Келажак учун муҳим қўлланма
  • 25 Март 2017

Келажак учун муҳим қўлланма

Республика Маънавият тарғибот маркази ҳузуридаги “Маънавият тарғиботчиси” ўқув марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” китобининг тарғиботига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Республика Маънавият тарғибот маркази томонидан Республика Байналмилал маданият маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда кенг жамоатчилик вакиллари, олимлар, ўқитувчилар ва журналистлар иштирок этди.

Республика Байналмилал маданият маркази раҳбари Н. Муҳаммадиев, Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси, юридик фанлар доктори Ф. Муҳиддинова ва бошқалар давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” китоби мамлакатимизда қонун устуворлиги, тартиб-интизом, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, жамиятимизда миллатлар ва динлараро ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлашда муҳим қўлланма ва дастур вазифасини ўташини таъкидлади. Китоб мана шундай эзгу мақсадлар жамулжамлиги баробарида, вилоятлар, туман ва шаҳарларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, одамларнинг ҳаётига таъсир қиладиган соҳалардаги ишларни жонлантириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳамда бошқа долзарб аҳамиятга эга бўлган тамойиллар ва вазифаларга бағишлангани билан ҳар бир китобхон ва ўқувчини улкан мақсадга — шу азиз диёр тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга ундайди.

— Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” китобини катта қизиқиш билан ўқиб чиқдим, — дейди Республика Маънавият тарғибот маркази бўлим мудири, юридик фанлар доктори Г. Маткаримова. — Китоб давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов арафасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашувларида сўзлаган нутқ ва маърузаларини қамраб олган. Шунингдек, Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг давлатимиз мустақилликка эришиш йўлидаги машаққатли ва дадил фаолияти, олиб борган изчил ва пухта сиёсати, юртимиз ва жаҳон тарихида муносиб тарихий ўрин қолдирганлиги ҳамда мустақиллигимиз асосчиси бошлаб берган босқичма-босқич ривожланиш, порлоқ истиқболга эришиш йўлидан бориб, бир тану бир жон бўлиб, Ўзбекистонимизни тараққий этган ва фаровон давлатга айлантириш — устувор вазифамиз эканлиги тўғрисидаги фикр ва ғоялар жамланган.

Ушбу китобда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган эзгулик ва тараққиёт, юрт тинчлиги, Ватан равнақи, халқ фаровонлиги йўлидаги ғоялар мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маънавий-маърифий ҳаётидаги ислоҳотларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА,

ЎзА мухбири.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn