Очиқ ва амалий мулоқотлар самараси
  • 08 Апрель 2017

Очиқ ва амалий мулоқотлар самараси

Кеча халқ депутатлари Сариосиё тумани Кенгашининг сессияси бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенати аъзоларининг туман аҳолиси, чунончи, тадбиркорлар билан ўтказган учрашувлари, шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳаси, таълим муассасалари, маҳаллалар, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолияти билан танишувлари натижалари кўриб чиқилди.

Парламент аъзолари томонидан жойларда ҳақиқий аҳволни ўрганиш юзасидан учинчи бор ташкил этилган мулоқотлар ушбу механизм ҳудудларда тўпланиб қолган муаммоларни ҳал қилишда нақадар самарадорлигини кўрсатиб берди. 

Сессияда туманда амалга оширилаётган бир қатор ташкилий ва амалий ишларга эътибор қаратилди. Ўрганишлар давомида депутатлар Президентимизнинг тиббиёт соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, фуқаролар тиббий маданиятини юксалтириш борасида берган кўрсатма ҳамда топшириқларига асосан, тумандаги қатор тиббиёт муассасалари фаолияти билан танишиб, мавжуд аҳволни чуқур таҳлил қилдилар. 

Тиббиёт масканлари, хусусан, қишлоқ врачлик пунктлари дори воситалари, тиббиёт асбоб-ускуналари билан етарлича таъминланмагани, уларда малакали шифокорлар етишмаслиги, тез тиббий ёрдам бригадаларининг аҳоли сонига нисбатан камлиги ва моддий-техника базаси талаб даражасида эмаслиги билан боғлиқ масалалар қайд этилди. Ҳудудда эндокринолог, рентгенолог, реаниматолог, аллерголог, профпатолог, шунингдек, болалар кардиологи, эндокринологи, гематологи, офтальмологи каби мутахассисларга эҳтиёж мавжудлиги таъкидланиб, бу борада зарур чора-тадбирларни амалга ошириш муҳимлиги айтиб ўтилди. Айни чоғда туман “103” хизмати, туман тиббиёт бирлашмаси шифохонасининг Шарғун шаҳридаги бўлими фаолияти танқид остига олинди. 

Бирламчи тиббиёт муассасалари фаолияти таҳлил қилинар экан, бу жараёнда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг масъулияти, парламент ва жамоатчилик назоратининг йўлга қўйилиши аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини яхшилашга кўмаклашиши таъкидланди. 

Сессияда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда ўз ечимини кутаётган бошқа камчилик ва муаммолар ҳамда аҳоли хонадонларига ташрифлар чоғида фуқаролар кўтарган масалалар хусусида ҳам сўз юритилди. Қайд этилганидек, мулоқотлар чоғида 140 га яқин масалалар кўтарилган бўлиб, шундан 47 таси ўша жойнинг ўзида ижобий ҳал этилди. Аҳоли бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, тижорат банклари фаолияти, улар томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифати, пенсия таъминоти, иш ҳақи ва ижтимоий нафақалар тўланишининг ҳолати ҳам атрофлича таҳлил қилинди. Шу билан бирга, аҳолининг маданий дам олиши ва ҳордиқ чиқаришини самарали ташкил этиш, ушбу масканларни малакали кадрлар билан таъминлаш, хизмат кўрсатиш биноларини замон талаблари даражасида қуриш ва жиҳозлаш ишлари ҳам депутатлар диққат-эътиборида бўлди. 

Тадбирда республика даражасида ҳал қилинадиган масалаларни парламент назоратининг таъсирчан шакллари орқали бартараф этиш, тегишли давлат бошқаруви органларига парламент ва депутатлик сўровлари юбориш, парламент эшитувларини ташкил қилишга қаратилган аниқ манзилли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Бундан ташқари, халқ депутатлари туман Кенгаши фаолиятига кўмаклашиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат ҳудудий ишчи гуруҳи тузилди. 

Шунингдек, йиғилишда тегишли идоралар ҳамда ташкилотлар раҳбарларининг ахборотлари эшитилди. 

Якунда кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Нормурод ТЕМИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn