Меҳр кўзда
  • 11 Апрель 2017

Меҳр кўзда

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили. Мамлакатимизда 2017 йилга шундай ном берилганининг мақсади, моҳияти ҳамда белгиланган вазифалар ҳақида ўйлар эканмиз, тафаккурда беихтиёр ўзимиз билган яқин тарих — кейинги ярим асрлик ҳаёт лавҳалари жонланади. Бир қарашда, ақлимизни таниганимиздан буён турли даражадаги идора ва ташкилотлар билан халқ орасида узвий алоқа, мулоқотлар йўлга қўйилиб, аҳоли манфаатларини ҳимоя қилишга мунтазам эътибор қаратиб келингандек. Каттаю кичик идора ва ташкилотлар пештоқларига раҳбарларнинг турли мурожаат билан келувчиларни қабул қилиш кунларию соатлари жадвали осиб қўйилган, масъул ташкилотларда, албатта, хат ва аризалар билан ишловчи ходим, бўлим фаолиятда бўлган, ҳаттоки улар вақти-вақти билан ҳисобот берганлар. Аммо фаолият юритмоқ бошқа... Бу фаолиятдан элу юрт нечоғли манфаат кўради — масаланинг моҳияти мана шу саволга бериладиган жавоб билан боғлиқ.

Ҳатто ўта жиддий ижтимоий сабаблар билан мурожаат қилган шахсларга ҳам: “Шикоятингиз кўриб чиқилди. Уни ўрганиш ва чора кўриш учун фалон ташкилотга юборилди” ёки “Хатингизда айтилган маълумотлар қисман тасдиқланди. Унга нисбатан чора кўрилмоқда” қабилидаги бир қолипдаги жавоблар билан хатлар ва шикоятлар назоратдан чиқариб ташланиши оддий ҳол бўлиб қолганди. Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, мамлакатимизда 2017 йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб аталиши ҳамда шу асосда қабул қилинган Давлат дастурида белгиланган вазифа, тадбирларнинг амалга оширилиши кўплаб муаммоларнинг илдизларини топиш ва бартараф этиш сари қўйилган ўта жиддий қадамдир. 

Ташкилотлар билан аҳолининг ёзма мулоқотлари ҳамма давлатларда бор. Лекин бу жараённинг нозик жиҳати шундаки, халқнинг мурожаатларига жавоб беришга масъул идора, ташкилот ходимлари масалани ўтирган жойларида ёки ўзларига яқин тарафнинг ўзи билангина ҳал этмай, хатда кўтарилган масала ёки муаммонинг сабаби, илдизларини жойида кўришлари, ўрганишлари ва шундан келиб чиқиб, холис хулоса чиқаришлари, адолат мезонию элнинг манфаатларига таяниб ечим топишлари шарт. Жамиятда мана шундай тамойилнинг амал қилмаслиги натижасида халқнинг масъул идора ва ташкилотлар фаолиятига ишончи йўқолиб боради. Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида: “Бугун ҳаётимизнинг ўзи Конституциямизда ифодасини топган энг асосий мақсад — инсон манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш масаласини долзарб вазифа қилиб қўймоқда”, дея алоҳида таъкидлаган эди. Сир эмас, оддий халқ билан учрашиш, суҳбатлашишни истамайдиган, бундай мулоқотлар ўз фаолияти учун қандай аҳамиятга эга экани ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайдиганлардан “юққан” беписандлик, лоқайдлик, ўзидан каттаю кичикка ҳурматсизлигу иззатсизликнинг белгиларини одамлар ҳар куни кўради. Айрим сотувчилар, автобус чиптачилари, банк ходимлари, шифокорлар феъл-атворида бунга кўп бора гувоҳ бўлганмиз. Мамлакатимиз -раҳбарининг “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак ва бу ҳақиқатни аввало барча бўғиндаги раҳбарлар яхши тушуниб олиши зарур... Нега деганда, халқ бой бўлса, давлат ҳам албатта бой ва қудратли бўлади”, дея билдирган фикрлари миллионлаб қалбларда эртанги кунга бўлган умид ва ишончни янада мустаҳкамлади. Бу ўринда қўлланилган “бойлик” сўзини кенг маънода тушуниш керак: халқнинг маънан бойлиги мамлакат илму фани, маданият-маърифати,  ижтимоий муносабатларини юксалтиради; халқнинг моддий бойлиги маънавий камолот йўлларини, имкониятларини кўпайтиради, кенгайтиради.

Халқ билан юзма-юз мулоқотни истаган ва бунга тайёр раҳбар, демак, мурожаатчининг қалбини англашни ва муаммоларни ҳал этишни хоҳлайди. Бунинг учун истаги, элнинг оғирини енгил қилишга билими, иқтидори, имкониятлари етарли эканига ўзида ишонч бўлганларгина эл билан юзма-юз гаплашишга ҳамиша тайёр бўлади. 

Руҳшунослар ўзидан ёши, ақли, билими устун кишилар билан доимий мулоқотда бўлган болалар тенгдошларига нисбатан билимдонроқ, ҳушёрроқ, мулоҳазалироқ, фикри кенг ва киришимлироқ бўлишини таъкидлайдилар. Чиндан ҳам, англагувчи ва қадрловчи одам учун дунёқараши кенг, мушоҳадалари чуқур ва асосли, ҳаёт тажрибаси кўп кишилар билан мулоқот ҳам ибрат, дарс ўрнида бўлади — кўп нарсани ўрганадилар. Фуқаролар Халқ қабулхоналарига мурожаат қиларкан, бу ерда талаб-эҳтиёжларига яраша, муносиб жавоб олиш баробарида, айни шу масалага тааллуқли давлат сиёсатини ҳис этадилар ва унинг бевосита иштирокчисига айланадилар; тартиб ҳамда қонунларни ўрганадилар — ҳуқуқий билимлари ортади, мустаҳкамланади. Зеро, қабул қилувчилар зиммасида халқ-нинг ижтимоий фаоллиги, ҳуқуқий саводхонлигини орттириш масъулияти ҳам бор. 

Ҳаёт ривожланишда, янгиланишда. Замон ўзгаришларга бой. Лекин бир ҳақиқат барча замонга бирдек тегишли. Яъни инсон танасидаги каттаю кичик касалликлар унинг ҳамма аъзоси фаолиятига, руҳиятига, куч-қувватига таъсир этгани каби мақсаду интилишлари муштарак халқнинг қайси бўғини, қайси тоифасида бўлишидан қатъи назар, каттами-кичикми, иллату камчиликлар яхши жиҳатларни ўзига хос даражада емирадиган дардга қиёсдир. Жисмини оғритиб, қалбини симиллатиб турган дард инсоннинг катта мақсадлар сари дадил қадам қўйишига, ақлу шуурининг барча имкониятидан фойдаланишига, қисқаси, меҳнат ва ижод майдонида кенг қулоч ёйиб фаолият кўрсатишига монелик қилгани каби жамиятнинг ҳар қандай дарди-муаммоси ҳам, агар унга вақтида ечим топилмаса, эзгу мақсадлар йўлидаги саъй-ҳаракатлар кутилган натижа беришига тўсқинлик қилаверади. Шу жиҳатдан қараганда, йилимизнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб аталиши моҳиятида мамлакатимиз фуқароларини энг хайрли, юксак, барча учун манфаатли бўлган мақсадлар йўлида яна ҳам жипслаштиришдек улуғ муддао мужассамдир, деб айтсак бўлади. “Меҳр — кўзда” деган ҳикмат бор, уни “Қалб эса сўзда акс этади”, деб давом эттиргинг келади. Мулоқотларимиз мавзуи, изланишлари, хулосалари якдил, жонажон Ўзбекистонимиз халқи тақдири билан чамбарчас боғлиқ бўлса, улар асосидаги саъй-ҳаракатларнинг самаралари мамлакатимиз иқтисодий-сиёсий, ижтимоий, маънавий-маданий ҳаётида янгидан-янги муваффақиятларга замин яратаверади.

Муҳтарама УЛУҒОВА,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган 

маданият ходими.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn