Фуқаролик жамияти институтлари ва ҳамкорлик
  • 25 Март 2017

Фуқаролик жамияти институтлари ва ҳамкорлик

Пойтахтимизда “Мустақил нодавлат нотижорат ташкилотлари тизимини ташкил этиш: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси томонидан ўтказилган тадбирда давлат органлари, ННТ ва ОАВ вакиллари ҳамда хорижлик экспертлар қатнашди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, турли соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини тубдан оширишга қаратилган давлат дастурлари ижросини таъминлашда фуқаролик жамияти институтларининг роли сезиларли даражада ошиб бормоқда. Нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа демократик институтлар фаолиятини такомиллаштириш учун ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар ҳамда тартиб-таомиллар давр талабларига мувофиқ такомиллаштириб борилаётгани уларнинг изчил ривожланишига замин яратаяпти.

Давра суҳбатида ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида халқ билан самарали мулоқот механизмларини жорий қилиш, жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг замонавий шаклларини, шунингдек, ижтимоий шерикликни ривожлантириш, фуқаролик жамияти тузилмалари, хусусан, ННТнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини янада ошириш айни зарурат экани қайд этилди. Бинобарин, ушбу вазифалар 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ўз ифодасини топган.

Хорижлик эксперт Саламон Ластер Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, фуқароларнинг фаоллигини оширишда фуқаролик жамияти институтлари, жумладан, ННТ муҳим ўрин тутаётганини, ижтимоий шериклик механизмининг самарали йўлга қўйилганини юқори баҳолади. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг ижтимоий аҳамиятга молик ташаббус ва лойиҳаларини амалиётга татбиқ қилишда давлат гранти, ижтимоий буюртмаси ва субсидиялари кўринишида молиявий қўллаб-қувватланаётганини алоҳида эътироф этди. 

Амалий мулоқот руҳида ўтган тадбирда мустақил ННТ фаолиятини ҳар томонлама такомиллаштириш, жамоатчилик назорати институтини кучайтириш масалалари юзасидан ўзаро фикр ва тажриба алмашилди.

Фарида МАҲКАМОВА,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn