Халқ манфаатларига хизмат қилиш — олий саодат
  • 12 Апрель 2017

Халқ манфаатларига хизмат қилиш — олий саодат

Тинч ва осойишта ҳаёт кечиришимизда ички ишлар органларининг ҳам салмоқли ҳиссаси бор. Шу боис истиқлол йилларида бу соҳада кенг кўламли ислоҳотлар рўёбга чиқарилиб, муайян натижалар қўлга киритилди. Шунга қарамай, тизимда ҳали амалга оширилиши зарур бўлган ишлар, таъбир жоиз бўлса, ечимини кутаётган муаммолар талайгина.

Президентимизнинг кеча матбуотда эълон қилинган “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ана шу камчиликларни бартараф этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Айни чоғда мазкур ҳужжатнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти кенг жамоатчилик вакиллари томонидан чуқур ўрганилмоқда.

 

Илҳом ТУРҒУНОВ, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бошқармаси бошлиғи:

— Ўтган йиллар мобайнида ички ишлар органларини халқ, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қиладиган тузилмага айлантиришга қаратилган салмоқли ишлар рўёбга чиқарилди. Бу борада, шубҳасиз, соҳанинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилгани муҳим аҳамият касб этмоқда.  Хусусан, 2016 йили ички ишлар органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосини янада мустаҳкамлаш, уларнинг вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини қонун даражасида белгилаш, ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш мақсадида “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонун қабул қилингани мисолида ҳам буни кўриш мумкин. 

Мазкур Қонун талабларини амалиётга жорий этиш ва фуқароларнинг ички ишлар органлари фаолиятига доир мурожаатларини ўрганиш бўйича ўз ечимини кутаётган қатор муаммолар борлиги Фармонда кўрсатиб ўтилдики, бу тизим ходимларини ўз вазифаларини янада масъулият билан бажаришга ундайди, десак, айни ҳақиқатдир.

Фармонда ана шу каби муаммо ва камчиликларни ҳал этиш учун ички ишлар органлари тизимини ислоҳ қилишнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Жумладан, тизимни аҳолига сифатли ёрдам кўрсатадиган ижтимоий йўналтирилган профессионал хизматга айлантириш, “Халқ манфаатларига хизмат қилиш” ҳар бир ходимнинг асосий вазифаси бўлиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Бундан ташқари, аҳоли билан доимий манзилли мулоқот ўрнатиш, ички ишлар органлари раҳбарларининг ҳокимият вакиллик органи тимсолида халқ олдида ҳисобот беришини йўлга қўйиш, ички ишлар органларининг моддий-техника базасини янада яхшилаш каби вазифалар ҳам белгиланган бўлиб, уларнинг изчил амалга оширилиши тизим фаолиятини такомиллаштиришда долзарб аҳамият касб этади.

 

Акмал РАҲМОНОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик  палатаси Мудофаа ва  хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари:

— Фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жамоат тартибини сақлаш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, жиноятлар ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда профилактикаси йўналишларида бир қатор қонун ҳужжатлари — “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”, “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонунлар ҳуқуқий кафолат бўлиб хизмат қилмоқда. Яқинда кучга кирган “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонун шу йўналишдаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида тизим фаолиятининг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлади.

Давлатимиз раҳбари Фармони улкан ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга ҳужжат сифатида ички ишлар органлари фаолиятини замон талабларига ҳамоҳанг тарзда такомиллаштиришда ҳуқуқий пойдевор вазифасини ўтайди.

Айни пайтда унда чуқур таҳлиллар асосида мавжуд жиддий камчилик ва муаммолар, уларнинг келиб чиқиш сабаби ҳамда салбий оқибатларини бартараф қилиш, бугунги кун нуқтаи назаридан ички ишлар органларининг янада масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари қамраб олинган. Хусусан, республика, вилоят ва туман даражасидаги бўлинмалар ўртасида -асосий вазифа ҳамда функцияларни қайта тақсимлаш, ички ишлар органларининг иш ҳажмига мос равишда ташкилий-штат тузилмасини кўриб чиқиш назарда тутилган.

Бунда, авваламбор, аҳоли билан бевосита мулоқот ўрнатиш, фуқаролик жамияти институтлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали тизим иш фаолиятининг самарадорлигига эришиш талаби белгиланган бўлиб, бу бугунги -тараққиётимизнинг асосий йўналишларини ва бошқа ҳаётий муҳим вазифаларни ифода этади. 

 

Ойбек ТУРҒУНОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси:

— Халқ билан самарали мулоқотни изчил йўлга қўйиш, инсон манфаатлари устуворлигини кафолатловчи қонунлар, давлат дастурлари ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси устидан парламент ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш орқали турли соҳаларда кузатилаётган муаммо ва камчиликларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг мазкур Фармони ушбу йўлда навбатдаги муҳим қадам бўлди.

Унда ички ишлар органларининг фаолиятида қонунийликни таъминлаш бўйича жамоатчилик, парламент ва депутатлик назоратининг самарали механизмларини жорий этиш мазкур тизимни ислоҳ қилишнинг энг муҳим йўналишларидан бири сифатида келтирилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан бир йилда икки марта Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси ҳолати тўғрисидаги ҳисоботи эшитилиши, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ҳар чоракда тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар, вилоятлар, шунингдек, туман (шаҳар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари) бошлиқлари ҳамда ҳар ойда уларнинг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари ҳисобот беришлари соҳада  парламент назоратининг роли ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади. 

Тизим мансабдор шахсларининг ҳисоботлари эшитилаётганда улар зиммасига юклатилган вазифалар бажарилиши бўйича кўрилаётган чоралар ҳамда натижалар танқидий муҳокама этилиши, улар эгаллаб турган лавозимига лойиқ ёки нолойиқлиги ҳақида тавсиялар қабул қилиниши ҳам эътиборга молик жиҳатдир.

 

Даврон ЎРИНОВ, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тошкент олий ҳарбий-техника билим юрти бўлим бошлиғи, подполковник:

— Давлатимиз раҳбари Фармонида ички ишлар органлари мансабдор шахслари ҳамда профилактика инспекторларининг аҳоли билан мунтазам учрашувлар ўтказмаётгани ва жамоатчилик билан ҳамкорлик қилмаётгани танқид қилинган. Бу жойларда профилактика ишларида жиддий камчиликлар юзага келишига сабаб бўлмоқда.

Соҳадаги мавжуд камчилик ва муаммолар сабабларидан бири сифатида кадрлар билан ишлаш, уларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими қониқарли эмаслиги ҳам алоҳида кўрсатиб ўтилган. Шундан келиб чиқиб,  билимли, ўз ишига содиқ ва масъулият билан ёндашадиган, ҳуқуқ-тартибот ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни ўзининг муқаддас бурчи ҳамда асосий мажбурияти деб биладиган кадрларни жалб қилиш бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамиятга эга.

Шу мақсадда сержантлар таркибини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказлари, Тошкент олий ҳарбий-техника билим юрти ва Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактаби янги талаблар асосида фаолият юритадиган ички ишлар органлари ходимларини бошланғич тайёрлаш ва малакасини ошириш марказлари, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Ҳарбий-техника ва Ёнғин хавфсизлиги институтларига айлантирилади.

Фармонда кўзда тутилган шу ва бошқа вазифалар пировардида ички ишлар органлари бугунги кун талаблари даражасида фаолият юритиши учун замин яратади.

«Халқ сўзи» мухбирлари

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,

Фарида МАҲКАМОВА

ёзиб олди.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn