Соҳибқирон мероси ва ёшлар тарбияси
  • 08 Апрель 2017

Соҳибқирон мероси ва ёшлар тарбияси

Пойтахтимиздаги Темурийлар тарихи Давлат музейида Республика Маънавият тарғибот маркази ташаббуси билан “Амир Темур — маънавий жасорат соҳиби” мавзуида анжуман ўтказилди.

Соҳибқирон таваллудининг 681 йиллигига бағишланган ушбу тадбирда таниқли олимлар, кенг жамоатчилик вакиллари, талабалар қатнашди.

Таъкидланганидек, мустақиллик йилларида кўплаб улуғ аждодларимиз қатори Амир Темур бобомизнинг хотираси, шаъну шавкати ва бой мероси тикланиб, бу буюк зот ҳақидаги асл ҳақиқатни холис ҳамда ҳаққоний ўрганиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаяпти. Бунёдкорлик, илм-фан ва санъат, меъморчиликка бўлган эътибори, буюк давлат арбоби ҳамда адолатли саркарда сифатидаги фазилатлари тўғрисида кўплаб илмий-бадиий асарлар яратилган ва яратилмоқда. Улардаги Амир Темурнинг ўгитлари, давлатчилик ҳамда дипломатия, бунёдкорлик, илм-фан ва маънавиятга оид қарашлари ёш авлодни билимли, мустақил фикрлайдиган, қатъий фуқаролик позициясига эга, эл-юрт тақдирига масъулиятли инсонлар этиб тарбиялашда муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда.

— Амир Темур ҳамда темурийларнинг давлатчилик сиёсати, Ватан равнақи йўлидаги эзгу ишлари нафақат юртимизда, шу билан бирга, хорижий мамлакатларда ҳам катта қизиқиш билан ўрганилмоқда, — дейди Республика Маънавият тарғибот маркази бош мутахассиси Суннатилла Сабоҳитдинов. — Тадбирдан кўзланган мақсад ҳам буюк бобокалонимизнинг адолат ва қонун устуворлиги, давлатни бошқаришга оид ижтимоий-сиёсий қарашлари ҳақидаги муҳим тадқиқотлар ҳақида ёшларга батафсил маълумот бериш ва уларни бу йўналишда янги-янги илмий изланишларга ундашдан иборат. 

О. ЛУТФУЛЛАЕВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn