Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олди олинмоқда
  • 24 Март 2017

Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олди олинмоқда

Мамлакатимиз Президенти таклифи билан ташкил этилган “Пайшанба — жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни” тадбирлари ўз самарасини бера бошлади. Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятчилик ва назоратсизликнинг олдини олиш борасидаги натижалар мисолида ҳам буни яққол кўриш мумкин.

Чунончи, Қорақалпоғистон Республикаси бўйича ёшлар, ўсмирлар ўртасида ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик ҳамда назоратсизликнинг олдини олиш профилактикаси гуруҳлари томонидан “Давомат” тадбирлари изчил давом эттирилмоқда.

— Навқирон авлод таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бошқармаси инспектори, катта лейтенант Азамат Ибрагимов. — Зеро, улар келажагимиз. Шундан келиб чиққан ҳолда, мактаб ёки коллежга қатнамаётган ўқувчиларни ўқишга қайтариш мақсадида ўтказилган ана шундай тадбирлар натижасида 3462 ўқувчи таълимни давом эттира бошлади. Фарзанд тарбиясига, уларнинг билим олишига беэътибор 115 нафар ота-она билан суҳбатлашилди.  Айни чоғда таълим муассасаларига 67 та тавсиянома киритилди. Бундан ташқари, ана шу йўналишда ота-оналар ва маҳалла фаоллари билан 808 марта учрашув ҳамда суҳбатлар ўтказилдики, буларнинг барчаси бугун ўз натижасини кўрсатмоқда.

Андижон вилояти бўйича ташкил этилган профилактика тадбирлари жараёнида таълим муассасалари раҳбарлари ва ота-оналарнинг фаоллиги янада ошгани кузатилди. Улар иштирокида Андижон тиббиёт коллежида ташкил этилган йиғилишда давомат масаласи атрофлича таҳлил қилинди. Унга кўра, ҳудуддаги мавжуд касб-ҳунар коллежларининг 19 тасида кўрсаткич 70 фоизга ҳам етмаслиги аниқланди. Балиқчи, Жалақудуқ, Андижон туманларидаги иқтисодиёт касб-ҳунар коллежлари фаолияти ҳам танқидий ўрганилди.

— Фарзандим Хўжаобод тиббиёт коллежида таҳсил олади, — дейди Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи Дилфуза Собирова. — Ўқишга бир оз кечикса, ўқитувчиси дарҳол қўнғироқ қилиб, сабабини суриштиради. Уйга вақтида келмаса, устози билан боғланаман. Шу тариқа фарзандимнинг ўқишга бўлган муносабатини тартибга солдик. Ўйлайманки, давомат масаласини ижобий ҳал этишда ўқув муассасаси ва оила ҳамкорлигини кучайтириш муҳим. Қолаверса, бу борада ота-оналар масъулиятини ошириш керак. Зеро, ўғил-қизларимизнинг таълим олиб, етук мутахассис бўлишидан, энг аввало, биз, ота-оналар манфаатдормиз. 

Навоий вилояти бўйлаб ўтказилган галдаги профилактика тадбирлари “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун ижросини таъминлаш, улғайиб келаётган авлод қалбида она-Ватанга муҳаббат руҳини юксалтириш ҳамда бу борада мутасадди идораларнинг масъулиятини юксалтириш масалаларига йўналтирилди. 

Жумладан, Қизилтепа агросервис ва транспорт касб-ҳунар коллежида туман ИИБ, прокуратура, “Камолот” ЁИҲ,  маҳалла фаоллари иштирокида ўтказилган тадбирда таълим муассасаларида давомат, ёшларни ёт ғоялар таъсиридан ҳимоялаш, улар онгида “оммавий маданият”га қарши маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди. Мавзуга оид ҳужжатли фильм намойиш этилди. Айни чоғда  ўқувчилар орасида китобхонликни тарғиб қилиш, уларнинг бўш вақтини тўғри  ташкил этиш борасида таълим муассасаси, маҳалла ва оила ҳамкорлигини янада кучайтириш юзасидан тавсиялар берилди.

— Бундай тадбирлар мунтазам  ўтказилиши ўқувчилар, ўқитувчилар ҳамда ота-оналар масъулиятини ошираётгани ҳозирданоқ кўзга ташланмоқда, — дейди Қизилтепа агросервис ва транспорт касб-ҳунар  коллежи ўқитувчиси Ирина Рўзиева. — Бу, албатта, ўғил-қизларнинг таълим-тарбиясини яхшилаш, уларни турли таҳдидлардан асрашга хизмат қилади. 

Сурхондарё вилоятидаги профилактика кунида ёшлар ўртасида жамоат тартибини сақлаш, жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилди. 

— Ҳудудимизда истиқомат қилаётган аҳолининг катта қисмини ёшлар ташкил этади, — дейди Узун туманидаги “Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Қудрат Бердиев. — Улар ўртасида олиб борилаётган кенг кўламли тушунтириш-тарғибот ишлари боис ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатлари сезиларли даражада камайишига эришилмоқда. Бу борада, айниқса, профилактика тадбирларининг аҳамияти катта бўлаётир. Мисол учун, кеча ўтказилган тадбирда профилактика катта инспектори, майор Б. Ҳусанов ва инспектор, катта лейтенант Э. Шоймардонов билан биргаликда ҳудуддаги умумтаълим мактаби ўқувчилари давоматини назорат қилишдан ташқари, ота-оналар ўртасида ҳам тушунтириш ишларини олиб бордик.

“Пайшанба — жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни” тадбирлари мамлакатимизнинг барча ҳудудида юқори савияда ўтказилди.

«Халқ сўзи» мухбирлари 

материаллари асосида тайёрланди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn