Устюрт мўъжизасини янги авлод бунёд этмоқда
  • 30 Апрель 2014

Устюрт мўъжизасини янги авлод бунёд этмоқда

Бугунги кунда Президентимиз раҳнамолигида ишлаб чиқилган тараққиётнинг “ўзбек модели” кўплаб оламшумул янгиликларга йўл очмоқда. 

“Сурғил” кони негизида йирик ва ноёб газ-кимё мажмуининг бунёд этилиши — ана шундай тарихий воқеликлардан бири бўлди. Шу боис у “Устюрт мўъжизаси” дея эътироф ва эътибор қозонди. 

Давлатимиз раҳбари 25 апрель куни Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюриб, мазкур мажмуа қурилиши билан танишиш жараёнида ана шулар хусусида алоҳида тўхталиб ўтдилар.  

Дарҳақиқат, ҳозирги глобаллашув даврида дунё аҳлини ҳайратга солиш мушкул. Шунга қарамай, Устюрт газ-кимё мажмуининг нефть-кимё соҳасида дунёдаги энг йирик лойиҳалардан бири, деб тан олиниши барчамизга юксак фахр ва ифтихор туйғуларини бағишлайди. Сўзимизни мисоллар билан асослайлик. “Project Finance International” халқаро нашри ушбу объектни қуриш лойиҳасининг лойиҳавий молиялаш битимини нефть-кимё ва газ-кимё секторидаги 2012 йилнинг энг яхши лойиҳаси, деб эътироф этди. Шунингдек, у “Trade Finance Magazine” ва “Global Trade Review” нашрларининг “2012 йилнинг энг яхши битими” халқаро мукофотларига сазовор бўлди. 2014 йилнинг 13 мартида эса яна бир нуфузли халқаро нашр — “Infrastructure Journal” ушбу газ-кимё мажмуи қурилиши лойиҳасини “Нефть-газ соҳасидаги 2014 йилнинг глобал битими” мукофоти билан тақдирлади.

Эътибор қилинг, умумий қиймати 3,9 миллиард АҚШ долларилик ушбу корхона ишга тушгач, йилига 4,5 миллиард куб метр табиий газни қайта ишлаш ҳисобидан 3,7 миллиард куб метр газ, 387 минг тонна полиэтилен, 83 минг тонна полипропилен, 102 минг тонна пиролиз бензини ва бошқа қимматбаҳо маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконияти юзага келади. Албатта, буларнинг бари, аввало, Ўзбекистонимиз куч-қудрати, салоҳияти ва имкониятлари тобора юксалишидан далолат беради.

Яна бир қувонарли жиҳати, одам юрса оёғи, қуш учса қаноти куядиган саҳродаги улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширишда юртимизнинг юксак билим ва малакага эга ёшлари хорижлик мутахассислар билан тенгма-тенг туриб ғайрат-шижоат кўрсатмоқда. Бошқача айтганда, Устюрт мўъжизасини шу заминнинг янги авлоди, бунёдкор фарзандлари яратаяпти. Мен ҳам бугун ана шу йигит-қизлар сафида меҳнат қилаётганимдан фахрланаман. 

Насиб бўлса, мазкур ноёб корхонани биз, ёшлар ўзимиз ишга туширамиз ва ўзимиз бошқарамиз. Бутун дунёга “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи билан нефть-кимё соҳаси учун юқори сифатли маҳсулотлар етказиб берамиз.  

Мақсет ПРНАЗАРОВ, «Uz-Kor Gaz Chemical» Ўзбекистон — Жанубий Корея қўшма корхонасининг бўлим муҳандиси.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn