Хусусий сектор ҳиссаси
  • 12 Апрель 2017

Хусусий сектор ҳиссаси

Жорий йилнинг март ойида АҚШ хусусий секторида иш ўринлари сони 263 мингтага кўпайди, дейилади “Евроньюс” телеканали хабарида.

Бу 2014 йилнинг декабрь ойидан буён қайд этилган энг яхши кўрсаткич бўлиб, аввалроқ таҳлилчилар қилган тахминдан ҳам сезиларли даражада юқоридир. Янги иш жойларининг асосий қисми — 181 мингтаси хизмат кўрсатиш соҳасида очилган.

Автомобиллар қайтариб олинади

Жанубий Кореянинг “Hyundai Motor” ва “Kia Motors” компаниялари маҳаллий бозорда сотилган 170 мингдан ортиқ автомобиллари двигателларида нуқсон аниқлангани туфайли уларни қайтариб олишини маълум қилди.

Муаммо 2013 йилнинг август ойигача “Hyundai Grandeur”, “Hyundai Sonatа”, “K7”, “K5”, “Kia Sportage” моделларига ўрнатилган икки хил русумдаги моторлар билан боғлиқ. Ўз навбатида, худди шундай двигателларга эга 1,3 миллионта автоулов АҚШ бозорига етказиб берилган. Ишлаб чиқарувчилар мазкур давлат билан ҳам маҳсулотларни қайтариш юзасидан музокара олиб бормоқда.

Бўлимини сотмоқчи

Япониянинг “Toshiba” корпорацияси телевизорлар ишлаб чиқариш бўлимини сотиш ҳаракатида.

Бу ҳақда маҳаллий “Киодо” агентлиги хабар тарқатди. Корпорация ушбу масалани 2018 йилнинг март ойи охиригача ҳал этиш ниятида. Қиймати бир неча юз миллион АҚШ долларига тенг бўлган бўлимни Хитой ва Туркия компаниялари харид қилиши мумкинлиги айтилмоқда.

“Toshiba” Кунчиқар юртдаги илк рангли телевизорини 1960 йилда ишлаб чиқарган. Кейинги пайтларда мазкур бизнесига оид кўрсаткичлар фақат салбий томонга ўзгармоқда. Масалан, ўтган йилнинг апрель — сентябрь ойларида телевизорлар сотишдан олган даромади 2015 йилдагига нисбатан 42 фоиз камайган.

Зилзила содир бўлди

Филиппинда 5,6 магнитудадан 6,1 магнитудагача бўлган кучланишдаги зилзила юз берди.

Табиат ҳодисаси Катарман шаҳридан 98 километр Шимоли-Шарқда кузатилган. Унинг маркази 8 километр чуқурликда қайд этилган. Вайроналар ва жабрланганлар ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.

Мезбонликка даъвогар

АҚШ, Канада ва Мексика давлатлари футбол бўйича 2026 йилги жаҳон чемпионатига биргаликда мезбонлик қилмоқчи.

Шимолий ва Марказий Америка ҳамда Кариб ҳавзаси футбол конфедерацияси (КОНКАКАФ)нинг 

8 апрель куни бўлиб ўтган конгрессида шу ҳақда қарор қабул қилинган. Улардан ташқари, мундиални ўтказиш учун Англия, Қозоғистон, Колумбия, Туркия ва Озарбайжон, Австралия ҳамда Янги Зеландия (номлари келтирилган сўнгги тўрт мамлакатнинг ҳар иккиси биргаликда мезбонлик қилиш истагида) даъвогар бўлиб турибди.

2026 йилги жаҳон чемпионатида тарихда илк бор 48 терма жамоа қатнашади. Унинг мезбони номи 2020 йилнинг май ойида эълон қилинади.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn