Асаларичилик баракаси
  • 15 Апрель 2017

Асаларичилик баракаси

Мутахассисларнинг фикрича, юртимиз иқлим шароити асал етиштириш учун жуда қулай. Шу боис мазкур тармоқ изчил ривожланиб бораётир. Ушбу фаолият турига ихтисослаштирилган хўжаликлар, тадбиркорлик субъектлари йилдан-йилга кўпайиб, муайян даромад олаётгани эътиборга молик.

Фарғона вилоятида ҳам мазкур жабҳада кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунда рўйхатга олинган асаларичилик хўжаликлари сони мингдан ошади. Улар томонидан 65 мингдан зиёд асалари оиласи парваришланаяпти. Қолаверса, вилоятнинг Фарғона туманида нафақат мамлакатимиз, балки Ўрта Осиё минтақасида алоҳида нуфузга эга асаларичилик ўқув-ишлаб чиқариш маркази фаолият кўрсатаётир. Муассаса илмий текшириш лабораторияси, тренинг заллари, ихтисослаштирилган кутубхона, электрон архив базасига эга.

— Бу ерда шифобахш неъмат етиштириш истагидаги ишбилармонлар учун амалий машғулотлар ўтказилаяпти, — дейди Фарғона вилояти асаларичилар уюшмаси раҳбари Шерали Суярқулов. — Шу мақсадда синфхоналаримизни энг илғор технологиялар, зарур жиҳозлар билан таъминлаганмиз. Тўғри, аввал ҳам бу соҳада “Устоз — шогирд” анъаналари бўлган. Бироқ бугунги бозор иқтисодиёти тадбиркорлардан янгиликка интилишни, замон билан ҳамқадам ва ҳамнафас бўлишни талаб қилади.  Айни сабабдан муассасамизда соҳага доир халқаро тажриба ҳамда амалиётлар жамланган ахборот-ресурс марказини ташкил этганмиз.

Ўтган йили фаолият бошлаган асаларичилик марказининг моддий-техника базаси ҳавас қиларли даражада. Умумий қиймати 3 миллиард сўмга тенг лойиҳа ижроси доирасида Германия, Россия ва Хитой давлатларидан келтирилган ўқув қўлланмалари, ишлаб чиқариш дастгоҳлари бу ерда сабоқ олаётганларга қўшимча қулайлик туғдираяпти. Асални қайта ишлаш ва қадоқлашга мўлжалланган технология эса Польшадан олиб келинган. Қисқа муддатда муассасада асбоб-ускуна ҳамда асалари уялари ишлаб чиқариш цехи ҳам барпо этилди. Унда 

30 га яқин маҳаллий мутахассис иш билан банд. Янги тикув цехида тайёрланаётган импорт ўрнини босувчи юз ниқоблари, махсус костюмлар ва бошқа жиҳозлар буюртмачилар эътиборига тушган.

Марказнинг наслчилик лабораториясидамиз. Хориждан келтирилган зотдор асал-арилар парвариши жараёни билан танишганимизда, уларни маҳаллий шароитга мослаштириш осон кечмаётганига гувоҳ бўлдик. Шунга қарамай, интилиш ва изланишлар ўз натижасини бермоқда. Айни пайтда самарали усулда кўпайтирилаётган бу турдаги боларилар вилоят фермерларига буюртма асосида етказилаётир. Келгусида экспортга чиқариш ҳам кўзда тутилган. Бинобарин, марказга қарашли 2 гектар тажриба майдонига экилган нектарга бой дарахт ҳамда ўсимликлар митти жонзотлар учун  -чинакам озуқа манбаидир.

— Ана шу боғимизда мева етиштиришда чанглатиш усулининг нечоғли самарали эканлигини илмий жиҳатдан асослашга эришдик, — дейди муассаса мутахассиси Адҳамжон Мўйдинов. — Шундан сўнг фермерлардан мурожаатлар кўпайди. Улар ҳосилдорликни оширишда асаларилардан фойдаланишни афзал, деб билишмоқда.

Ўқув маркази биноси тумандаги Фарғона технология касб-ҳунар коллежи билан ёнма-ён жойлашган. Бу эса ҳар икки муассаса учун ҳам манфаатли. Гап шундаки, ўрта махсус таълим муассасасида асаларичилик йўналиши бўйича мутахассислар тайёрланади. Коллеж ўқувчилари эса, ўз навбатида, амалиёт машғулотларини марказда ўтайдилар. Яна бир муҳим жиҳати, улар келгусида шу ерда фаолият бошлашлари ҳам мумкин.

Соҳа вакилларининг ҳисоб-китобларига кўра, марказ ташкил қилиниши билан йилига 200 дан зиёд иш ўринларини яратиш имконияти юзага келди. Шунингдек, шифобахш неъматни чет элликлар дастурхонига тортиқ этиш орқали ҳудуд экспорт салоҳияти янада юксалади.

Элёржон ЭҲСОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn