Туризм соҳаси тараққиётида янги босқич
  • 12 Апрель 2017

Туризм соҳаси тараққиётида янги босқич

Бугунги глобаллашув жараёни, халқаро ахборот ва транспорт тизимининг такомиллашуви туризм соҳаси ривожига ҳам таъсир кўрсатиб, уни етакчи тармоқлардан бирига айлантирди. Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг маълумотларига кўра, дунё ялпи ички маҳсулотининг 10 фоизидан кўпроғи, жаҳон экспортининг 7 фоиздан зиёдроғи, умумий бандлик кўрсаткичининг эса 8 фоизга яқини ушбу соҳа ҳиссасига тўғри келмоқда.

Буюк Ипак йўлининг марказида жойлашган, бой тарихий ҳамда маданий ўтмишга эга юртимизда мазкур йўналишни жадал юксалтириш учун улкан салоҳият ва имкониятлар мавжуд. Бинобарин, муқаддас қадамжолар, ноёб меъморий обидалар ҳамда файзли гўшаларимиз дунё аҳлини ўзига мафтун этмоқда. Албатта, бунда мамлакатимиздаги тинчлик ва барқарорлик, ўзаро меҳр-оқибат ҳамда ҳамжиҳатлик муҳити, шунингдек, замонавий меҳмонхоналар ва дам олиш масканлари ташкил қилиниб, уларда сифатли хизмат турлари йўлга қўйилгани ҳам муҳим омил бўлмоқда.

Ўзбекистон сайёҳлик кўлами ҳамда тарихий қадамжолар кўплиги бўйича етакчи ўн мамлакат қаторида туради. Ҳозирги кунда юртимизда турли даврлар ва цивилизацияларга оид 7 мингдан ортиқ ёдгорликлар бор. Уларнинг ҳар бири ўзига хос маҳобати ҳамда улуғворлиги билан ажралиб туради.

Хусусан, Самарқанд вилоятидаги Регистон мажмуаси, Улуғбек расадхонаси, Бухоро вилоятининг кўҳна Арк қалъаси, Сомонийлар мақбараси, Хоразм вилоятидаги Ичан-қалъа, Қаршининг Одина, Кўкгумбаз обидалари, Шаҳрисабзнинг Оқсарой маданий ёдгорлиги, Қўқон ўрдаси каби қатор мажмуалар сайёҳларнинг диққат-эътиборини жалб этмоқда.

Аммо бу имкониятлар ва ресурслардан тўлиқ фойдалана олмаяпмиз. Чунончи, 2015 йилда Ўзбекистон Республикаси туризм тармоғининг ЯИМдаги улуши (туризм тармоғининг миллий иқтисодиётга бевосита ва билвосита таъсирини инобатга олган ҳолда) 3 фоизни ташкил этди. Ушбу кўрсаткич нисбатан пастдир.  Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони миллий иқтисодиётимизни таркибий ўзгартириш ҳамда диверсификация қилишни чуқурлаштириш, бандликни таъминлаш, аҳолининг даромадлари ва ҳаёт сифатини оширишнинг муҳим воситаларидан бири сифатида туризм соҳасини жадал ривожлантиришга қаратилган тарихий аҳамиятга эга ҳужжат ҳисобланади.

Фармонда туризм соҳасида давлат сиёсатининг сифат жиҳатидан янги босқичга ўтишини таъминлаш ҳамда ушбу тармоқни тубдан ислоҳ қилиш бўйича чора-тадбирлар, мақсадли вазифалар ва устувор йўналишлар белгиланган. 

Бугунги кунда халқаро миқёсда, қолаверса, ҳар бир давлатда ҳамда алоҳида ҳудудларда туризмни ташкил  этишнинг энг асосий омилларидан бири — сайёҳларнинг саломатлиги ва ҳаёти хавфсизлигининг таъминланганлиги саналади. Мазкур ҳужжатда шу каби жиҳатлар алоҳида инобатга олинган. Жумладан, “туристлар жойлаштириладиган жойларда, овқатланиш пунктларида, республика ҳудуди бўйлаб ҳаракатланишда, туризм объектларига ташрифларни уюштиришда туристлар ва экскурсантларнинг ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш” вазифаси мамлакатимизда туризм соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланган. 

Ўзбекистон ҳудудида унинг бой тарихий, миллий ва маданий ўтмишини, нодир археологик топилмалар ва палеонтологик қолдиқларини ўзида мужассам этган тарихий-маданий ёдгорликларни ҳамда ноёб ўсимликлари ва ҳайвонот дунёсини ўзида мужассам этган жозибадор табиий масканларини қамраб олган 7000 дан ортиқ туристик манзиллар  мавжуд. Улардан 140 га яқини ЮНЕСКО рўйхатига киритилиб, алоҳида муҳофазага олинган. Ресурслар кўлами, яъни қулай табиий-иқлимий шароитлар, тарихий-маданий мерос, шунингдек, ер ости ва усти гидрологик сув ресурслари, шифобахш булоқлар, гўзал манзаралар, ям-яшил ўрмонзорлар ҳамда минг йиллик дарахтлар, машҳур ғорлар, шаршаралар, ноёб табиат ёдгорликлари, ажойиб кўллар, қўриқхоналарда намоён бўлувчи табиий масканлар мамлакатимизда туризмнинг зиёрат қилиш, экологик, маърифий, этнографик, гастрономик, спорт, даволаш-соғломлаштириш, қишлоқ, саноат, ишбилармонликка оид ва бошқа бир қатор турларини ривожлантириш имконини беради.

Мазкур ҳужжат асосида юқорида кўрсатиб ўтилган мақсадли вазифалар ҳамда устувор йўналишларни ташкил қилиш ва мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташкил этилди. Ушбу қўмитанинг фаолияти, энг аввало, назорат ва маъмуриятчилик вазифаларини амалга оширишга эмас, балки туризм соҳасидаги тадбиркорлик фаоллигини кучайтиришга кўмаклашиш, туризмни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган барча ғов ва тўсиқни бартараф этиш ҳамда туризм хизматлари бозорида рақобатни ривожлантиришга йўналтирилади. 

Шунингдек, Фармонда туризмга оид расмиятчиликни, хусусан, туризм соҳасида лицензия бериш, сертификатлаштириш ва бир қатор бошқа тартиботларни такомиллаштиришнинг янги механизмлари белгилаб қўйилди. Жумладан, 2017 йилнинг 1 январидан туризм фаолиятига лицензия бериш вазифаси Вазирлар Маҳкамасидан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига ўтказилди. Бунда меҳмонхоналар ва одамлар яшайдиган бошқа жойларнинг лицензия олишлари тўғрисидаги талаб бекор қилинади, туризм фаолияти билан боғлиқ бўлган субъектлар — меҳмонхоналар, мотеллар, кемпинглар ва жойлаштиришнинг шу каби воситалари томонидан кўрсатиладиган туризм хизматлари мажбурий сертификатланади. 

Ҳозирги пайтда юртимизда 500 дан ортиқ меҳмонхона, мотель ва кемпинглар сайёҳларга халқаро стандартлар бўйича хизмат кўрсатмоқда. Ўтган даврда Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Урганч, Фарғона ва Навоий шаҳарлари аэропортлари модернизация қилинди ва бугунги кунда Ўзбекистонда 11 халқаро аэропорт фаолият юритмоқда. Миллий авиакомпаниямиз замонавий “Эйрбас” ва “Боинг” авиалайнерлари билан таъминланган. Тошкент — Самарқанд — Тошкент, Тошкент — Қарши — Тошкент, Тошкент — Бухоро — Тошкент йўналишлари бўйлаб Испаниянинг “Тальго” компаниясида ишлаб чиқарилган, юқори тезликда ҳаракатланадиган замонавий электропоездларнинг қатнови йўлга қўйилган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, айнан “Афросиёб” поезди ҳаракатлана бошлаганидан буён юртимизда чет эллик сайёҳлар сони сезиларли даражада кўпайди. 

Шу билан бир қаторда, аэропортлар, вокзаллар ҳамда давлат чегараси орқали бошқа ўтиш пунктларида хизмат кўрсатиш сифати ва савиясини тубдан ошириш хорижий туристларнинг мамлакатга келишларида қулай шарт-шароитлар яратилишининг муҳим омили ҳисобланади. 

Мамлакатимизда туризм тармоғи учун кадрларни тайёрлашдаги ижобий силжишларга қарамай, ушбу соҳада юқори малакали кадрлар етишмовчилиги кузатилмоқда. Шунингдек, мутахассисларнинг баҳолашларича, сайёҳлик ташкилотларининг айрим ходимлари соҳага оид таянч маълумотга эга эмас. Бу эса жабҳада амалий кўникмаларга эга бўлган юқори малакали мутахассислар тайёрлаш масаласи ҳам кўнгилдагидек эмаслигини кўрсатади. Юқорида қайд этилган Фармон эса бу борадаги вазифаларни ҳам танқидий таҳлил руҳида қайтадан кўриб чиқишни тақозо қилади.

Булардан кўзланган мақсад, дунё тамаддуни бешикларидан бўлмиш  Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасининг янада жозибадор қиёфа касб этишини таъминлашдир. Зеро, соҳани тубдан ислоҳ қилишга оид чора-тадбирлар мамлакатимизни жаҳон туризм марказларидан бирига айлантиришга қаратилгани билан янада аҳамиятлидир.

М. БОЛТАБАЕВ,

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ректори,

иқтисод фанлари доктори, профессор.

Шомурот ШАРАПОВ ва

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn