Халқаро пресс-клуб ўз фаолиятини бошлади
  • 08 Апрель 2017

Халқаро пресс-клуб ўз фаолиятини бошлади

Пойтахтимизда Халқаро пресс-клуб тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенати аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари, Халқаро пресс-клуб Жамоатчилик кенгаши раиси С. Сафоев ва бошқалар мамлакатимизда жамият ҳаётининг барча жабҳасини жадал тараққий топтириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганлигини таъкидлашди. Бу жараён ахборот соҳаси, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари зиммасига катта масъулият ва вазифалар юклайди.

Халқаро пресс-клуб миллий ахборот маконини ривожлантириш, мамлакатимиз иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ҳаётида юз бераётган янгиланишлар, ўзгаришлар ҳақида халқаро жамоатчиликни тезкор ва холисона хабардор этиб боришни мақсад қилган. Янги медиа-маконда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари мутасаддилари жамоатчиликка ҳисобот беради, экспертлар ва журналистлар билан фикр алмашади. Мутахассисларнинг айтишича, бу тадбирлар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг шаффофлигини, ўзаро тийиб туриш ва манфаатлари мувозанатини таъминлашга ҳамда жамоатчилик назоратини ўрнатишга хизмат қилади.

Шуни қайд этиш керакки, Халқаро пресс-клуб фаолият юритиши 2016 йилда мамлакатимизда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш жараёнида синовдан муваффақиятли ўтди. 

Нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида ташкил этилган мазкур тузилма, шунингдек, очиқ мулоқот асосида юртимизнинг нуфузи ва брендини мустаҳкамлашга кўмаклашиш, мамлакатимизда амалга оширилаётган қулай инвестициявий муҳитни шакллантириш, хорижий инвестицияларни жалб қилишга оид ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини очиб бериш, жамоатчилик фикрини ўрганиш асосида учрашув ва мулоқотларни ташкиллаштириш, журналистлар учун контент яратиш каби вазифаларга алоҳида эътибор қаратади. 

Бундан ташқари, журналистлар учун маҳорат дарслари йўлга қўйилади, юртимизга ташриф буюрадиган хорижий делегациялар, нуфузли халқаро ташкилотлар ва расмий доиралар вакиллари иштирокида учрашувлар уюштирилади.

Пресс-клуб раиси этиб Ш. Қудратхўжаев сайланди.

Қобил ХИДИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn