Юксак марралар таҳлили
  • 12 Апрель 2017

Юксак марралар таҳлили

Соғлом авлод тарбияси — давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири. Зеро, ёшларимиз келажагимиз ворислари, халқимизнинг ишончи ва суянчидир. 

Мамлакатимизда болалар спортини ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар айни шу жиҳатдан ўта долзарб аҳамиятга эга. Шу боис жисмоний машғулотларни сиҳат-саломатлик, соғлом турмуш тарзи ва баркамоллик -омили, деб биламиз.

Ўғил-қизларимизнинг қадди-қомати расо ўсишида, айниқса, сув спорти алоҳида ўрин тутади. Мушакларга куч-қувват бағишловчи бундай машғулотлар танани чиниқтириб, иродани тоблайди. Руҳиятни тетиклаштиради.  Бироқ мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида пойтахтимиз ва вилоятлар марказларидагина бармоқ билан санарли сув спорти иншоотлари бўлгани, устига-устак, бу ҳавзаларда маҳорат сабоқлари номига, ўлда-жўлда йўлга қўйилганини ҳисобга олсак, бир пайтлар мазкур жабҳа эътибордан мутлақо четда қолиб кетгани ойдинлашади. 

Кейинги пайтда мавжуд аҳволни ўнглаш йўлида муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Чунончи, Ўзбекистон сузиш федерацияси ташкил қилиниб, жойларда янги-янги иншоотлар қурилди. Натижада ўтган тўрт йил давомида спортнинг сузиш, сув полоси, синхрон сузиш ва сувга сакраш турлари бўйича мамлакатимиз вакиллари кўплаб халқаро турнирлар, Осиё ўйинлари ҳамда қитъа чемпионатларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, совриндорлар сафидан жой олишди. Ўз навбатида, Ўзбекистон қатор нуфузли мусобақаларга мезбонлик қилиб, янгидан-янги чемпионлар кашф этилган замин сифатида тарихга кирди. 

Аммо ушбу натижалар билангина кифояланиб бўлмайди. Сув спортини кенг оммалаштириш борасида янада кўпроқ қайғуриш даври келди. Бундай дейишимизга етарлича асослар бор. Масалан, ўтган йили Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган ёзги Олимпиада ўйинларига сузиш спорт туридан 

6 та, синхрон сузиш бўйича 2 та йўлланмани қўлга киритиш қатъий мақсад қилиб белгиланган эди. Бироқ амалда вакилларимиз иккита лицензия билан кифояланишди. Ваҳолонки, республикамизда Олимпиада ўйинларига ихтисослаштирилган спорт иншоотлари қурилишига охирги беш йилнинг ўзида 1 триллион 230 миллиард сўм миқдорида маблағ сарфланганди. Қолаверса, 2013 — 2016 йилларда сув спортига ҳомий сифатида белгиланган “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонаси ҳамда “Ўзметкомбинат” акциядорлик жамиятлари томонидан ҳам соҳа ривожига етарлича сармоя ажратилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 14 январда Вазирлар Маҳкамасининг йил якунларига бағишланган кенгайтирилган мажлисида шу ҳақда тўхталар экан, мазкур Олимпиадада фақатгина оғир атлетика, бокс, кураш ва дзюдо бўйича совринли ўринлар эгалланганини таъкидлаб, “Бунинг сабаблари нимада?” деган ҳақли саволни ўртага ташлади. Шу билан бирга, Ўзбекистонда болалар спорти, олий спорт маҳорати ва олимпия захираларини мустаҳкамлаш юзасидан зарур тавсиялар берди. Муаммолар ичига чуқур кириб бориш зарурлигини уқтирди. 

Ўрганишлардан маълум бўлдики, ҳозирги кунда республикамизда сув спортига ихтисослаштирилган 249 та иншоот мавжуд. Бироқ уларнинг 41 таси белгиланган меъёр талабларига жавоб бермайди. Боз устига, сув спортига мослаштирилган 70 та бассейн яроқсиз ҳолга келиб қолган. Ўтган йили Қарши олимпия захиралари коллежидаги ёпиқ турдаги ҳавзанинг  иссиқ сув билан таъминлаш тизими Навоий кон-металлургия комбинатининг 600 миллион сўм миқдоридаги маблағи эвазига янгиланди.

Яна бир таҳлил: айни пайтда мамлакатимизда 10 минг 500 нафардан ортиқ йигит-қиз сув спорти билан мунтазам шуғулланмоқда. Уларнинг аксарияти Тошкент шаҳри, Навоий, Фарғона, Қашқадарё вилоятлари ҳиссасига тўғри келади. Демак, қолган ҳудудларда ҳам мазкур спорт турини янада -оммалаштириш, спорт объектларини замонавий жиҳозлар билан таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.

Бу борада йўл қўйилган хато ва камчиликлар Навоий шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон сузиш федерациясининг навбатдаги конференциясида танқидий кўриб чиқилди ҳамда 2020 йили Япониянинг Токио шаҳри мезбонлик қиладиган ёзги Олимпиада ўйинларига йўлланмаларни қўлга киритиш борасида галдаги мақсад ва вазифалар белгилаб олинди. Бундан ташқари, мамлакатимизнинг ушбу спорт тури бўйича терма жамоалари таркиби қайтадан шакллантирилди. Ўқув-машғулот йиғинларига ёш, иқтидорли ҳамда малакали мураббийларни жалб қилиш, жоиз бўлса, чет эллик мутахассисларни маслаҳатчи сифатида таклиф этиш режага киритилди. 

Таъкидланганидек, жорий йилда Тошкент шаҳрида катталар ўртасида сув спорти турлари бўйича тўққизинчи Осиё чемпионати бўлиб ўтади. Юртимиз ушбу халқаро мусобақага илк бор мезбонлик қилади. Демак, халқаро тадбирни муносиб ўтказишга ҳар қачонгидан қизғин тайёргарлик кўриш керак. Бинобарин, беллашувда спортчиларимиз томонидан юқори натижаларни қўлга киритиш мақсад қилинган. 

Шунингдек, сув спорти турлари бўйича Ўзбекистон терма жамоалари таркибини тажрибали ва иқтидорли мураббийлар билан тўлдиришни кўзлаб, мамлакатимиз бўйлаб селекция ишларини кучайтириш, вилоятлар ҳамда туманлардаги сув спорти турлари бўйича фаолият юритаётган мутахассислар малакасини ошириш юзасидан семинарлар уюштирилиши кўзда тутилган.

Эътибор, имконият ва рағбат муваффақиятлар сари йўл очади. Айниқса, спортда бу ҳал қилувчи омилдир. Шу маънода, яқин истиқболда республикамизда сув спортини янада ривожлантириш, кенг оммалаштириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш йўлидаги изчил чора-тадбирлар, саъй-ҳаракатлар ўз самарасини беришига ишонамиз. 

Қувондиқ САНАҚУЛОВ,

Ўзбекистон сузиш федерацияси раиси.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Меҳр кўзда Хусусий сектор ҳиссаси »