Ўзбекистон чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат олиб бормоқда
  • 15 Апрель 2017

Ўзбекистон чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат олиб бормоқда

Пойтахтимизда яқинда ташкил этилган Халқаро пресс-клубнинг мажлиси бўлиб ўтди. Мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари, дипломатик корпус, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этган очиқ мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов юртимиз ташқи сиёсатининг янги босқичдаги долзарб масалалари хусусида сўз юритди.

Анжуманда мамлакатимиз ташқи сиёсий фаолияти 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида изчил олиб борилаётгани қайд этилди. Бинобарин, ушбу дастуриламал ҳужжатда хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш устувор йўналиш сифатида белгиланган. Унда давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг ён-атрофида хавфсизлик, -барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш, мамлакатимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурига биноан, жорий йилда хорижий ҳамкорлар билан -сиёсий-дипломатик соҳадаги ҳамкорликни ривожлантиришга доир “Йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш, Ўзбекистоннинг хорижий ҳамкорлар билан 2017 йилга мўлжалланган савдо-иқтисодий, инвестициявий, технологик ва молиявий-техник ҳамкорлигини тубдан такомиллаштириш ва кенгайтириш бўйича аниқ саъй-ҳаракатлар бажарилаяпти. Маърузачилар Ҳаракатлар стратегияси кенг жамоатчилик муҳокамаси асосида ишлаб чиқилганини ҳамда унинг асосий қоидалари БМТ саммитида қабул қилинган Барқарор ривожланиш мақсадларига мос эканини таъкидлашди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири бугунги жадал ўзгараётган глобал шарт-шароитларда, авваламбор, халқимиз хавфсизлиги ва осойишталиги учун дипломатия ҳамда ташқи сиёсатнинг барча чора-тадбирини ишга солиш асосий вазифалардан эканлигини кўрсатиб ўтди. Бунда Ўзбекистон атрофида фаровонлик камарини шакллантиришга алоҳида аҳамият қаратилади. Бугунги кунда худди шундай ёндашув асосида иш олиб борилмоқда. Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида жойлашган қўшни мамлакатлар билан очиқ, дўстона, мустаҳкам ва прагматик сиёсат олиб бораётгани ҳам бунинг яққол тасдиғидир. Бундан ташқари, мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратиш, жумладан, инвестициялар жалб қилишни кўпайтириш, ташқи бозорларга олиб чиқадиган транспорт йўлакларини ривожлантириш, иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ҳам ташқи сиёсатимизнинг асосий йўналишларидан бирига айланди. Яъни ташқи сиёсат шунчаки сиёсат учун эмас, балки халқимиз учун муносиб турмуш даражасини яратиш, юртимизни тараққий топтириш, одамларнинг келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлашдек эзгу мақсадларга қаратилгандир, деди маърузачи.

Буни мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистон, Қозоғистон ҳамда Россияга амалга оширган давлат ташрифлари мисолида яққол кўриш мумкин. Тадбир аввалида ушбу ташрифларга бағишланган видеолавҳа намойиш этилди. Шу билан бирга, мулоқот қатнашчиларига ушбу ташрифларнинг стратегик, сиёсий, иқтисодий аҳамиятлари ҳақида батафсил маълумот берилди. 

Қайд этилганидек, булар мамлакатимиз ташқи сиёсатида яқин қўшничилик ва дўстона муносабатлар устун эканлигини амалда намоён этди. Ташрифлар кенг жамоатчилик, экспертларнинг қизғин муҳокамасига сабаб бўлди. Мазкур мамлакатлар ҳудудлари билан вилоятларимиз ўртасида ҳамкорлик алоқалари кенгайиб бораётгани ва ўзининг амалий натижасини бераётгани ҳам айтиб ўтилди. Бундай конструктив муносабатлар бошқа қўшни давлатлар, жумладан, Қирғизистон ва Тожикистон билан ҳам изчиллик касб этмоқда.

Маърузачилар Марказий Осиё трансчегаравий дарёларининг сув ресурслари -халқларнинг умумий бойлиги ва мулки эканлигини, миллионлаб инсонлар тақдири, бутун минтақа барқарорлиги ва фаровонлиги шу билан чамбарчас боғлиқ эканлиги боис улардан оқилона ҳамда адолатли фойдаланиш зарурлигини алоҳида қайд этишди. 

Тадбирда, шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имижини янада яхшилаш бўйича амалий ишлар олиб борилаётганига урғу берилди. Ушбу йўналишда -хориждаги элчихоналаримиз ва дипломатик ваколатхоналар томонидан муайян чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ривожланган давлатларда кўргазмалар ташкил этилаяпти, мамлакатимиз ҳудудлари, маданий ва тарихий мероси ҳақида туркум телекўрсатувлар эфирга узатилаяпти, китоблар чоп этилмоқда. Бундан ташқари, юртимизда кечаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган Қонун, Фармон ва қарорлар ҳам мамлакатимизга халқаро миқёсда қизиқишнинг ортишига хизмат қилмоқда. Бу жараёнда оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, Халқаро пресс-клубнинг ўрни катта эканлиги айтиб ўтилди.

Очиқ мулоқотда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишди.

Қобил ХИДИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn