Замонавий дизайн, юқори сифат
  • 01 Май 2014

Замонавий дизайн, юқори сифат

Корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ана шу жиҳати билан харидорларга манзур бўлмоқда.

Мамлакатимизда иқтисодиётнинг барча соҳалари қаторида енгил саноат тармоғи ҳам жадал ривожланмоқда. Айниқса, мазкур тизимда қўлга киритилаётган улкан ютуқлар замирида айнан қўлигул аёлларимизнинг тинимсиз меҳнати мужассам, десак, муболаға бўлмайди. Мисол учун, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган Зарафшон шаҳридаги Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли “Агама” фабрикаси ишчиларининг аксариятини хотин-қизлар ташкил қилади. Корхона цехларида тайёрланаётган маҳсулотлар эса жаҳон бозорида ҳам эътироф этилмоқда.

— Ҳозирги кунда корхонамизда салкам 300 нафар хотин-қиз ишлаяпти, — дейди тикувчилик цехи трикотаж участкаси бошлиғи Наргиза Болтаева. — Уларнинг самарали меҳнат қилишлари учун етарли шарт-шароитлар яратилган. Бу, ўз навбатида, барча ёш тоифалари учун мўлжалланган 500 дан ортиқ трикотаж маҳсулотлари, шунингдек, махсус иш кийимларини тикиш имконини бермоқда.

Албатта, трикотаж маҳсулотларининг сифатини таъминлаш кўп жиҳатдан замонавий технологияларнинг юқори самарадорлигига боғлиқ. Шу боис 2013 йилда тўқувчилик цехидаги Япониядан келтирилган замонавий русумдаги тўқув дастгоҳлари учун 100 минг евролик эҳтиёт қисмлар харид қилинди. Қўшимча иш ўринлари яратилиши туфайли эса коллеж битирувчилари — ўнлаб қизлар ўз салоҳиятларини намоён этиш имкониятига эга бўлди.

— Касб-ҳунар коллежини тамомлаб, шу ерга ишга кирдим, — дейди Зебунисо Исмоилова. — Тажрибали устозларнинг ёрдами билан маҳоратимни кун сайин ошириб бораяпман.

 Айни пайтда тикувчилик цехида ойига 650 миллион сўмлик тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Уларнинг асосий қисми Навоий кон-металлургия комбинати ишчи-ходимлари учун етказиб берилаётир. 

Эътиборли жиҳати, цехда асосий эътибор сифат билан бирга, замонавий андозалар яратишга ҳам қаратилаяпти. Бунда тажрибали дизайнер Эъзоза Норбекова изланишлари қўл келмоқда. Чунки у янги кийимлар дизайни устида тинимсиз ишлаб, маҳсулотнинг рақобатбардош бўлишига астойдил интилмоқда. 

Бундан ташқари, “Агама”нинг яна бир цехида чет эл дастгоҳлари ёрдамида эркаклар ва аёллар учун тўқима кийимлар ҳам тайёрланаяпти. Машиналар компьютер дастурига киритилган андозаларга мувофиқ, маҳсулотларни кузатувчининг назорати остида ишлаб чиқаради. 

Қисқача айтганда, мустақилликнинг илк меваларидан бўлмиш “Агама”  корхонасининг маҳсулотлари нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам ўз харидорларини топиб, жаҳонга юз тутмоқда. Бу эса ишчиларни янгидан-янги марралар сари руҳлантираётир.

Азамат ЗАРИПОВ, «Халқ сўзи» мухбири.

СУРАТДА: корхона тикув-тўқувчилик цехи бош технологи Муроджон Эрманов ва дизайнер Эъзоза Норбекова. 

Муаллиф олган сурат.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn