Сувни исроф қилиш — увол
Версия для печати
  • 30 Апрель 2014

Сувни исроф қилиш — увол

Сув — тириклик манбаи. Бунинг маъноси шуки, уни асраб-авайлаш, ҳар томчисидан унумли ва тежаб фойдаланиш барчамизнинг бурчимиздир.

 Хўш, ҳар куни фойдаланаётганимиз ва усиз ҳаётимизни тасаввур қилиб бўлмайдиган бетакрор неъмат — сув истеъмолчига етиб келгунча қандай жараёнлардан ўтади ва  истеъмолдан сўнг қай усулда тозаланади? Бу каби саволларга куни кеча Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда “Сувсоз” давлат унитар корхонаси томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун “Қодирия” сув олиш иншооти ва “Салар” аэрация станциясига уюштирилган медиатур давомида жавоб олишга ҳаракат қилдик.

Биламизки, кейинги йилларда пойтахтимиз — Тошкент ҳақиқий мегаполис шаҳарга айланиб бормоқда. Бу ерда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, аҳоли сонининг кўпайиши табиий манбалар, хусусан, сувга бўлган эҳтиёжни ҳам тобора ошираяпти.      

“Сувсоз” мамлакатимиздаги йирик коммунал хўжалиги корхоналаридан бири бўлиб, у пойтахт аҳолисини узлуксиз сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, шаҳар оқова сувларини ажратиш ҳамда тозалаш каби юмушлар билан шуғулланади. Бугунги кунда Тошкент шаҳрининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 99 фоизни ташкил этишини ҳисобга олсак, пойтахтимиз аҳли ҳар куни 1,5 миллион куб метр атрофида сув истеъмол қилиши аён бўлади. 

— Бундай ишларни сифатли бажаришимизда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда Европа Тикланиш ва тараққиёт банки ўртасидаги кредит келишувига биноан, махсус инвестиция лойиҳаси амалга оширилгани айни муддао бўлди, — дейди иншоотнинг бош муҳандиси Абдухалил Ҳожиметов. — Чунки ушбу лойиҳа доирасида корхонамизга янги насослар ўрнатилиб, назорат ва бошқарувнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилди. Натижада ҳозирги кунга келиб, электр энергиясини 15 фоиз тежаш имконига эга бўлдик. Таъкидлаш керакки, Тошкент шаҳрининг сув таъминоти 7 та сув олиш иншооти орқали амалга оширилса, “Қодирия” уларнинг энг йирикларидан биридир. Иншоотимизда сув “Бўзсув” каналидан қабул қилингач, у биринчи ва иккинчи ҳавзаларда тиндирилади. Кейин насослар орқали фильтрлаш ва хлорлаш бўлимларида ишлов берилади, сўнг тоза ҳавзаларда йиғилиб, истеъмолчиларга юборилади. 

Иншоотимиз бир кеча-кундузда 1 миллион 375 минг куб метр сувни тозалаб, шаҳар тармоқларига жўнатади. Бунинг учун 220 минг кВт электр энергияси, 1400 килограмм хлор ва мавсумга қараб, 7-10 тонна аччиқтош эритмаси сарфланади. 

 Албатта, истеъмол қилинган, яъни оқова сувни тозалаш ҳам муҳим юмушлардан ҳисобланади. Чунки бу тадбир, аввало, экологик жиҳатдан фойдали бўлса, иккинчидан, сувдан самарали фойдаланишда қўл келади. “Салар” тўйинтириш иншооти жамоаси айнан шу иш билан банд. Ҳозирги кунда мазкур иншоот Тошкент шаҳрининг Яккасарой, Миробод, Мирзо Улуғбек, Чилонзор, Ҳамза, Сергели туманларининг 780-850 минг куб метр оқова сувини қабул қилади. Бу ерда эса у механик, биологик, зарарсизлантириш, кимёвий-бактериологик каби босқичларда тозаланади. 

Иншоот бошлиғи Камолбой Солибоевнинг айтишича, иш жараёнига замонавий услублар татбиқ қилинаётгани амалда ўз самарасини бермоқда. Масалан, Ислом тараққиёт банкининг инвестицияси иштирокида “Тошкент шаҳар канализация тармоқларини такомиллаштириш” лойиҳаси доирасида эскирган  ускуналар янгисига алмаштирилиб, тиндиргич ҳовузларининг кимёвий-бактериологик лабораторияси биноси мукаммал таъмирдан чиқарилди. Шунингдек, технологик жараённи доимий назорат қилиш мақсадида диспетчерлик биноси ҳам қурилмоқда. 

Бироқ баъзи ҳолларда айрим юридик ва жисмоний шахслар бефарқликка йўл қўйишаяпти. Баъзи корхоналарда, ҳатто бирламчи тозалаш иншоотлари ёки ускуналар мавжуд эмас. Фуқароларнинг уни истаганча исроф қилаётгани ҳам ачинарли ҳолдир.

Кўриниб турибдики, бир литр сувни ичишга яроқли ҳолатга келтириш учун қанчадан-қанча куч ва маблағ сарфланади. Аммо биз ҳар доим ҳам бу ҳақда ўйлаб кўрмаймиз. Сувни тежаш борасидаги оддий қоидаларга риоя қилавермаймиз. Айтайлик, қаердадир кимнингдир беэътиборлиги туфайли очиқ қолдирилган жўмракдан оқаётган зилол сувни беркитиб қўйиш баъзан хаёлимизга ҳам келмайди. Ёки сувни исроф қилаётганларга танбеҳ беришга ўзимизда журъат топа олмаймиз. Ваҳолонки, сувнинг ҳар томчисини асраш, уни тежамкорлик билан ишлатиш виждон ишимиздир. Зеро, сув она-заминимизнинг бебаҳо хазинаси, табиат мўъжизаси ва бетакрор минерал бўлиш баробарида, ҳаётимиз манбаи ҳамдир. Бу, ўз навбатида, бизнинг истеъмолчилик маданиятимизни ошириб, табиат инъомидан оқилона фойдаланишни талаб қилади.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn