Инсон ҳуқуқ ва манфаатлари кафолати профилактика инспекторлари фаолиятининг асосий мезонидир
  • 25 Март 2017

Инсон ҳуқуқ ва манфаатлари кафолати профилактика инспекторлари фаолиятининг асосий мезонидир

Пойтахтимиздаги “Туркистон” санъат саройида ички ишлар органлари таянч пунктлари кўрик-танловининг республика босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Меҳнат ҳамда Маданият вазирликлари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган танловда ҳудудий босқичларда ғолиб бўлган 14 та ички ишлар таянч пункти жамоаси иштирок этди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳоли тинчлиги, хавфсизлиги ва осойишталигини таъминлаш йўлида кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Буни ички ишлар тизимида олиб борилаётган янгиланишлар, хусусан, маҳаллаларда ички ишлар таянч пунктлари фаолияти йўлга қўйилгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Аммо ҳозирги тезкор замонда уларнинг фаолиятини янада кучайтиришни даврнинг ўзи талаб этмоқда. 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 24-25 февраль кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида шу ҳақда тўхталиб, жумладан, шундай деди: “Маҳалла жамиятимиздаги адолат тамойилларининг кўзгусига айланиши керак. Бу ер одамлар келиб фикрини, таклифини, дардини айтадиган, муаммосига ечим топадиган жой бўлиши лозим. Маҳалла раиси ва профилактика инспектори ҳудуддаги ҳар бир оиланинг аҳволидан хабардор бўлиши, ким нима билан машғул — ҳаммасини билиши даркор. Ушбу тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад маҳаллани кечаю кундуз одамларнинг аҳволидан хабардор бўладиган масканга айлантиришдир”.

Шундан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимиздаги мавжуд 3816 та таянч пункти профилактика инспекторларининг жамоатчилик вакиллари, яъни фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари раиси ва маслаҳатчилари, маҳалла посбони, яраштириш комиссиялари фаоллари билан биргаликдаги фаолияти сарҳисоб қилинди.

Ҳозирги пайтда таянч пунктларининг 75,6 фоизи ҳудудида тўгараклар, 78 фоизида кичик бизнес шохобчалари, 83,6 фоизида эса зарур анжомлар билан жиҳозланган болалар спорт майдончалари ишлаб турибди.

Уч босқичли кўрик-танловнинг қуйи босқичларида ғолиб бўлган таянч пунктлари мутасадди ташкилотлар мутахассисларидан иборат махсус гуруҳ томонидан адолат мезонлари асосида ўрганиб чиқилди. Баҳолаш жараёнида уларнинг кўргазмали ташвиқот лавҳалари билан жиҳозланишига, хизмат хоналари етарли эканлигига ҳамда ҳудудда спорт майдончалари ва кичик бизнес субъектлари мавжудлигига алоҳида эътибор қаратилди.

— Вилоятимизда 370 та ички ишлар таянч пункти мавжуд, — дейди Наманган вилояти ички ишлар бошқармаси Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бошқармаси бошлиғи, подполковник Рустам Дўсматов. — Президентимиз ташаббусига кўра “Пайшанба — жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни” сифатида эълон қилиниши муносабати билан таянч пунктлари фаолияти янада кучаймоқда. Профилактика тадбирларида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари билан бирга, кенг жамоатчилик вакиллари ҳам фаол иштирок этаяпти. Натижада жойларда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатлари сезиларли даражада камаймоқда. Танлов ҳақида гапирадиган бўлсак, унда иштирок этган ҳар бир профилактика инспектори ўз фаолияти давомида қўл келадиган илғор тажрибалар билан танишиш имконига эга бўлди.       

Кўрик-танловнинг республика босқичида 4 ҳудуд бўйича ғолиб бўлган таянч пунктлари эълон қилинди. Унга биноан, Пайариқ тумани, Алишер Навоий номидаги маҳалла ҳудудида жойлашган 199, Марғилон шаҳридаги “Гўраввал” маҳалла фуқаролар йиғинига хизмат кўрсатувчи 79, Қарши шаҳри, Гулшан маҳалласидаги 20 ҳамда Шароф Рашидов туманидаги “Қаҳрамон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 38-ички ишлар органлари таянч пунктлари биринчи даражали диплом ва “Matiz” русумли автомашиналар билан тақдирланди. Кейинги ўринларни қўлга киритган жамоаларга ҳам диплом, компьютер жамламаси, телевизор ва бошқа қимматбаҳо совғалар берилди. 

— Ҳудудимизда ҳунармандчилик ва тадбиркорлик яхши ривожланган, — дейди Пайариқ тумани, Алишер Навоий номидаги маҳаллада жойлашган 199-ички ишлар таянч пункти профилактика инспектори, катта лейтенант Аслиддин Муродов. — Шу боис ёшлар ва хотин-қизларни мазкур соҳага кенг жалб қилиш орқали ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатлари сезиларли даражада камайишига эришаяпмиз. Шу билан бирга, зарур спорт анжомлари билан жиҳозланган футбол, теннис, баскетбол майдончалари улар ихтиёрида. Бу борадаги фаолиятимиз ҳакамлар томонидан юқори баҳоланганидан жуда мамнунмиз. Айни чоғда бу зиммамиздаги масъулиятни янада оширади.   

Танловда турли номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди. Уларга ташкилотчиларнинг диплом ҳамда қимматбаҳо -совғалари тақдим этилди.

— Маҳалланинг ҳаётимизда тутган ўрни тобора ортиб бормоқда, —  дейди танловнинг “Маърифатпарвар маслаҳатчи” номинацияси ғолиби, Гулистон тумани, Деҳқонобод шаҳарчасидаги “Ибрат” маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси  Умида Расулова.  — Бу борада фуқаролар йиғинлари қошида ташкил этилган ички ишлар таянч пунктларининг салмоқли ўрни бор. Зеро, маҳалламиз фаоллари ва профилактика инспекторлари саъй-ҳаракати билан ҳудудимизда тинчлик ва осойишталик таъминланмоқда. Бундан кейин ҳам профилактика инспекторлари билан ҳамкорликни изчил давом эттирамиз. Кўрик-танлов асносида ўрганган илғор иш тажрибалари эса бу борада қўл келади.  

Танловда маҳалла гузари, ички ишлар таянч пунктлари инфратузилмасини такомиллаштириш, уларнинг жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда иш олиб бориши учун қулай шароит яратиш, таянч пунктлари моддий-техника базасини мустаҳкамлашда намуна кўрсатган ташаббускор раҳбарлар ҳам рағбатлантирилди. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т. Нарбаева сўзга чиқди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn