

Зиёда АШУРОВА,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn