Армияда тавсиянома олганларга имтиёз бериш тизими ўзгарди
  • 12 Апрель 2017

Армияда тавсиянома олганларга имтиёз бериш тизими ўзгарди

Қуролли Қучларимиз сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тегишли тавсияномасини олган фуқароларга олий ўқув юртларига ўқишга киришда жорий этилган имтиёзлар тизими ўзгаргани билан боғлиқ хабар шу кунларда юртдошларимиз, айниқса, ёшларимизда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Хўш, бу борадаги асосий янгилик нимадан иборат? Ушбу савол билан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига мурожаат қилдик. Вазирликнинг масъул офицери, подполковник Тимур НАРЗУЛЛАЕВ бу ҳақда қуйидагиларни гапириб берди:

— Президентимиз, Қуролли Кучларимиз Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига йўллаган байрам табригида мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини ошириш йўлида ўтган давр мобайнида ҳаётга татбиқ этилган ислоҳотлар хусусида тўхталиб, жумладан, “...муддатли ҳарбий хизмат бир йил этиб белгиланди, ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий-маиший шароитлари, озиқ-овқат таъминоти тубдан яхшиланди. Муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, резервга бўшатилган ёшларнинг ишга жойлашиши ва олий ўқув юртларига ўқишга кириши билан боғлиқ имтиёзлар тизими белгиланди. Буларнинг барчаси ҳарбий жамоаларда соғлом маънавий-ахлоқий муҳит шаклланиб, ёшлар ўртасида ҳарбий хизматнинг нуфузи кескин ошишида муҳим омил бўлди”, дея алоҳида таъкидлади.

Дарҳақиқат, ислоҳотлар самараси туфайли бугунги кунда миллий армиямиз минг-минглаб ўғлонларимиз учун чинакам мардлик, фидойилик, ҳақиқий ватанпарварлик мактабига айланди. Бу ҳақиқатни юртимиздаги барча ота-оналар, бутун -халқимиз ғурур билан, миннатдорлик билан эътироф этмоқда.

Президентимиз, ўз навбатида, миллий армиямизни янада ривожлантириш ва такомиллаштириш борасида пухта ўйланган ҳамда изчил ҳаракатларни давом эттириш бўйича муҳим устувор вазифаларни ҳам белгилаб берди. Улардан бири ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган бўлиб, шу асосда аниқ чора-тадбирлар кўрилмоқда. Қолаверса, миллий армиямизда ўз бурчини ўтаб қайтганларни қўллаб-қувватлаш, ҳаётда муносиб ўрнини топишига кўмаклашишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 4 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 31 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қарори бунинг яққол тасдиғидир.

Маълумки, мамлакатимизда ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномасини бериш тизими 2005 йилдан жорий этилган эди. Ўшанда тавсиянома олган фуқароларга мамлакатимиз олий ўқув юртларига ўқишга киришда тест синовларида тўпланадиган энг кўп баллнинг 25 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёз тақдим қилинарди. 2012 йилда ушбу тизимга ўзгартиш киритилиб, имтиёз 27 фоиз этиб белгиланди. 2016 йилгача юртимиздаги жуда кўп ёшлар ушбу имкониятдан унумли фойдаланиб, олий ўқув юртлари талабаси бўлишди.

Таъкидлаш жоизки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг юқорида номи келтирилган қарорида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тест синовларига тайёргарлик кўрган, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тегишли тавсияномасига эга бўлган абитуриентларнинг саъй-ҳаракатларини рағбатлантириш кўзда тутилган. Унга мувофиқ, 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тегишли тавсияномасига эга бўлган фуқароларга мамлакатимиздаги барча олий таълим муассасасига ўқишга киришда тест синовларида ўзлари тўплаган баллнинг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл тақдим этилади. 

Албатта, бу, ўз навбатида, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномасига эга бўлган ёшлардан хотиржамликка берилмасдан, тест синовларига астойдил тайёргарлик кўришни талаб этади. Чунки қанча кўп балл тўпланса, имтиёз асосида шунча кўп балл қўшилиши мумкин. Агар кам балл тўпланса, аксинча.     

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 31 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг бошқа бандлари ўзгаришсиз қолдирилди. 

Яъни имтиёз ёрдамида синовдан муваффақиятли ўта олмаган абитуриентлар мамлакатимиздаги бошқа олий ўқув юртларига қабул қилиш тўғрисида ариза билан мурожаат этишса, у тест синовлари тугаганидан кейин 10 кун мобайнида Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан кўриб чиқилади. Бунда абитуриент танлаган бошқа олий ўқув юртларига қабул қилиш тасдиқланган умумий қабул квотаси доирасида, имтиёзлар бўйича белгиланган қўшимча баллни ҳисобга олган ҳолда, фанлар бўйича топширилган тест синовлари фанлар тўплами (блоки) ва абитуриент томонидан тўпланган балларга мувофиқ, таълим йўналишлари бўйича Давлат комиссиясининг қарорига биноан амалга оширилади. 

Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори ёшларда Қуролли Кучларимиз сафларида хизмат бурчини шараф билан ўташ, армия мактабида нафақат жисмоний жиҳатдан етук бўлиш, балки пухта билим олишга иштиёқни кучайтиришга хизмат қилиши шубҳасиздир.

«Халқ сўзи» мухбири 

Шавкат ОРТИҚОВ

ёзиб олди.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn