Таъсис конференциялари ўтказилмоқда
  • 22 Март 2017

Таъсис конференциялари ўтказилмоқда

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонда маҳалладек ноёб тузилманинг ҳуқуқ ва ваколатларини янада кенгайтириш, уни энг халқчил тузилмага айлантириш, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман (шаҳар) кенгаши таъсис конференцияларини ўтказиш ҳамда бошқа қатор вазифалар белгиланган.

Шундан келиб чиқиб, жорий йил 15 мартдан Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман ва шаҳар кенгашлари таъсис конференциялари бошланди. 

Хусусан, пойтахтимизда бўлиб ўтган ана шундай тадбирлардан бирида Шайхонтоҳур тумани кенгашини тузиш, аъзоларини тасдиқлаш, кенгашнинг намунавий низоми масалалари муҳокама қилинди. Айни чоғда унинг ижро аппарати тузилмаси, яъни туман кенгашининг раиси, биринчи ўринбосари, раиснинг ёшлар ишлари, диний-маърифий масалалар, кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосарлари, кенгаш котиби тасдиқланди. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши таъсис конференциясида иштирок этиш учун ҳудуддаги мавжуд фуқаролар йиғинлари номидан бир нафар ишончли вакил қатнашиши маъқулланди ҳамда Тошкент шаҳар кенгаши ташкилий йиғилишида иштирок этиш учун 8 нафар делегат сайланди.

Конференцияда сўзга чиққанлар мазкур Фармон фуқаролар йиғинлари фаолиятини янада такомиллаштириш, маҳалланинг жамиятда тутган ролини ошириш ва аҳолига энг яқин тузилмага айлантиришда муҳим аҳамиятга эга эканлигини алоҳида қайд этишди. 

Сирдарё вилоятининг Боёвут тумани кенгаши таъсис конференциясида ташкилий масалалар кўрилди. Жумладан, туман кенгаши тузилди, кенгаш раиси, унинг биринчи ўринбосари, тегишли масалалар бўйича ўринбосарлари сайланди. Республика таъсис йиғилиши ва вилоят ташкилий конференциясида иштирок этадиган ишончли вакил ҳамда делегатлар аниқланди. 

— Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ташкилий-таркибий тузилмасидаги ўзгаришлар маҳалла институтининг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаоллигини янада оширишга хизмат қилади, — дейди “Ижодкор” маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Жумагул Норқўзиева. — Бу янгиликлар маҳалла фаолияти кўлами кенгайишига замин яратади. Хусусан, кенгаш ижро аппаратида раиснинг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари лавозими борлиги юртимизда фарзандларимизни баркамол этиб тарбиялашга қаратилган изчил ислоҳотларнинг яна бир амалий ифодасидир. 

Наманган вилоятининг Янгиқўрғон тумани кенгаши таъсис йиғилишида фуқаролар йиғинларидан сайланган делегатлар қатнашди.

Давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда вакиллари, маҳалла фаоллари иштирок этган ушбу тадбирда Фармондан келиб чиқадиган устувор вазифалар муҳокама қилиниши баробарида, ташкилий масалалар кўрилди. Шунингдек, -вилоят ташкилий конференциясига 8 нафар делегат, Республика таъсис йиғилишида иштирок этиш учун бир нафар ишончли вакил кўрсатилди. 

Эътиборлиси, фуқаролар йиғинларининг ижтимоий масалаларни ҳал этишда давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлигини кучайтириш мақсадида кенгаш таркибига давлат ва жамоат ташкилотларининг вакиллари ҳам киритилди. 

— Фармонда маҳалла институти фаолиятини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилгани нафақат соҳада меҳнат қилаётган фаолларни,  айни чоғда ҳар бир юртдошимизни мамнун этди, — дейди тумандаги “Қораполвон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Луқмонжон Азизов. — Зеро, ушбу тузилманинг янада халқчил идора сифатида шаклланишидан барчамиз манфаатдормиз. Шу маънода, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашига юридик шахс мақоми берилгани ва фуқаролар йиғинларининг уюшмаси шаклида ташкил этилаётгани айни муддаодир. 

Бундай тадбирлар мамлакатимизнинг бошқа қатор туманларида ҳам юқори савияда ташкил этилиб, тенглик, ошкоралик ҳамда муқобиллик асосида ўтказилди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn