Чексиз эъзоз ва эҳтиром рамзи
  • 30 Апрель 2014

Чексиз эъзоз ва эҳтиром рамзи

Ўтганларни хотирлаш, эзгу ишларини ёдга олиш, шунингдек, бу ёруғ дунёда 

умргузаронлик қилиб, кексалик гаштини сураётган фахрийларимизни ардоқлаш, 

уларга ғамхўрлик кўрсатиш халқимизга хос қадриятлардандир. Ушбу олижаноб 

қадриятлар мустақиллик йилларида Президентимиз раҳнамолигида давлат сиёсати 

даражасига кўтарилди. Хусусан, мамлакатимизда 9 май — Хотира ва қадрлаш куни 

сифатида нишонланиши сўзимиз исботидир.

 

Қашқадарё вилоятида ҳам ушбу сана олдидан маданий-маърифий тадбирлар, учрашувлар ўтказилмоқда. Маҳаллалар, меҳнат жамоалари, ўқув масканларида уруш қатнашчилари, меҳнат фахрийлари билан ибратли мулоқотлар ташкил этилаяпти. Бундай тадбирлар ёшларимизни Ватанга муносиб фарзанд бўлишга, тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етишга ундаши, шубҳасиз. Шунингдек, байрам баҳона вилоят, шаҳар, туман марказлари, қишлоқларда, муқаддас қадамжолар ва зиёратгоҳларда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари бажарилмоқда. 

— Айни пайтда вилоятда 295 нафар уруш қатнашчиси истиқомат қилади, — дейди “Нуроний” жамғармаси Қашқадарё вилояти бўлими Кенгашининг раиси Январь Иноятов. — Давлатимиз раҳбарининг шу йил 18 апрелда қабул қилинган “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони нуронийларимизга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди. Мазкур ҳужжат ижроси доирасида қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, фахрийларга озиқ-овқат, саноат моллари ва совғалар бериш, қарияларнинг соғлиғини тиклаш учун сиҳатгоҳларга йўлланмалар, бепул ҳамда имтиёзли нархларда дори-дармон ажратиш, тарихий шаҳарлар ва қадамжоларга саёҳатларини уюштириш доимий эътиборда бўлмоқда. Наврўз байрами кунларида “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими, Қарши шаҳар ва туман бўлинмалари кенгашлари аъзолари  223 нафар уруш ва меҳнат фахрийсининг хонадонларида бўлиб, уларга иззат-ҳурмат кўрсатдилар. Фахрийларнинг соғлиғини яхшилаш мақсадида 2300 нафар нуроний тиббий кўрикдан ўтказилиб, улардан 1200 нафарига имтиёзли нархларда дори-дармонлар берилди. Ёлғиз кексалардан 68 кишининг уй-жойи таъмирланди. 

Президентимизнинг 2011 йил 30 майдаги “2011 — 2015 йилларда ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни  ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, кўмакка муҳтож ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларга ижтимоий хизмат ходимлари ҳамда Қизил Яримой жамиятининг ҳамширалари алоҳида ғамхўрлик кўрсатиб келмоқда. 

— Истиқлолга етишганимиз, юртимизнинг кундан-кун гўзаллашаётганини кўрганимизнинг ўзи катта бахт, — дейди ўузор туманида яшовчи меҳнат фахрийси Муртазо Мирзаев. — Бунинг учун беадад шукр қиламиз. Ҳаётимиз тинч, дастурхонимиз тўкин, одамларимиз эзгу амаллар билан банд. Президентимизга минг раҳмат, биз — кексалар ҳамиша ардоқдамиз. Яқинларимиз, дўсту биродарларимиз, маҳалладошлар доимо ҳолимиздан хабардор. “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вакиллари тез-тез йўқлаб келишади. 

Хотира ва қадрлаш тушунчалари замирида инсонга, унинг ҳаёти,  шаъни ва қадр-қимматига бўлган чексиз эҳтиром туйғуси мужассам. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек,  Хотира ва қадрлаш куни халқимизни янада бирлаштиради, унинг руҳига малҳам бўлади, иродасини бақувват, иймонини бутун қилади.

Аҳад МУҲАММАДИЕВ, «Халқ сўзи» мухбири. 

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn