Юксалишнинг янги уфқлари
  • 01 Май 2014

Юксалишнинг янги уфқлари

Истиқлол йилларида мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш, транспорт йўлакларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тармоқда йирик инвестиция дастурлари доирасида кўплаб лойиҳалар рўёбга чиқарилаяпти.

Ҳозирги кунгача “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси томонидан электрлаштирилган линияларнинг умумий узунлиги 1500 километрдан ошгани ана шундан далолат беради. Ушбу жараён бугунги кунда ҳам изчил давом эттирилаётгани диққатга сазовор. Хусусан, “Мароқанд — Қарши” ҳамда “Қарши — Термиз” участкаларидаги йўллар замон талаблари даражасида электрлаштирилмоқда.  Бошқача айтганда, Президентимизнинг 2013 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида алоҳида таъкидланганидек, йўл-транспорт ва коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш ҳамда технологик жиҳатдан модернизациялаш бўйича фаол инвестиция сиёсати муваффақиятли амалга оширилаяпти.

Маълумки, узунлиги 140 километр бўлган “Мароқанд — Қарши” участкасини электрлаштириш ишлари бундан икки йил аввал бошланган эди. Осиё тараққиёт банкининг имтиёзли кредити ва компания маблағлари ҳисобидан ҳаётга татбиқ этилаётган бу лойиҳа темир йўлни электрлаштириш баробарида, линияга халқаро андозаларга мос алоқа ва коммуникация технологияларини жалб қилиш, замонавий иншоотларни барпо этишни ҳам назарда тутади. Ҳозиргача мазкур участкада темир йўлчилар томонидан 1448,5 минг куб метр тупроқ ишлари бажарилиб, 3788 та устун пойдевори, 3788 та темир-бетон устун, 1200 дан ортиқ консол ва 111 металл конструкция ўрнатилди. Бунда, албатта, компания тасарруфидаги қурилиш ташкилотларининг уч юз нафарга яқин тажрибали мутахассислари ва элликдан ортиқ қудратли техникалари жалб этилиб, объектларга Маҳаллийлаштириш дастури асосида ўзимизда тайёрланган темир-бетон маҳсулотлари ва консолларнинг пешма-пеш етказиб берилаётгани қўл келмоқда. Ваҳолонки, илгари бундай қурилиш ашёлари хориждан келтириларди. 

Шу кунларда участканинг “Гумбаз”, “Улус”, “Жом”, “Айритом”, “Алотун”, “Нигуз”, “Қашқадарё” станциялари ва улар оралиғидаги масофаларда қурилиш-монтаж ҳамда алоқа тармоқларини улаш ишлари жадал олиб борилмоқда. 

325 километрлик “Қарши — Термиз” участкасида эса электрлаштириш жараёни Япония ҳукуматининг “Тараққиётга расмий ёрдам” дастури доирасида амалга оширилмоқда. Аҳамиятли томони, бу лойиҳа келгусида миллий темир йўл тизимининг муҳим бўлаги ҳисобланган “Тошгузар — Бойсун — Қумқўрғон” темир йўл линиясини тўлиқ электрлаштириш имконини беради.

Ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳа тўлиқ амалга оширилгач, линияда поездлар нафақат ишончли ва хавфсиз ҳаракатланади, балки  юк ва йўловчи ташиш ҳажми ҳам янада ортади. Юк ташиш вақти 1,2 соатга, йўловчиларни манзилга етказиш муддати 40 дақиқага қисқаради. Темир йўлнинг поездларни ўтказиш қуввати эса 35 фоиз ошади. 

Мухтасар айтганда, бугунги кунда мамлакатимиз темир йўл тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар иқтисодиётимиз салоҳиятини юксалтириш билан бирга, унинг халқаро майдондаги нуфузи ва халқимизнинг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда. 

Жамшид ХОЛОВ,  «Ўзбекистон темир йўллари» ДАТК 

Ахборот хизмати мутахассиси.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn