МДҲда энг бахтли мамлакат
  • 22 Март 2017

МДҲда энг бахтли мамлакат

Ҳар йили 20 мартда бутун сайёрамиз бўйлаб Халқаро бахт куни кенг нишонланади. Шуниси эътиборлики, БМТ Бош ассамблеяси таъсис этган мазкур сана айнан диёримизда ҳар бир инсон қалбида эзгулик чечаги ниш урган, Наврўз муносабати билан ўтказиладиган тантаналар авжига чиққан кунларга тўғри келади.

БМТ буюртмасига кўра, Халқаро бахт кунига атаб тайёрланадиган “World Happiness Report” (“Жаҳон бахт ҳисоботи”)да қайд этилишича, Ўзбекистон кейинги ўн йилликда фаровонлик ўсиши кўрсаткичида мунтазам кучли ўнликдан жой олмоқда.

Бу 2017 йилнинг энг бахтли мамлакатлари рўйхатида ҳам истисно бўлмади. Юртимиз ўтган йилдагига нисбатан икки поғона юқори кўтарилиб, 155 давлат орасида 47-ўринни эгаллади. Мазкур кўрсаткич билан Ўзбекистон МДҲ, Болтиқбўйи мамлакатлари, қолаверса, Италия, Япония, Корея Республикаси, Туркия, Гонконг, Хитой ва бошқа ривожланган давлатлардан ҳам илгарилаб кетди.

Экспертлар рейтингдаги барча мамлакатнинг турмуш даражасини ўрганиб чиқишди. Бу тадқиқотда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот, фуқароларни давлат томонидан ижтимоий ҳимоялаш, умр давомийлиги, муҳим қарорларни мустақил қабул қилиш имконияти даражалари ҳамда бошқа ҳаётий мезонлар ҳисобга олинди. Кузатувчилар рўйхатнинг юқори қисмидан ўрин эгаллаган мамлакатларда бахт-саодат асоси ҳисобланмиш аҳоли учун ғамхўрлик, эркинлик, бағрикенглик, ҳалоллик, саломатлик, даромадга эга бўлиш ва яхши бошқариш бўйича кўрсаткичлар юксак баҳоланганлигини таъкидлашди. Яна бир муҳим омил иш ўрнининг мавжудлиги ҳамда унинг сифатига қаратилганидир.

Рейтингнинг илк уч ўрнини Норвегия, Дания ва Исландия банд этган, Швейцария, Финляндия, Нидерландия, Канада, Янги Зеландия, Австралия ҳамда Швеция дастлабки ўнликдан жой олган. Рўйхатнинг поёнини Руанда, Сурия, Танзания, Бурунди ва Марказий Африка Республикаси якунлаган.

Р. АЛИШЕРОВ тайёрлади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn