Фаровон ҳаёт, шоду хуррамлик ва укроналик
  • 23 Март 2017

Фаровон ҳаёт, шоду хуррамлик ва укроналик

ҳамюртларимизнинг баҳорий кайфият, эзгу ниятларида ёрқин акс этмоқда

Табиат уйғонди, бутун борлиқ баҳорнинг илиқ нафаси туфайли гўзаллашиб бормоқда. Секин-аста куртак ёзаётган -дов-дарахтлар, кўклам ёмғиридан куч олиб, кўкка бўй чўзаётган майсалар, гулу гиёҳлар чор-атрофга янада кўрк бағишлаб, дилларда эзгу ниятларни жўш урдирмоқда. Дошқозонларда сумалак, ҳалим пишаяпти. Қўни-қўшнилар бир-бирларини йўқлаб, кўксомса, кўкчучвара билан сийлашмоқда. Кўча-кўй, қиру адирларда варрак учираётган болакайларнинг беғубор кулгиси эшитилади... 

Бу асл миллий, энг ардоқли байрам — Наврўз шукуҳидир. Меҳр-оқибат, саховат, мурувват рамзи бўлмиш ушбу айёмни эмин-эркин, ҳамжиҳатликда, шоду хуррамлик билан нишонлаётган халқимиз шу ёруғ кунларга етказганига шукроналар айтмоқда.

“Йилимиз қутлуғ келсин, ҳосилимиз мўл бўлсин”, деган эзгу ниятлар билдирилаяпти. Бинобарин, Наврўз нафақат яшариш ва янгиланиш байрами, шу билан бирга, эл-улусга наф келтириш, мўътабар кексалар, ёрдамга муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олишдек улуғвор амалларни рўёбга чиқариш фурсати ҳамдир. Шу боис у мукарраму мўътабар, ҳар қанча эъзозламоққа муносибдир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Наврўз мамлакатимиз шаҳару қишлоқларида сайил тарзида кенг нишонланмоқда. Зеро, бу байрам ҳаёт абадийлиги, табиатнинг устувор қудрати ва чексиз саховатининг, кўп минг йиллик миллий қиёфамиз, олижаноб урф-одатларимизнинг бетакрор ифодаси саналади. 

Наврўз табиати Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили руҳига ҳамоҳанглиги билан алоҳида эътиборга молик. Мазкур шодиёнанинг сайил тарзида ўтказилгани айнан халқ билан мулоқотнинг амалдаги яна бир кўриниши бўлди.

Қолаверса, бебаҳо маданий мерос сифатида авлоддан-авлодга ўтиб келаётган Наврўз турли томошалар, халқ ўйинлари шодиёнаси сифатида ҳам қадрланади, ардоқланади.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудида бўлганидек, пойтахтимиз кўчалари, маҳаллалари ҳам ҳар қачонгидан ўзгача жозиба касб этган. Халқимизнинг эзгу ва олижаноб орзу-интилишларини ўзида мужассам этган, ўзаро меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва бунёдкорлик, хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётган Наврўзи олам мустақиллик йилларида мамлакатимизда яшаётган миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча ватандошимиз орзиқиб кутадиган, чин маънодаги умумхалқ байрамига айланди. 

Наврўз тантаналари Тошкент шаҳрининг 20 дан зиёд майдон ва истироҳат боғларида зўр кайфият ва кўтаринки руҳда нишонланди. Ушбу манзиллардаги махсус тайёрланган саҳналарда қадимий урф-одатларимизга хос бўлган дорбозлар, қизиқчилар, халқ театри вакиллари, аскиячилар, бадиий ҳаваскорлик жамоалари, фольклор-этнографик ансамбллар, цирк артистлари, бахшилар, шоир ва ёзувчилар, шунингдек, эл ардоғидаги санъаткорлар, кино ва театр актёрлари иштироки байрамнинг кўтаринки руҳда ўтишида муҳим омил бўлди.

Турли ноз-неъматлар, ҳунармандчилик маҳсулотларининг намойишини кўриб, дилда шукрона уйғонади.

Саҳналарда жонажон Ўзбекистонимизнинг мафтункор, гўзал табиати, лолазорлар, яшнаган чаманзорлар жамоли, турфа безаклар, ранг-баранг шарлар, ленталар акс этганига гувоҳ бўлиб, осмони мусаффо, замини ҳосилдор, суви зилол, тупроғи табаррук шундай гўзал юртда яшаётганинг билан фахрланасан.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг сайилга чиқиб, халқ билан мулоқотда бўлгани, Ўзбекистон аҳлини байрам билан муборакбод этгани юртдошларимизни янада қувонтирди. Хусусан, Президентимиз Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғига ташриф буюриб, каттаю кичик билан самимий суҳбатлашгани одамларни тўлқинлантириб юборди.  

Шу жумладан, пойтахтимизнинг Сайилгоҳ кўчасида ҳам эрта тонгдан карнай-сурнай садолари янгради. Отахону онахонлар шукронаси, чет эллик меҳмонларнинг ҳайрати, болажонларнинг беғубор табассуми файзли гўшадаги шодиёнага ажиб завқ улашди. 

— Президентимиз ташаббуси билан Наврўзнинг халқ сайли тарзида ўтказилгани барчамизни беҳад руҳлантирди, — дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, Ўзбек Миллий академик драма театри директори Фатхулла Маъсудов. — Очиғи, бу ерга йиғилган табаррук нуронийлар, ёшлар билан суҳбатлашиб, Наврўзни соғинганимизни ҳис қилдик. Яхши ниятлар билдираётган, мусаффо орзулар оғушида яшаётган юртдошларимиз ҳамиша саломат бўлсин, диёримиздаги файзу баракага кўз тегмасин. Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон халқига Наврўз табригида айтилганидек, ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва мурувват кўрсатиш, табаррук кексаларимизни йўқлаш, ногиронлар, ёрдамга муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиш, ҳашарлар ўтказиб, юртимизни янада обод қилиш каби савобли ишларимиз Наврўзнинг файзига файз қўшмоқда.

Жорий йилда истиқлолимизнинг 26 йиллигини нишонлаймиз. Мана шундай фараҳли паллада Ўзбекистонимизда рўй бераётган туб ислоҳотлар самараси — янги уй-жойлар, йўллар, кўприклар, даволаш муассасалари қурилаётгани, ҳар бир маҳалла ва кўчаларни обод этишга киришилгани, фарзандларимизнинг эртанги куни учун қўйилаётган мустаҳкам пойдевор Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан чуқур ва пухта ўйланган мақсад ва муддаоларнинг ҳаётбахш самарасидир. 

“Дўстлик” номли маданият ва истироҳат боғида ҳам ўзгача шукуҳ ҳукм сурди. Бир ёнда фольклор жамоалари ўлану лапарлар билан байрамни қиздирган бўлса, бошқа тарафда арқон тортиш, чиллак ўйинлари томошасидан ташриф буюрганлар завқ олди. Масхарабозлар, қўғирчоқбозлар, ёғоч от ўйнатувчилар ҳам ўз истеъдодларини кўрсатдилар. Эл ардоқлаган санъаткорлар ижро этган халқ қўшиқлари, лапар, айтишувлар, ёр-ёру яллалар ёшлар ижросида янгради. Катта ашулалар ижро қилинди.

— Наврўз инсонларни яхшилик, эзгуликка ундайди, — дейди Тошкент вилояти қозоқ миллий маданий маркази раисининг ўринбосари Динислом Канаев. — Шу боис ушбу айём ўзгача қувонч билан кутиб олинади. Мамлакатимизда барча миллат вакилларига тенг ҳуқуқли муносабат тегишли ҳужжатлар билан кафолатлаб қўйилган. Фаровон турмуш кечиришимиз, меҳнат қилишимиз, миллий урф-одатларимиз, анъаналаримизни асраб-авайлашимиз учун барча шарт-шароит мавжуд. Биз ана шундай муҳитда, ўзаро ҳурмат ҳамда меҳр-оқибат тушунчалари улуғланадиган гўзал заминда яшаётганимиздан чексиз фахрланамиз. Ўзбекистонимизни жуда яхши кўрамиз, унинг равнақига муносиб ҳисса қўшишни фарзандлик бурчимиз, деб биламиз. Наврўз муборак бўлсин!

Тошкентнинг кўркам ва сўлим манзилларидан яна бири — Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳам ҳар -доимгидан кўра янада гўзал либосга бурканди. Зеро, Наврўз тафти ва таровати бошқа ҳудудларда бўлганидек, бу майдонга ҳам латофат бахш этди. Ҳамма бир-бирини табриклади, қутлади. 

— Яхши ният, албатта, ижобат бўлар экан, — дейди Олмазор туманида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Салоҳиддин ота Зайниддинов. — Айниқса, Наврўз кунларида ҳар бир юртдошимиз қалбида эзгу ниятлар кўп. Мен ҳам аёлим, фарзандларим ва набираларим қуршовида улуғ бобокалонимиз номи билан аталувчи боққа келиб, Наврўзни нишонладик. Жуда яхши тайёргарлик кўрилибди. Бизни ҳурмат ва иззат билан кутиб олишди, баҳорий таомлардан татиб кўриб, шу кунларга етказганига қайта-қайта шукроналар айтдик. Мамлакатимизда рўй бераётган янгиланишлар, ўзгаришлар эса ана шундай беғубор орзуларнинг амалга ошишига кафолат бўлиб хизмат қилмоқда. Бу йил 85 баҳорни қаршиладим. Умримнинг асосий қисмини ёш авлод таълим-тарбиясига  бағишладим. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг илм-фан фидойиларига, таълим соҳасига қаратаётган эътиборидан жуда ҳам хурсандман. Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир хатти-ҳаракатида сўз ва амал уйғунлигини кўриб, кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшилмоқда. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида рўёбга чиқарилаётган ишлар бардавом бўлишини тилаб, барча-барчани Наврўз айёми билан муборакбод этаман. 

“Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун!”. Бугун мамлакатимизда янгича шиддат билан барча соҳада амалга ошири-лаётган ислоҳотларнинг туб мазмун-моҳияти Президентимиз томонидан илгари сурилган ушбу тамойилга қаратилган. Бу шу азиз заминда яшаётган ҳар бир фуқаро учун беқиёс эътибор, юксак эъзоз намунасидир. Бундай ҳурмат юртдошларимизнинг онгу тафаккури ва дунёқарашини ҳам ўзгартирмоқда. Одамлар бугунги ҳаётидан мамнун бўлиб, келажакка катта ишонч билан яшамоқда. Каттаю кичикнинг ҳаётга, меҳнатга муносабати ўзгариб, сиёсий ва ҳуқуқий маданияти тобора юксалиб бормоқда.

Дарҳақиқат, халқимиз манфаатини ўйлаб, узоқни кўзлаб олиб борилаётган сиёсат, ғамхўрлик эвазига қўлга киритилаётган ютуқлардан ҳар биримиз ғурурланиб, бошимизни баланд кўтариб яшашга ҳақлимиз. Бинобарин, барча ислоҳотлар, маънавий қадриятларимизга эътибор, келажак ворислари учун яратилаётган шарт-шароит ва ғамхўрлик, аҳоли саломатлигини асраш борасидаги туб бурилиш, халқ сайли тарзида нишонланган Наврўз байрамининг жозибаси ва шукуҳи ҳам, шак-шубҳасиз, истиқлол туфайлидир.

Жойлардаги тантаналар чоғида ана шу улуғвор мақсадлар, устувор вазифалар шеър ва қўшиқ, мусиқа ва рақсларда баралла мадҳ этилди. Тароналар дилларга олам-олам шодлик улашди. 

Хусусан, Наврўзнинг руҳи ва фалсафасида ўз аксини топган хайрия тадбирлари Қорақалпоғистон Республикаси шаҳару овулларида ҳам яққол бўй кўрсатди. Қораўзак туманида ўтказилган айём сайли фольклор гуруҳлари, бадиий ҳаваскорлик жамоалари, ансамбллар ижросидаги куй-қўшиқлар, кўргазмали чиқишлар билан  янада ўзгача шукуҳ касб этди. Ям-яшил майдонларга тикилган ўтовлар атрофида ўлану лапарлар айтилди.

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида бўлиб ўтган тадбирда эса “Кафгир куйди”, “Ҳалинчак”, “Кокил тўйи”, “Ҳаужар” сингари халқ томошалари намойиш этилди. Арқон тортиш, тош кўтариш, кураш каби спорт ўйинлари ғолибларига совринлар топширилди. Бундай шодиёналар Оролбўйи минтақасининг бошқа шаҳару туманларида ҳам бўлиб ўтди. 

Андижон вилоятидаги маданият ва истироҳат боғларига ташриф буюрганлар ҳам бетакрор томошалар гувоҳи бўлишди. Жумладан, Хонобод шаҳридаги сайил “Кўпкари”, “Чавандозлар беллашуви” каби анъанавий халқ ўйинларига уланиб кетди. Шаҳрихонда эса ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди. Андижон шаҳрининг тўртта маданият ва истироҳат боғида уюштирилган сайиллар давомида “Палов танлови” ўтказилиб, мазкур шоҳтаомнинг йигирмага яқин тури тайёрланди. Шоирлар мушоираси, аскиячилар чиқишлари, дорбозлар намойиши иштирокчиларга олам-олам завқ улашди. 

Бухоронинг Лабиҳовуз, Арк қалъаси, Пойи Калон мажмуалари кексаю ёш билан гавжум бўлди. Ибн Сино номидаги майдонда бўлган кишининг кўнглидан эса “Юртимизга байрамлар ярашади”, деган фикр ўтгани, шубҳасиз.

— Бухорода илк бор бўлишим, — дейди франциялик сайёҳ Алин Фор. — Омадим бор экан, бу айни Наврўз кунларига тўғри келди. Таассуротларим бир дунё. Бухоро кутганимдан кўра ҳам гўзал шаҳар экан. Халқингизнинг меҳмондўстлиги, самимийлигидан ҳайратландим. Наврўз сайлига чиққан миллий либосдаги йигит-қизларнинг чеҳралари она-табиатингиз билан уйғунлашиб кетгандек, гўё.

Янгиланиш ва яшариш айёми Жиззах вилоятида ҳам кўтаринки кайфият билан кутиб олинди. Шаҳару туманлар, маҳалла ва қишлоқлар, кўчаю хиёбонлар байрамона безатилган. Чунончи, Жиззах шаҳридаги “Ёшлар боғи”, “Наврўзбулоқ” халқ -сайилгоҳи ҳамда яна 5 та боғ воҳа аҳлини ўз бағрига чорлади. Уларда миллий ўйинлар, фольклор ҳамда миллий-маданий марказлар қошидаги бадиий дасталар чиқишлари, турли кўргазмалар, ош, ҳалим, сумалак сайиллари уюштирилди.

— Бу йил Наврўз байрамини кўтаринки кайфият ва шоду хуррамликда ўтказиш учун алоҳида ҳозирлик кўрилди, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Зафаробод тумани бўлинмаси раиси Яхшибой Тўйчиев. — Ҳудудимиздаги ўнга яқин маҳаллалар кўчалари тартибга келтирилди, ариқ ва зовурлар тозаланди. Таълим, тиббиёт, спорт, маданият муассасалари жойлашган манзиллар ён-атрофига манзарали ҳамда мевали дарахт кўчатлари экилди. 

Навоий вилоятининг Навбаҳор туманилик кекса ҳунарманд Кенжа Омонов вилоят марказидаги байрам сайлига ўзи ясаган зебу зийнат, тақинчоқлар билан бирга, тўрт дона чанқовуз ҳам олиб келган эди. Кўргазма ёнидан ўтиб кетаётган сайил иштирокчилари чанқовузнинг бепоён кенгликларни ёдга солувчи оҳангларини эшитгач, Кенжа аканинг атрофига “михланиб” қолишди.

— Наврўз вилоятимиздаги мавжуд 303 маҳаллада умумхалқ сайли сифатида нишонланди, — дейди “Маҳалла” хайрия -жамоат фондининг Навоий вилояти бўлими раиси Нормурод Исоқов. — Халқ ўйинлари, турли мусобақа ва танловлар айём дастурларидан кенг ўрин эгаллади. Шунингдек, байрам кунлари 1484 та эҳтиёжманд оила ҳолидан хабар олиниб, уларга алоҳида меҳр-мурувват кўрсатилди. 

Умумхалқ байрами арафасида Наманган вилояти шаҳару қишлоқлари ҳам баҳорий чечакларга бурканди. Айёмга тайёргарлик чоғида кўча ва хиёбонлар, ҳовлиларга ўтқазилган икки миллион тупдан ортиқ гул кўчатлари ҳудудларга ажиб тароват бахш этди.

—  Косонсойликлар бу галги Наврўзни табиат қўйнида — Қорасув қирлари бағрида нишонлашди, — дейди республика Маънавият тарғибот маркази вилоят бўлими раҳбари Сайфиддин Муҳиддинов. — Бепоён кенгликларда ташкил қилинган сайилга ташриф буюрганлар миллий ўйинлар, турли томошалардан баҳраманд бўлишди. Шунингдек, Наманган шаҳридаги “Камолот” ёшлар боғида ташкил этилган ҳаваскор рассомлар кўргазмасидан кун бўйи одам аримаган бўлса, Машраб номидаги боғда истиқлолимизнинг яқинлашиб келаётган 26 йиллигига рамзий тарзда 26 та дошқозонда сумалак қайнатилди.

Самарқанд вилоятида ҳам баҳор айёми умумхалқ сайиллари тарзида ўтказилиб, маданият ва истироҳат боғлари, хиёбону гузарларда бадиий ва ҳаваскор жамоалар чиқишлари, театр томошалари уюштирилди. Байрам ярмаркаси ташкил этилиб, дошқозонларда ош дамланди, айём дастурхонига сумалак, кўксомса, ҳалим сингари баҳорий таомлар тортилди. Университет хиёбонидаги таомлар кўргазмаси ҳам ҳудуд аҳли ва меҳмонларини бефарқ қолдирмади. 

Пайариқ тумани марказидаги Гўзал маҳалласида Наврўз таомлари танлови, кураш, арқон тортиш, хўроз уриштириш каби мусобақалар ўтказилди. Наврўз, тинчлик, дўстликни улуғловчи, мустақилликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар янгради. 

Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида яшовчи уруш ва меҳнат фахрийси Холмирза Райимбердиев Наврўз айёми -арафасида хонадонига бир гуруҳ меҳмонлар ташриф буюрганидан жуда мамнун. Улар отахонни байрам билан табриклаб, совға-саломлар топширишди. Умуман, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими томонидан уруш ва меҳнат  фахрийлари, 100 ёшдан ошган кексаларга жами 41 миллион  сўмлик туҳфалар ҳадя қилинди. “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши эса 11 нафар болани велосипед билан сийлаган бўлса, Янгиер шаҳрида ҳомийлар томонидан 7 нафар кичкинтойнинг суннат тўйи ўтказилди. Пойтахтдан эҳтиёжманд оилалар учун жўнатилган 572 та байрам совғаси ҳам ўз эгаларига етказилди.

Сурхондарё вилоятида сумалак, ҳалим пиширилаётган дошқозонлар атрофида кечаётган қизғин суҳбатларда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар самараси, анъаналаримиз янада қадр топаётгани хусусида сўз юритилди. Мисол учун, Термиз туманидаги сайилда “Отчопар” мажмуаси бўйлаб воҳанинг ҳар бир тумани рамзий “қўрғон”и тикланди. Сайилгоҳнинг бир томонида халқ амалий санъати намуналари кўргазмалари, яна бир томонида полвонлар, дорбозлару масхарабозлар томошалари уюштирилди. Якунда “Кимнинг ўтови зўр?” кўрик-танлови ва турли кўргазма ҳамда мусобақалар ғолиблари тантанали равишда тақдирланди.

Тошкент вилоятида бўлиб ўтган Наврўз сайлида гулларга бурканган кенг майдонда воҳанинг рамзий харитаси акс эттирилди. Ҳар бир шаҳар ва туман ўз ҳудудида янгиланиш ҳамда яшариш айёмини қандай қарши олаётганини намойиш қилди.

Энг катта жой Оҳангарон туманига ажратилган. “Қурама” халқ этнографик дастаси чиқишлари, новда ва қамишдан ясалган уй-рўзғор буюмлари кўргазмаси кўпчиликда катта таассурот қолдирди.

— Бу ерда ҳеч ким томошабин бўлмади, — дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Тошпўлат Маткаримов. — Барча рақсга тушди, жўровоз бўлиб қўшиқ куйлади. 

Баҳорни интиқлик билан кутган Фарғона вилояти аҳли ҳам байрам сайилларидан ўзгача завқ олди. Жумладан, Қувасой шаҳрининг “Камолот” боғида ўтказилган шодиёналарда 30 та маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари ўз ҳунармандчилик намуналари, баҳорий таомлари ҳамда кўргазмали чиқишлари билан иштирок этди. 

— Қувасойдаги “Кварц” корхонасига янги технологиялар ўрнатилиши муносабати билан юртингизга келгандим, — дейди италиялик мутахассис  Федерика Дъелия. — Шу баҳона ҳудудда ташкил этилган халқ сайилларига гувоҳ бўлдим. Ана шу шодиёналарда кўксомса ва сумалакнинг тайёрланиш жараёни билан яқиндан танишдим. Уйимга қайтгач, ушбу бетакрор таомларни ўз қўлим билан пишириб кўрмоқчиман. 

Хоразм вилояти аҳли шарқона янги йилни катта меҳнат ютуқлари билан қарши олди. Гап шундаки, айём арафасида воҳада 3 минг гектарга яқин майдон ободонлаштирилди, кўча ҳамда хиёбонлар тартибга келтирилди. Мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Ўз навбатида, тўйга тўёна сифатида Гурлан, Қўшкўпир ҳамда Янгибозор туманларида савдо ва маиший хизмат шохобчалари, яна ўнлаб кичик бизнес субъектлари ишга туширилди. 

Шодиёна кунларида Шовот каналининг икки қирғоғида аҳоли ва сайёҳлар учун барпо этилган дам олиш хиёбонлари, -сайилгоҳлар ниҳоятда гавжум бўлди. Жойларда ўтказилган халқ сайилларида янграган куй-қўшиқлар барчага кўтаринкилик бағишлади. 

Кун билан тун тенглашадиган, элларни, дилларни  бирлаштирган меҳр-оқибат айёми — Наврўзи олам Қашқадарё вилоятида ҳам ўзгача шоду хуррамликда кутиб олинди. 

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вакиллари, вилоят “Баркамол авлод” маркази аъзолари ҳамда касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари томонидан тайёрланган кўргазмали чиқишлар, қушлар, гуллар сайиллари, расмлар кўргазмаси тадбирга алоҳида файз бағишлади.

Ўлкамизда Наврўз шукуҳи ҳукм сурмоқда.

* * *

Майер НИКОЛАС, сайёҳ (Франция): 

— Аввало, шундай бетакрор юртда меҳмон бўлишнинг ўзи катта бахт. Қолаверса, ажойиб байрамингиз устидан чиқдим. Қувончимиз қўшалоқ бўлди.

Мана, ҳозир қадимий Хоразм заминидамиз. Унинг ўзига хос санъати, маданияти, илм-фани ҳақида қанча таъриф қилсак, оз. Бу ерда сайёҳлар учун барча шарт-шароит муҳайё. Одамларнинг самимий муносабати, меҳмондўстлигидан дилим ёришди.

Айниқса, баҳорий таомингиз — сумалакнинг таъми оғзимда қолди. Миллий ўйинларни кўриб, куй-қўшиқларни тинглаб, завқ олдим.

Қани эди, дунёнинг ҳар бир нуқтасида ана шундай байрамлар кўп бўлса!

 

ХВАН Чжун Ан, сайёҳ (Жанубий Корея):

— Ўзбекистон — қадриятлар қадр топган юрт экан. Мамлакатингизда катта шоду хуррамлик билан нишонланган Наврўз сайилларида қатнашиб, бунга бевосита гувоҳ бўлдим. Майдону хиёбонларда байрамона шукуҳ. Куй-қўшиқларнинг янгроқ садоси барчани рақсга чорлади. Маҳаллий ҳунармандларкўргазмасини томоша қилиб, ҳайратга тушдим. Бу маҳсулотларнинг ҳар бири чинакам санъат асарининг ўзгинаси! Дорбозлар чиқишлари, полвонлар беллашувлари, ўзига хос баҳорий таомлар... Айниқса, чавандозлар мусобақасидан бир олам таассуротолдим. Рости, саёҳатим учун Ўзбекистонни танлабянглишмаган эканман. 

 

«Халқ сўзи» мухбирлари материаллари асосида тайёрланди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn