Самарали мулоқот ва масъулият
  • 12 Апрель 2017

Самарали мулоқот ва масъулият

Мамлакатимизнинг барча туман ва шаҳарларида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви томонидан “Мулоқот маданияти — оилалар билан самарали иш олиб боришнинг муҳим омили” мавзуида семинарлар ўтказилди. Уларда фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари қатнашди.

Нукусда бўлиб ўтган ана шундай тадбирда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилининг асосий мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, давлат органларининг фуқаролар билан муносабатлари юзасидан ёндашувни тубдан қайта кўриб чиқиш, бу борада аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизм ва самарали усулларини жорий қилиш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Бу эса барча давлат ва жамоат ташкилотлари, шу жумладан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида фаолият юритаётган ҳар бир ходимдан, хусусан, фуқаролар йиғинлари диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиларидан -юксак билим ва масъулият талаб этади.

— Тадбирда оилалар билан иш олиб боришда маслаҳатчининг мулоқот маданияти, бу борадаги илғор тажрибалар бўйича кенг маълумотлар берилди, — дейди Нукус шаҳридаги “Ойдин йўл” маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Амангул Балтаева. — Албатта, бу ерда олган билимларимиз бундан кейинги фаолиятимизда қўл келади. 

Жиззахда ўтказилган семинарда Жиззах шаҳри ва Зарбдор туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинларининг 45 нафар маслаҳатчиси малака оширди.

— Жойларда аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, мавжуд муаммолар ва одамлар фикрини ўрганиш асосида оилалар фаровонлигини таъминлаш маслаҳатчилар зиммасига катта масъулият юклайди, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Жиззах шаҳар бўлинмаси раиси Илҳом Мўминов. — Улар бу ерда оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, турмуш шароитини яхшилаш, фуқаролар муаммоларини жойида ҳал этишда намунали маҳаллаларнинг илғор иш тажрибаси билан таништирилди.

Шаҳрисабзда уюштирилган тадбирда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари олдида турган вазифалар батафсил таҳлил қилинди. Маҳалла аҳли билан доимий мулоқотда бўлиш, оилалар ижтимоий-маънавий ҳолати, мавжуд муаммолари, фуқароларнинг қонуний талаб ва эҳтиёжлари, ўй-фикрлари, ташаббусларини доимий тарзда ўрганиб бориш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

— Оилалар билан ишлаш, хонадонларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш асосий вазифаларимиздандир, — дейди Шаҳрисабз туманидаги “Мираки” фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Зулфия Аллаева. — Семинарда бу борада аҳоли билан қандай иш олиб бориш, ўзаро муносабатларда мулоқот маданиятига риоя қилиш, мавжуд муаммоларни ўрганиш ва уларни ҳал этиш юзасидан зарур тавсиялар берилдики, бу биз учун жуда фойдали бўлди. Шунингдек, оилалар билан тизимли иш олиб бориш бўйича амалий кўникмага ҳам эга бўлдик. 

Термиз шаҳрида ташкил этилган ана шундай тадбирда иштирокчиларга мавзу юзасидан тайёрланган тарқатма материаллар берилди, тақдимот ва кўргазмали тарғибот воситалари намойиш қилинди. 

— Анжумандан кўзланган мақсад маслаҳатчиларнинг фуқаролар билан мулоқот жараёнидаги ташкилотчилиги ҳамда масъулиятини кучайтиришдан иборат, — дейди Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Мавлуда Қобулова. — Фуқаролар бирор муаммога дуч келганида дастлаб маҳаллага мурожаат қилади, ундан ёрдам кутади. Шундай пайтда муаммони ҳал қилиш чорасини топиш маҳалла маслаҳатчисидан ҳаётий тажрибадан ташқари, зарур билим ва малакани ҳам талаб этади. Семинарда кўпроқ ана шу жиҳатларга эътибор қаратилди. Айни чоғда маслаҳатчиларнинг ҳуқуқлари хусусида ҳам кенг тушунчалар берилди. 

«Халқ сўзи» мухбирлари 

материаллари асосида тайёрланди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn