Халқимиз даҳосининг тимсоли
  • 08 Апрель 2017

Халқимиз даҳосининг тимсоли

Мустақилликка эришгач, халқимиз ҳаётида мислсиз ўзгаришлар рўй берди. Айниқса, маънавий соҳада амалга оширилган ишларнинг ўзи улкан бир тарих бўлиб қолди. Жумладан, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида буюк давлат арбоби, моҳир дипломат ва илм-фан ҳомийси Амир Темур хотирасини абадийлаштириш мақсадида кенг қамровли ишлар рўёбга чиқарилди. 1996 йил “Амир Темур йили” деб номланиб, соҳибқироннинг 660 йиллик  юбилейи кенг нишонланди. Ушбу санада ЮНЕСКО Бош ассамблеясининг 28-сессиясидаги ташаббуси туфайли халқаро миқёсда ҳам тантаналар ўтказилди.

Улуғ зотларнинг нафақат амалга оширган ишлари, балки уларнинг шахсиятлари ҳам авлодлар диққат-эътиборида туради. Амир Темур  кўҳна тарихимизни безаб, келажак тараққиётимизга нур сочиб турган машъала, десак,  муболаға бўлмайди. Масалан, бобокалонимизнинг биргина оилапарварлиги ҳақида сўз юритсак, авлодларга ибрат вазифасини ўтайдиган кўплаб жиҳатлар борлигини кўрамиз.

Амир Темурнинг оила бошлиғи сифатида фарзандлари, темурий маликалар ва қавм-қариндошларига силаи раҳм кўрсатган ҳамда уларнинг бахту камоли ҳақида қайғурган, тарбияси билан муттасил шуғулланган. Саройда темурий шаҳзода ва маликаларга мўлжалланган алоҳида таълим-тарбия мактаби бўлган. Уларга бир нечта тил, тарих, фалсафа, ҳисоб-китоб илми ва бошқа кўплаб фанлар ўргатилган.

Ёш болаларга таълим бериш 4-5 ёшдан бошланиб, уларни махсус тарбиячилар ўқитган. Маълумотларга кўра, соҳибқирон тарбиячиларни шахсан ўзи синовдан ўтказиш учун суҳбатлар уюштирган. Темурийларга давлатни тузиш ҳамда бошқариш, инсон маънавияти, одоби, бошқаларга нисбатан муносабати ва муомала маданияти, чет эллар билан алоқалар ўрнатиш тартиблари ҳамда бошқа бир қатор муҳим масалалар ҳам ўргатилган. Чунончи, матнни ёд олиш, тез айтиш, топишмоқ тузиш орқали онгни чархлаш, муаммога мантиқий ёндашиш, ҳар бир воқеадан хулоса чиқариш, уларга баҳо бериш қобилияти шакллантирилган. 

Мисол учун, Мирзо Улуғбекка мураббий этиб Ҳамза ибн Али деган киши бириктириб қўйилган. Мирзо Бадриддиндан ҳисоб-китоб илмини ўрганган. Амир Темурнинг ҳар бир фарзанди ва набираси отда юриш, қиличбозлик, ўқ-ёйдан фойдаланиш, арқон тортиш, сузиш, югуриш ҳамда бошқа жисмоний машқларни ўзлаштирган. Бошқача айтганда, уларнинг бўш ва бекорчи бўлиб юришига йўл қўйилмаган.

Темурийлар ҳаётида 12 ёшдан бошлаб жиддий таълим-тарбия олиш ҳамда давлат бошқарувига тайёрлаш босқичига ўтилган. Энди улар оталиқлари ёрдамида давлат бошқарувини пухта ўрганишни бошлаганлар. Хусусан, Мирзо Улуғбекка балоғат ёшигача Шоҳ Малик оталиқ этиб белгиланган эди.

Амир Темур даврида аёлларга ҳам юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатилган. Ибн Арабшоҳнинг маълумотларига кўра, ҳатто қиз туғилса улар ўз номлари билан аталмаган, балки “мастура”, “пардали бола” деб аталган. Сароймулкхоним — Бибихоним, Севинбека — Хонзода Бегим, Тўкал хоним — Кичик хоним каби улуғловчи номлар билан ҳурмат-иззат кўрсатилган.

Бобокалонимиз ҳар бир фарзандининг қобилиятига қараб, илм олишига алоҳида ёндашган. Ўғил-қизлари, набираларининг тарбиясини асло ўз ҳолига ташлаб қўймаган, уларнинг маънавий ва жисмоний соғлом бўлиб етишишида катта саъй-ҳаракатлар кўрсатган. 

Улуғ аждодимизнинг бундай қатъий тутуми, шубҳасиз, бугунги кунда бизга ҳам ибрат мактабини ўтайди. Демак, биз ҳам ёш болаларда ҳикоя ва ривоятлар орқали яхши-ёмон ҳақида тушунчалар уйғотиб боришимиз, уларга инсонлар билан муносабатни ва бошқа билимларни жуда ёшликдан ўргатишимиз айни муддаодир. 

Зеро, моҳир саркарда, давлат арбоби, илм-фан ва маданият ҳомийси  Амир Темур инсоният тарихидаги энг машҳур шахслардан биридир. Соҳибқирон марказлашган давлатга асос солиб, уни ҳар томонлама мустаҳкамлаб, ривожлантириб, шон-шуҳратини бутун жаҳонга ёйди, буюк салтанатнинг ҳукмдори сифатида миллатлар ва халқларни бирлаштирди. Унинг ҳукмронлиги йилларида маданият, илм-фан, меъморчилик, тасвирий санъат, мусиқа ва шеърият юксак чўққиларга кўтарилди. Қисқаси, темурийлар даври ренессансига асос солинди. Ушбу ренессанс жаҳон миқёсида илм-фан намояндалари томонидан тан олинган. Бинобарин, унинг оилапарварлиги, фарзандларга таълим-тарбия беришда ўзига хослигини ўрганиш, тадқиқ қилиш ҳам ҳар жиҳатдан наф келтиради. 

Шоҳиста ЎЛЖАЕВА, 

тарих фанлари доктори.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn