Унабининг фойдасини биласизми?
  • 15 Апрель 2017

Унабининг фойдасини биласизми?

Юртимизнинг мўътадил иқлими, саховатли замини қишлоқ хўжалигининг барча йўналиши, айниқса, боғдорчиликни ривожлантириш учун жуда қулай. Шу боис бугунги кунда ҳудудларнинг табиий имконияти ўрганилган ҳолда, янги боғлар барпо этиш орқали одамларнинг қўшимча даромад манбаини шакллантириш бўйича аниқ мақсадли чора-тадбирлар кўрилаяпти. Президентимизнинг жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида вилоятларга уюштираётган ташрифлари ушбу йўналишдаги ишлар кўламини янада кенгайтириб, янгича маъно-мазмун бағишламоқда. 

Давлатимиз раҳбари Хоразм вилоятига сафари чоғида қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассислари ва ходимлари, фермерларга унаби етиштиришни кўпайтириш бўйича зарур кўрсатмалар берди. 

Халқимиз тилида “чилонжийда” деб аталадиган ушбу наботот тури кони фойда. Мевасининг кўринишидан жийдани эслатса-да, ҳажми ҳамда хусусиятига кўра, ундан тубдан фарқ қилади. Шифобахшлиги туфайли халқ табобатида кенг фойдаланилади. Қон босимини тушириш, жигар, буйрак, астма ва турли тошмалар, йўтал ҳамда ичкетиш каби касалликларни даволашда яхши самара беради. Илмий манбаларда келтирилишича, ундаги рутин моддаси қон томирларини кенгайтириб, деворчаларини мустаҳкамлайди.

Мазкур дарахт жой танламайди. Қир-адирларда, унумдорлиги паст ерларда ҳам ўсаверади. Яна бир эътиборли жиҳати, қурғоқчиликка ниҳоятда чидамли. Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 24 августдаги фармойишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ҳар йили 50 минг туп унаби кўчати экилиши белгилаб берилган. 

Мамлакатимизда унабининг икки тури ўсади. Баландлиги 8 — 12 метргача етиб, 100 йилдан ортиқ ҳосил беради. Дастлабки пайтларда нисбатан камроқ мева тугса, 18 — 20-йилларда ҳар бир туп дарахтдан 40 — 45 килограммгача доривор мева териб олиш мумкин. Бошқача айтганда, ҳосилдорлик гектарига ўртача 

15 тоннани ташкил этади. Демак, очиқ майдондан олинадиган даромад бўйича унабига тенг келадиган мевали дарахт бўлмаса керак. 

Таъкидлаш лозимки, баҳорги об-ҳаво инжиқликларидан чилонжийда ҳосилининг ҳимояси тўлиқ “кафолатланган”. Негаки, юртимизда мевали дарахтларнинг аксарияти март-апрель ойларида гулласа, бу жараён унабида май — июль ойларига тўғри келади. Унинг сершира гуллари асаларилар озуқаси айни камайган пайтда шифобахш бол манбаига айланади. 

Дарҳақиқат, унаби таркибида қанд моддаси ниҳоятда кўп: 19-20 фоизни ташкил этади. Бу кўрсаткич юртимизда етиштирилган шакарқамиш ва қандлавлагиникидан анча юқори. Мевасини қуритиб олиш ҳамда шарбат, С витаминига бой қиём тайёрлаш орқали мўмай даромад кўриш мумкин. Жилоланувчи мустаҳкам ёғочи эса мебелсозликда қимматбаҳо хом ашёдир. 

Чилонжийда данагидан, қаламча ёки пайвандлаш йўли билан кўпайтирилади. Кейинги пайтда Ўрмон хўжалиги бош бошқармасига қарашли кўчатхоналарда уруғидан униб чиққан ниҳоллар август ойида йирик мевали навлар билан пайвандланиб, келгуси йили экиш учун тайёрланмоқда.

Дарахтни парваришлаш унчалик қийин эмас. Озгина эътиборли бўлиб, вақти-вақти билан суғорилса, йилда бир марта озиқлантирилса, кифоя. Меваси сентябрь ойида пишиб етилади. Унинг мевасидан ташқари, илдизи, барги ва пўстлоғи ҳам ўта фойдали. Уларнинг таркибида 4 — 9,5 фоизгача ошловчи модда бор. 

Ҳозирги пайтда республикамиздаги бир қанча фармацевтика корхоналарида унаби асосида дори воситалари, хусусан, унинг шакарсиз экстрактини тайёрлаш йўлга қўйилган. У, асосан, уйқу ва ақлий фаолиятни яхшилаш, асаб тизими касалликларининг олдини олишда, қон босими ошганда, тромблар ҳосил бўлиши хавфи кучайганда, веналар варикозида, юрак уриши мароми бузилганда, шунингдек, қаришнинг олдини олишда қўлланилади.

Шундай экан, унабининг кўпайтирилиши аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, уларга қўшимча даромад манбаини яратиш, пировардида иқтисодиётимиз ривожига хизмат қилади. 

И. ЭШМУРОДОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn