Миллатимизнинг буюк сиймоси
  • 07 Апрель 2017

Миллатимизнинг буюк сиймоси

Бобокалонимиз Амир Темур жаҳон тарихида буюк, қудратли, гуллаб-яшнаган давлат барпо этган саркарда ва ҳукмдор ҳисобланади. У қурдирган гўзал ҳамда маҳобатли обидалар ҳозирги кунда ҳам Ватанимиз кўркига кўрк, довруғига довруқ қўшиб турибди.

Амир Темур йўлга қўйган давлат тизими, бошқарув тартиблари ўз даврида -дипломатик муносабатларни шакллантиришга, ишлаб чиқариш ва савдо-сотиқнинг ривожланишига беқиёс таъсир кўрсатди. Соҳибқироннинг илм-фан аҳлига доимий ғамхўрлиги эса унинг маърифатпарварлигини юксак даражада ифода этди.

Бинобарин, ҳарбий санъат тарихида Амир Темур жаҳоннинг энг салоҳиятли саркардаларидан бири сифатида тан олинган. Бобокалонимиз саноат ва ҳунармандчилик равнақини қўллаб-қувватлади. Қонунийлик ҳокимиятини устун қўйган ҳолда, сиёсий ҳамда ҳудудий жараёнда донолик билан иш олиб борди. Самарқандга олимлар, буюк мутафаккирлар, файласуф, тарихчи, муҳандис, мусаввир, хаттотлар ва бошқа соҳаларнинг етук вакилларини тўплаб, уларни буюк асарлару кашфиётлар қилишга ундади.

Шунингдек, мамлакат иқтисодиётини яхшилаш учун савдо йўллари, бозорлар, йўллар ҳамда бошқа иншоотларни барпо этди. Ишлаб чиқарувчилар ҳамда савдогарлар учун зарур шарт-шароитларни яратиб берди.

Амир Темур умр бўйи ободончилик ишлари билан банд бўлди. Қадами етган жойларда боғ-бўстонлар, масжиду мадрасалар, мақбаралар, хонақоҳлар, қалъа-қасрлар,   равон йўллар, гўзал гўшалар яратди.

Жаҳонгирнинг дилида гўзаллик ва бунёдкорликка, илм-фан, маданият-маърифатга меҳр-муҳаббат шу қадар кучли бўлганки, бунга унинг даврида яратилган санъат ва меъморий обидалар далилдир.

Амир Темур ташқи сиёсати ҳақида шундай деган: “Ўзга мамлакатларни забт этиш, уларни идора қилиш, ғаним лашкарларини синдириш, душманни тузоққа тушириш, мухолифларни дўстга айлантириш, дўст-душман орасида муомала, муросаю мадора қилиш хусусида ушбу тадбир ва кенгашларни қўлладим”.

Соҳибқирон давлат ишларининг тўққиз улушини кенгаш, тадбир ва машварат билан ҳал қилган. Амир Темур юқоридаги сўзларни шунчаки айтиб қолмасдан, амалда уларни қўллаган. У қайси бир мамлакат томон юриш қилмасин, аввало, элчилар юбориб тинчлик йўлини таклиф этган. 

Улуғ бобомиз 35 йиллик ҳукмронлик даврида 27 мамлакатни ўз қўл остида бирлаштирган буюк салтанатни барпо қилди. Бу ҳудудда тинчлик, барқарорликни устувор айлади.

Мухтасар айтганда, Амир Темур жаҳондаги энг машҳур тарихий шахслар орасида ҳаёти ва фаолияти, донишмандлиги, қолдирган бебаҳо мероси билан асрлар оша ҳурмат ва эътирофга сазовор бўлиб келмоқда. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек: “Кимки ўзбек номини, ўзбек миллатининг куч-қудратини, адолатпарварлигини, чексиз имкониятларини, унинг умумбашарият ривожига қўшган ҳиссасини, шу асосида келажакка ишончини англамоқчи бўлса, Амир Темур сиймосини эслаши керак”. Биз ана шундай буюк аждодлар вориси эканлигимиз билан фахрланамиз, албатта. Уларнинг жўшқин фаолияти барчамиз, айниқса, ёшларимизни эзгулик йўлида бирлаштириб, Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшадиган фарзандлар бўлиб камол топишида ҳамиша муҳим аҳамият касб этаверади.

Қўзибой МАМАРАИМОВ,

Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди 

Самарқанд вилояти бўлими раиси.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn