Хусусий секторга яратилаётган кенг имкониятлар
  • 05 Апрель 2017

Хусусий секторга яратилаётган кенг имкониятлар

аҳолига тиббий хизматлар кўрсатиш сифатини янада юксалтиради

Президентимизнинг кеча матбуотда эълон қилинган “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан атрофлича танишиб чиқиб, мамлакатимизда тиббий хизматлар сифатини янада юксалтириш, хусусий тиббиёт муассасалари тармоғини фаоллаштириш ва кенгайтириш учун қулай шароитлар яратиш, пировардида энг эзгу мақсад — одамларни ҳаётдан рози қилишга қаратилган улкан ислоҳотлар кўзда тутилганидан барчамиз бирдек қувондик.

Зеро, сиҳат-саломатлик ҳар биримиз учун бебаҳо бойлик ҳисобланади. Уни асраб-авайлаш эса кўп жиҳатдан тиббий хизматнинг қай даражада йўлга қўйилганлигига бевосита боғлиқ. Бу ҳақда гап кетганда бир жиҳатни алоҳида қайд этиш ўринлики, бугунги кунда кўпгина ривожланган давлатларнинг соғлиқни сақлаш тизимида давлат муассасалари билан бир қаторда, хусусий сектор вакиллари ҳам тиббий хизмат кўрсатишда фаол қатнашмоқда. Бундай тажриба аҳоли кенг қатламларини қамраб олиш, ташхис қўйиш ҳамда даволаш бўйича замонавий юқори технологияли усулларни жорий қилишда самарадорлигини кўрсатаяпти.

Айни шу нуқтаи назардан айтганда, давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори соҳадаги жараёнларни ҳозирги тараққиёт даврига мос шаклда такомиллаштиришга хизмат қилади.

Қарорга мувофиқ, хусусий тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий тиббиёт ускуналари, махсус инвентар ва асбоблар билан жиҳозлаш, тиббиёт ихтисосликлари турига мос келадиган бино ҳамда хоналар билан таъминлаш, қулай кредит ва лизинг механизмларини фаол жалб этиш орқали -молиявий қўллаб-қувватлаш кўлами ҳамда ҳажмини тубдан ошириш, хорижий инвестициялар жалб қилишни кенгайтириш, етакчи хорижий клиника ва тиббиёт марказлари билан ҳамкорликда даволаш-ташхис муассасаларини ташкил этиш каби қатор вазифалар кўзда тутилгани диққатга сазовордир.

Давлатимизнинг хусусий секторни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга бўлган эътиборини ҳаммамиз фаолиятимизда чуқур ҳис қилиб турибмиз. Эндиликда ушбу ҳужжат билан аҳолига пуллик тиббий хизматлар кўрсатадиган (стоматология ва косметология хизматларидан ташқари) хусусий тиббиёт муассасалари, жумладан, хорижий инвесторлар иштирокидаги хусусий тиббиёт муассасалари 2022 йилнинг 1 январигача барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилгани ана шу ғамхўрликнинг яна бир ифодасидир.

Қолаверса, соғлиқни сақлаш соҳасида кичик корхоналар ходимларининг йиллик ўртача чекланган сони 2017 йил 1 майдан эътиборан 100 кишигача бўлишига рухсат -берилгани мазкур тиббиёт муассасалари фаолиятини янада кенгайтириш баробарида, аҳоли бандлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамиятга эгадир.

Биз соҳадаги фаолиятимизни Янгиер шаҳридаги хусусий клиникамизни ташкил қилишдан бошлаганмиз. Эндиликда шифохонамизнинг Гулистон шаҳрида ҳам филиали мавжуд. Уларда неврология, терапия, гинекология, ультратовуш диагностикаси, клиник ва биокимёвий лаборатория, тиббий косметология сингари даволаш ҳамда ташхис қўйиш хизматларини кўрсатаяпмиз. Айни пайтда Янгиер шаҳридаги қурилиши тугалланмаган бинони банк кредити эвазига тубдан реконструкция қилаяпмиз. Ҳадемай, бу ерда замонавий соғломлаштириш муассасаси қад ростлайди.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу қароридан руҳланиб, фаолиятимизни кучайтириш, моддий-техника базамизни янада мустаҳкамлаш, тиббий ёрдам кўрсатишга қаратилган хизматлар кўлами ва турларини кенгайтириш йўлида бор салоҳиятимизни ишга соламиз.

Қурбон ЖОНЖИГИТОВ,

Янгиер шаҳридаги 

«Нозигул — Сардор — Оқолтин» масъулияти чекланган жамияти директори.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn