Чорраҳадаги камералар ҳушёрлик ва эҳтиёткорликка чақиради
  • 15 Апрель 2017

Чорраҳадаги камералар ҳушёрлик ва эҳтиёткорликка чақиради

Аввал хабар берилганидек, Тошкент шаҳридаги 115 та чорраҳага ўрнатилган видеокузатув мосламалари қайд этган қоидабузарликларга нисбатан шу йил 15 мартдан ҳайдовчиларни жаримага тортиш механизми синов тариқасида йўлга қўйилди. Мухбиримиз мазкур янгиликнинг аҳамияти ва дастлабки натижалар хусусида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош -бошқармаси бўлинма бошлиғи, подполковник Анвархўжа Сулаймонхўжаев билан суҳбатлашди.

— Бундан кўзланган асосий мақсад пойтахтимиз кўчаларини замонавий технология-лар билан таъминлаш, йўл ҳаракати қатнашчиларини йўл-транспорт ҳодисаларидан ҳимоя қилиш даражасини ошириш, турли қоидабузарликни автоматик тарзда аниқлаш, қайд этиш ва профилактика жараёнларини такомиллаштиришдан иборат бўлиб, бу борадаги илк натижалар кўзга ташланмоқда, — дея сўз бошлади суҳбатдошимиз. — Буни янги механизм ишга туширилган дастлабки кунлар билан ҳозирги пайтда аниқланган қоидабузарликларнинг қиёсий таҳлили мисолида ҳам кўриш мумкин.

Жумладан, биринчи кунда 8700 дан ортиқ қоидабузарлик қайд этилган бўлса, эртасига мазкур кўрсаткич 6400 дан зиёдни ташкил қилди. Ҳозирги кунга келиб, қоидабузарликлар кунига ўртача 1000 — 1500 тага тўғри келмоқда. Кўриниб турибдики, ҳайдовчиларнинг масъулияти ҳамда огоҳлиги сезиларли даражада ошган. Шу ўринда янги механизм ишга туширилган 15 мартдан 31 мартгача бўлган йўл-транспорт ҳодисалари сонини ҳам таҳлил қилиш ўринлидир. Эътиборли жиҳати, бу даврда йўл-транспорт ҳодисалари ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 32,5 фоиз камайган. Болалар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари 71,4, жароҳатланиш эса 77,8 фоизга камайишидан ташқари, улар ўлими билан боғлиқ ҳолатлар қайд этилмагани диққатга сазовордир.

— Компьютерлаштирилган тизимнинг қоидабузарликларни аниқлашдан ташқари яна қандай вазифалари бор?

— Тизим 10 таркибий қисмдан иборат бўлиб, уларнинг айримлари ҳақида кенгроқ тўхталиб ўтиш зарур. Аввало, у видеокузатув орқали чорраҳалардаги вазиятни масофадан туриб, тўғридан-тўғри назорат қилиш имконини беради. Яъни видеомаълумотлар ёзиб борилади ва архивга олинади. Шу билан бирга, йўл ҳаракатини бошқаради. Аниқ айтадиган бўлсак, чорраҳаларда транспортлар ҳаракатини оптимал тарзда, марказлаштирилган ҳолда бошқариш имкониятини яратади. 

Тизим чорраҳалардан ўтаётган автомобиллар давлат рақам белгиларини ўқиш, қайд этиш, улар бўйича маълумотлар базасини яратиш, қидирувдаги ёки ўғирланган ҳамда олиб қочилган автоуловларни топишга ҳам хизмат қилади. Фуқаролар билан тизим марказий диспетчерлик хизматидаги ходим ўртасида товушли алоқа ўрнатиш имкони ҳам бор. Зарур вазиятларда, ундан фойдаланган ҳолда, тезлик билан махсус хизматлар — тез тиббий ёрдам, ёнғин хавфсизлиги, ички ишлар органлари вакилларини чақириш мумкин бўлади. Тизимнинг яна бир муҳим жиҳати — у махсус қўриқлаш сигнализацияси билан жиҳозланган. Бу чорраҳалардаги барча жиҳозни турли таъсирлардан ҳимоялайди. Бундай ҳолатда сигнализация орқали марказий пультга хабар келиб тушади.

— Эндиги босқичда мазкур тизим билан боғлиқ яна қандай янгиликлар кутилмоқда?

— Ушбу тизимни республикамиз бўйича бир нечта босқичда жорий этиш кўзда тутилган бўлиб, дастлаб Тошкент шаҳридаги 115 та чорраҳада камералар ўрнатилган бўлса, кейинчалик чорраҳалар сони 400 тага етказилади. Қолаверса, мамлакатимиз ҳудудлари марказларида ҳам мазкур тизимни ҳаётга татбиқ этиш режалаштирилган. 

Ҳозирги пайтда белгиланган тезлик талабларини бузган ва светофорнинг тақиқловчи ишорасига бўйсунмаган ҳайдовчиларга жарима қўлланилаётган бўлса, кейинчалик жаримага тортиладиган қоидабузарликларнинг тури кўпайтирилиши ҳам кўзда тутилмоқда. 

— Табиийки, ушбу янгиликларнинг ҳаётга татбиқ қилиниши муносабати билан тегишли қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Шу хусусда ҳам тўхталсангиз.

— Аввало, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 2 та янги модда билан тўлдирилгани, 13 та моддага қўшимча ва ўзгартишлар киритилганлигини айтиш зарур. 

Янги 4171-моддага кўра, махсус автоматлаштирилган фото ва видео орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун шахсларнинг маъмурий жавобгарлиги белгиланди. 

3091-модда фото ва видео воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидабузарликларига нисбатан жарима солиш тартибини белгилайди. Жарима солиш тўғрисидаги қарорнинг кўчирма нусхаси фото ва видео қайд этиш техника воситаларидан олинган материалларни илова қилган ҳолда, қарор чиқарилгандан эътиборан, уч кун ичида буюртма почта жўнатмаси орқали ҳуқуқбузарга юборилади.

Мазкур Кодексга киритилган ўзгартишларга кўра, маъмурий жазо қўллаш муддатлари икки ойдан бир йилга узайтирилди. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун солинган жаримани ҳуқуқбузар жарима солиш тўғрисидаги қарор чиқарилган кундан бошлаб 60 кундан кечиктирмай тўлаши кераклиги ҳақидаги норма ҳам белгиланди. Бундай қарор хусусида шикоят берилган ёки протест билдирилган тақдирда, шикоят ёки протест қаноатлантирилмаганлиги тўғрисида хабар берилган кундан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмай тўланиши зарур бўлади.

Маълумки, илгари транспорт воситалари ҳайдовчилари белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 40 километрдан оширган ҳолатларда маъмурий иш ваколат доирасида кўриб чиқиш учун судларга юбориларди. Эндиликда бу турдаги ҳуқуқбузарлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг етти баравари миқдорида жарима солиниши баробарида, чора кўриш ваколати йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати мутасадди раҳбарларига берилди.

Умуман, йўл ҳаракати хавфсизлиги йўналишида амалга оширилаётган ушбу янгиликлар пировардида ҳаракат иштирокчилари, бошқача айтганда, юртдошларимизнинг соғлиғи ва мол-мулкини асраб-авайлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ суҳбатлашди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn