Одамларнинг қонуний мурожаатларини ҳал этиш — устувор вазифа
  • 30 Март 2017

Одамларнинг қонуний мурожаатларини ҳал этиш — устувор вазифа

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ҳокимликлар томонидан жойларда сайёр қабуллар, аҳолининг кенг -қатлами вакиллари иштирокида очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда.

Хусусан, Президентимиз Фармони асосида ташкил этилган Халқ қабулхоналари ўтказаётган ана шундай тадбирлар фуқароларнинг давлат органларига мурожаат қилиш борасидаги ҳуқуқини таъминлаш, уларни қийнаётган муаммоларни қонун асосида самарали ҳал этишда таъсирчан воситага айланмоқда.

Наманган вилояти шаҳар ва туманларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Турсунхон Худайберганов, маҳаллий ҳокимлик, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, мутасадди идора ва ташкилотлар раҳбарлари иштирокида ташкил -этилган сайёр қабуллар чоғида ҳудуд аҳолисидан Президентнинг Виртуал қабулхонаси ва жойлардаги Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатларда кўтарилган масалаларга ечим изланди.

Таъкидланишича, бугунги кунга қадар Наманган вилояти аҳолисидан Президентнинг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига 29 мингга яқин мурожаат ҳамда аризалар келиб тушган бўлиб, уларнинг 90 фоиздан зиёди асосли деб топилган ва назоратга олинган.

Сайёр қабуллар жараёнида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ўзларини қийнаётган муаммолар юзасидан бевосита тегишли соҳаларга масъул бўлган раҳбарларга мурожаат қилиш ва улар юзасидан жавоб олиш имконига эга бўлди.

— Сўнгги пайтларда давлат органларининг халқ олдидаги ҳисобдорлиги ошиши ўзининг ижобий натижаларини кўрсатмоқда, — дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Наманган шаҳридаги Халқ қабулхонаси мудири Баҳодир Каримов. — Буни бугунги сайёр қабул давомида шаҳримизда истиқомат қилаётган 50 дан ортиқ фуқаронинг мурожаатида кўтарилган муаммолар ўз ечимини топгани мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Чунончи, тадбир давомида 22 нафар ҳамшаҳримизнинг уй-жой, моддий ёрдам, бандлик, пенсия ва нафақа таъминоти, тиббиёт соҳаларига тааллуқли мурожаатларини жойида ҳал этишга муваффақ бўлинди. Масалан, наманганлик Аҳмаджон Мамашарипов ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун қураётган бино маълум сабабларга кўра бузиб ташланган ва бу муаммо узоқ вақтдан буён тадбиркорни қийнаб келаётган экан. Сайёр қабул чоғида А. Мамашариповга “ноль” қийматида кўчмас мулк ажратиш вазифаси шаҳар ҳокимлиги зиммасига юклатилди. Асоссиз равишда вазифасидан бўшатилган Муҳаббат Дадахонованинг мурожаати ҳам қонуний кўриб чиқилиб, бунинг натижасида у меҳнат фаолиятини яна ички ишлар идораларига қарашли госпиталда давом эттирадиган бўлди.

— Ҳудудимиздаги фаолияти тўхтаб қолган мактабгача таълим муассасаси ишини қайта тиклашни сўраб, мурожаат қилган эдим, — дейди Мингбулоқ туманининг Найманча қишлоғида яшовчи Ўғилой Исоқова. — Бугунги қабулда муассаса фаолиятини тиклаш юзасидан мутасаддиларга топшириқ берилди. Ўйлайманки, фарзандларимиз яқин вақт ичида боғча бағрида қувнаб-яйраб тарбия ола бошлайдилар.

Сайёр қабуллар жараёнида аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлар ҳар томонлама таҳлил қилиниб, уларнинг юзага келиш сабаблари ўрганилмоқда. Бунда кўп ҳолларда айрим мутасадди раҳбарлар ўз вазифасига лоқайдлик ва масъулиятсизлик билан ёндашаётгани кўрсатиб ўтилди. Шу маънода, тадбирда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилидан кўзда тутилган мақсад ҳамда вазифаларни рўёбга чиқаришда раҳбарларнинг бурчи ва масъулияти ҳақида алоҳида сўз юритилди. Одамларни рози қилиш, уларнинг қонуний мурожаатларини эътиборсиз қолдирмасдан тезкорлик билан ҳал этиш давлат идоралари раҳбарларининг биринчи даражали вазифаси экани ва уларнинг фаолияти ана шу мезондан келиб чиққан ҳолда баҳоланишига урғу берилди.

* * *

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати, Президентнинг Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонаси томонидан -пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур тумани аҳолиси учун ҳам сайёр қабул ташкил этилди.

Тадбирда Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов, шаҳар бошқарма ва ташкилотлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари иштирокида туман аҳолисидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатлар уларнинг муаллифлари иштирокида кўриб чиқилди.

Маълумотларга қараганда, жорий йилнинг 25 март кунига қадар Президентимизнинг Виртуал қабулхонасига Тошкент шаҳри аҳолисидан 140 мингдан ортиқ ариза ва шикоят келиб тушган. Шунинг 14 минг 638 таси Шайхонтоҳур туманига тўғри келади. Мурожаатларнинг 13 минг 836 таси жисмоний шахсларга, 802 таси юридик шахсларга тегишли бўлиб, аксарият қисми уй-жой олиш, ер ажратиш, уй-жойларнинг таъмирга муҳтожлиги, судларда ишларнинг кўрилиши ва суд қарорларининг ижро этилиши, банк-молия, тиббий хизмат, моддий ёрдам, пенсия таъминоти масалалари билан боғлиқ.

Туманнинг Гулобод кўчасида истиқомат қилувчи, имконияти чекланганига қарамай, қўлида ҳунари бўлган Наргиза Қодирова доимий иш жойи ва даромад манбаига эга бўлишни истайди. Унинг мурожаатини эшитган Тошкент шаҳар хотин-қизлар қўмитаси, туман бандликка кўмаклашиш маркази ходимлари муносиб иш топиб берадиган бўлди.

Фуқаро Саломат Алимбобоева эса фарзандининг ўқиши учун контракт тўловига ёрдам беришларини сўраб, банкларга қилган мурожаати ҳал бўлмаётганидан шикоят ёзган. Сайёр қабулда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Тошкент шаҳар Бош бошқармаси вакиллари ушбу масала юзасидан батафсил тушунтириш бериб, муаммони амалий ҳал қилиб берадиган бўлди. 

— “Асака” банкининг туманимиздаги филиали бу борада менга кўмак беришни ўз зиммасига олди, — дейди С. Алимбобоева. — Халқ қабулхонаси вакиллари мурожаатимнинг ижросини охиригача назорат қилишларини айтишганида янада хурсанд бўлдим. Ишончим комилки, фарзандим олий таълимни тамомлагач, элу юртимиз равнақи учун ўз ҳиссасини қўшади.

«Халқ сўзи» мухбирлари 

хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn