Ҳолва деган билан оғиз чучимайди
  • 15 Апрель 2017

Ҳолва деган билан оғиз чучимайди

Таниш бир фермер яқинда қўшниси билан жанжаллашиб қолгани ҳақида айтиб берди:

— Шундай одамлар борки, нуқул ҳаётдан нолигани нолиган. Доим “Олма пиш, оғзимга туш”, деб юради. Маҳалламиздаги Тошпўлат ўшалардан бири. У билан тузук -суҳбатлашиб ҳам бўлмайди. Яқинда қачонлардир автобусда юриш учун йўл ҳақи унақа, хўжалик совуни бунақа, жуда арзон бўлгани, бугунги нарх-наво осмон экани ҳақида норози бўлиб гапирди. Шунда чидай олмай жавоб қайтардим: “Ҳой, инсон, тагингда -“Ласетти”нг бўлса, уйингда замонавий кир ювиш машинаси бўлса, қўлингга юз минглаб, миллионлаб сўм пул тушса, уйинг, еринг бўлса, саёҳатларга борсанг, яна нима камлик қилаяпти сенга?!”

Кўпчилик шу каби сўзларни эшитган. Ўзбекистон истиқлол йилларида машаққатли йўлни ортда қолдирган, учраган қийинчиликларни енгган, ўзининг миллий тараққиёт стратегиясига асос солган, бозор иқтисодиётига ўтган бир пайтда ҳам ўз дунёқарашини, давлатга муносабатини ҳамон ўзгартирмаган, мамлакат тақдирида ўзининг ўрни, дахлдорлигини англамаган айрим фуқаролар учраётганидан ҳайрон қоласан, киши. 

Сир эмас, халқимиз ҳаётидаги янгиланишлар, ҳақиқатан ҳам, улкан бўлаяпти. Биргина хусусий мулкдан эмин-эркин фойдаланиш ҳуқуқини олайлик. Бугун аксарият ҳамюртларимиз ана шундай қулайликнинг аҳамиятини, истиқболини чуқур англаб етаяпти. Зеро, собиқ тузум пайтида бундай имкониятнинг йўқлиги туфайли одамлар на манфаатини ҳимоя қила олар, на бир моддий жиҳатдан мустақил бўла оларди. 

Бугун эса ўз касбу кори, бизнесига эга бўлиш меҳнат қилиш, ривожланиш, ўз устида тинимсиз ишлаш, такомиллашиш, яхши яшаш, ўз шахсий уйига, машинасига эга бўлиш сари рағбатлантираяпти.

Маълумки, табиатдаги жамики нарсалар майда заррачалар — атомлардан таркиб топган. Мазкур назария нуқтаи назаридан ёндашадиган бўлсак, тараққиёт сари интилаётган мустақил мамлакат ҳам бутун бошлиқ жамоадир. Эркин фикрлайдиган, ташаббускор, ўзига муносиб баҳо бера оладиган, масъулият ҳиссига эга шахслар бирлашмаси. Қувонарлиси, Ўзбекистон фуқароларининг аксарияти ана шундай фазилатлар соҳибидир. 

Сабаби, одамларимиз оддий ҳаётий ҳақиқатни теран тушунади: ташаббус билан ҳамоҳанглик касб этган меҳнат шахсий фаровонликка эришиш, шу билан бирга, она-Ватан равнақига ҳисса қўшишнинг энг афзал тамойилидир. Бунинг учун қаергадир атайин ортиқча пулларни дасталаб олиб бориш шарт эмас. Ўз вақтида солиқларни, коммунал тўловларни тўлаш, виждонан ишлаш кифоя. Тадбиркор бўлиш эса нур устига нур. Боиси, у жамиятга эҳтиёжманд маҳсулотлар ишлаб чиқаради, хизматлар тақдим этади, иш ўринлари яратади, хавфсизликни таъминлайди, болалар учун мактаблар қуради, одамлар малҳам топадиган шифохоналар бунёд этади. Бу ўзи учун ҳам, давлат учун ҳам, халқ учун ҳам фойдалидир. 

Бинобарин, юртимизда ишбилармонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга бўлган эътибор ҳар доимгидан ҳам кучайтирилмоқда. Сўнгги пайтларда қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, мазкур фаолият тури учун мисли кўрилмаган имтиёзлар берилгани, шаффоф ва жозибали бизнес муҳити барпо этилгани бунинг тасдиғидир. Энди ҳамма гап улардан унумли фойдаланишда қолди. 

Рамзий қилиб айтганда, бугун мўътадил об-ҳаво бор. Одамлардан талаб қилинаётгани эса ана шундай ҳар томонлама мақбул шароитда ўз кемасини ўзи тўғри йўналишга солиб, олға бошқаришдир. Яъни бизнес қилиш учун, хоҳ у кичик, хоҳ катта бўлсин, астойдил енг шимариб, тиниб-тинчимасдан, ғайрат билан, ҳафсала билан ҳаракат қилиш даври келди.

Президентимиз ҳам ҳудудларга ташрифи давомида давлатнинг молиявий қўллаб-қувватлаши асосида ана шу салоҳиятни кенг юзага чиқариш масаласига алоҳида тўхталиб ўтар экан, фуқароларни бу йўлда фидойи, жонкуяр бўлишга, хусусан, томорқа хўжалиги имкониятларидан тўлиқ фойдаланишга чақирмоқда. Шундагина мамлакатимизда ёрдамга муҳтож оилалар ҳам қолмайди.      

Қишлоқлардаги ана шундай сердаромад соҳалардан бири паррандачиликдир. Бунинг учун иқлимимиз ҳам жуда мос. Боз устига, озуқа муаммо эмас. Ҳар бир хонадонда хонаки паррандалар учун емиш топилади. 

...Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманидаги Маданият маҳалласида яшовчи Машҳура Тўлаганова томорқа хўжалигида даставвал ўнлаб товуқ ва куркаларни шунчаки қизиқишми ё ўзини синаб кўриш учунми, боқа бошлади. Ўз навбатида, бу борада тажрибали бўлган қўшнилари, фермерлардан мазкур иш сирларини ўрганиб борди. 

— Бугун юздан ортиқ товуқ, йигирмадан зиёд куркамиз бор, — дейди у. — Жониворларга дон-сув бериш, катакларини тозалашда фарзандларим энг яқин дастёрларимдир. Тўғри, куркаларимиз ҳам юзтадан кўп эди. Аммо янги йил арафасида уларни бозорга олиб чиқдик. Мижозлар талашиб-тортишиб харид қилишди. Қарабсизки, миллион сўмдан зиёд фойда кўрдик. Айни пайтда кунига 60 — 70 та тухум сотаяпмиз. Бу ҳам мўмай даромад деганидир.

Айни пайтда ишбилармон аёл фақатгина паррандачилик билан чекланиб қолгани йўқ. Ўн сотихдан ортиқ томорқасида йил бўйи пиёз, картошка, саримсоқпиёз, помидор, кўкатлар етиштирмоқда. Яқинда эса уйига банк ходимлари келиб, хўжалик фаолиятини кенгайтириш учун кредит таклиф қилишди. Машҳура опа бундан, албатта, фойдаланди. 

Бундай саъй-ҳаракатларнинг кенг қулоч ёйиши даромад қатори масъулиятни ҳам оширади. Зотан, бу нафақат қўшимча меҳнат, балки иш ўринлари яратиш, яқинлари ва қишлоқдошларига кўмак бериш ҳамдир. 

— Халқимиз паррандани етти хазинанинг бири, деб билади, — дейди Андижон вилоятининг Асака туманидаги “Барака ҳамкор парранда” хусусий корхонаси раҳбари Шуҳрат Алиев. — Бунга ўз фаолиятим давомида яна бир бор ишонч ҳосил қилдим. 2013 йилдан товуқ боқишга жиддий киришдим. Қарабсизки, икки йил ўтиб уларнинг сони 50 мингтадан ошиб кетди. Шунинг учун янада катта майдон керак бўлди. Туман ҳокимиятининг қўллаб-қувватлаши билан бўш ётган бинони ижарага олиб, таъмирладик ва жиҳозладик. Банк томонидан берилган 

150 миллион сўмлик кредит бунда қўл келди. Ўтган йили товуқлар сони 95 мингтага етди. Уни корхонамизнинг 11 нафар ишчиси парваришлади. Жорий йил январь ойида яна 300 миллион сўмлик кредит олдик. Унга яна 25 мингта жўжа сотиб оламиз, ўнлаб ишчилар ёллаймиз, хусусий инкубаторни кенгайтирамиз. Уларнинг бир қисмини эса атрофдаги хонадонларга бепул тарқатмоқчимиз.

Катта-кичик ишлаб чиқарувчилар қанча кўп бўлса, рақобат ҳам шунча юқоридир. Демак, шунга яраша маҳсулот танлови ортади, нарх-наво ҳам арзон бўлади. 

Яна қарангки, замонавий технологиялар ёрдамида хонаки паррандаларнинг етилиш даври табиий шароитдагидан фарқли равишда анча қисқараётир. 

— Жўжаларни бир ой боқамиз, — дейди Жиззах вилоятининг Зафаробод туманидаги “Зафаробод бройлер базаси” хусусий корхонаси раҳбари Фарҳод Аҳмедов. — Шу вақт ичида улар буюртмачилар билан келишилган оғирлик — 1,3 килограмм тош босадиган -бўлади.

Таъкидлаш жоизки, унга ўз фаолиятини бошлашда акаси яқиндан ёрдам берди. Банкдан олинган 200 миллион сўмлик кредит эвазига ана шу бизнес ташкил этилди. “Интилганга толе ёр”, деганларидек, бугун Ф. Аҳмедов ўз ишининг устасига айланди. У мазкур соҳанинг энг нозик жиҳатларини ипидан игнасигача билади, дон билан витамин қўшилмаларини қай нисбатда аралаштириш, маҳсулотни қадоқлаш сирларидан чуқур хабардор, 40 тонналик совиткични бошқаради, фермада ҳаво ҳарорати ҳамда намлигини сақлашнинг улкан тизимларини ўрнатиб, ишга тушира олади. Унинг айтишича, ҳар қандай ишни бошлаб уни якунига етказиш учун қийинчиликлардан қўрқмай, фақат ва фақат ўзига ишониб дадил ҳаракат қилиш керак.

Р. АЛИШЕРОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn