Ижтимоий шерикликнинг амалий натижаси
  • 07 Апрель 2017

Ижтимоий шерикликнинг амалий натижаси

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган “Пайшанба — жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни” тадбирлари изчил давом -эттирилмоқда. 

Хусусан, Қашқадарё вилоятида шу пайтгача ўтказилган тадбирлар доирасида қишлоқ ва маҳаллалардаги 13 минг 757 та хонадондаги ҳақиқий аҳвол ўрганилди. Вилоят ИИБ Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бошқармаси ходимлари ва профилактика инспекторлари томонидан тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари билан ҳамкорликда уюштирилаётган суҳбатлар нохуш ҳолатларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

— Профилактика тадбирларига масъул идораларнинг 4712 нафар вакили жалб этилди, — дейди вилоят ИИБ Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бошқармаси катта инспектори Носир Назаров. — Ҳозиргача 757 нафар илгари судланган шахслар ва уларнинг оила аъзолари билан суҳбатлар ташкил этилиб, тушунтириш ишлари олиб борилди. Шунингдек, яшаш манзилидан узоқ вақтга чиқиб кетган ҳамда тураржойига қайтган фуқаролар ҳақидаги маълумотлар махсус автоматлаштирилган электрон базага киритилди.

Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан мактаблар, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ўқувчилар давомати масаласи кенг ўрганилди. Натижада 278 мактаб, 57 академик лицей ҳамда касб-ҳунар коллежларида машғулотга сабабсиз қатнашмаётган ўқувчилар аниқланиб, уларнинг ота-оналарига тушунтириш берилди. 

Наманганда бўлиб ўтган навбатдаги профилактика тадбирлари доирасида маҳаллий ҳокимликлар, ички ишлар идоралари, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари изчил фаолият олиб борди. Машғулотга қатнашмаётган ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан мулоқотлар ўтказилди, жойларда жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида 800 га яқин учрашув уюштирилди. Айни чоғда кўплаб оилалар турмуш тарзи ўрганилди ҳамда жиноят содир этишга мойил, нотинч оилалар, вояга етмаган ҳуқуқбузарлар ҳамда муқаддам судланган ва профилактик ҳисобда турувчи фуқаролар билан мулоқотлар уюштирилди. 

— Ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш  муҳим вазифаларимиздан биридир, — дейди Наманган тумани ИИБ бошлиғи ўринбосари, подполковник Аҳмаджон Эгамов. — Шу боисдан ҳам профилактика тадбирлари доирасида таълим муассасаларида ўтказилаётган учрашувларда ўқувчиларнинг давоматини ўрганиш билан чекланмасдан, тарбияси оғир, ҳуқуқбузарликка мойил ўсмирлар билан алоҳида шуғулланаяпмиз. 

Галдаги профилактика тадбирлари Тошкент вилоятида ҳам уюшқоқлик билан ўтказилди. Жумладан, Янгийўл туманидаги маҳаллаларда ҳокимлик, ички ишлар, прокуратура ва қатор жамоат ташкилотлари вакиллари томонидан 176 та учрашув ва суҳбатлар ташкиллаштирилди.

— Бу борадаги саъй-ҳаракатлар яхши самара бераётир, —  дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси раиси Баҳодир Тўраев. — Хонадонларга бориб ўтказилаётган мулоқотлар натижасида шу кунга қадар туманимиздаги 40 та маҳаллада бирорта ҳам жиноят ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари кузатилмади. Бу эса бизни янада фаол иш олиб боришга руҳлантирмоқда.

Ўтказилаётган профилактика тадбирларида ёшлар тарбиясига катта эътибор қаратилмокда. Чунончи, Гулбаҳор саноат касб-ҳунар коллежида бўлган суҳбатда ахборот-коммуникация воситалари, хусусан, интернетдан фойдаланишнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, 9 та касб-ҳунар коллежи ва битта академик лицейда давомат ўрганилди. Эътиборлиси, кейинги пайтларда ўқувчиларнинг -дарсга катнашишида ижобий ўсиш кузатилаяпти. 

Хоразм вилояти таълим муассасаларида шу кунга қадар профилактика тадбирлари доирасида 188 маротаба учрашув,  суҳбат ва муҳокамалар ташкил этилди. Жойларда ҳафта давомида содир этилган жиноятлар, уларнинг олдини олиш, келиб чиқиш сабаблари, йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш масалаларида ҳам сўз бораётгани иштирокчилар учун фойдали бўлаяпти.

— Вилоятда охирги 3 ойда жиноятчилик 2 фоиз камайди, — дейди вилоят ички ишлар бошқармаси Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бўлинмаси бошлиғи, капитан Руслан Бобожонов. — Шунингдек, шу даврда содир этилган жиноятларнинг 94,1 фоизи фош этилишига эришилди. Қидирувда бўлган 75 нафар шахс қўлга олиниб, жазога тортилди. Яна бир ижобий натижа — ўтган йили очилмай қолган 36 та жиноят фош этилди. Вояга етмаганлар, хотин-қизлар орасида жиноятчилик ҳолатлари камайгани ҳамда босқинчилик, товламачилик ва автоуловларни олиб қочиш жиноятлари камайгани бизни қувонтиради. Бу ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларимизнинг амалий натижасидир.  

Навбатдаги профилактика куни тадбирлари юртимизнинг барча ҳудудида юқори савияда ўтказилди.

«Халқ сўзи» мухбирлари 

материаллари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn