Яшариш, янгиланиш ва ободлик фасли
  • 15 Март 2017

Яшариш, янгиланиш ва ободлик фасли

Қиш бўйи мудраб ётган она-заминни кўклам насими уйғотиб юборди. Офтобнинг ҳаётбахш нуридан ер етилиб, қир-адирларга зумрад гилам тўшаяпти. Баҳор элчилари бўлмиш бойчечаклар эса унга ажиб тасвирлар битиб, бутун борлиқ қайта ороланмоқда. Демак, Наврўз яқин...

Бундай фараҳбахш кезларда ўзингни табиатнинг ажралмас, узвий бир қисмидек ҳис эта бошлайсан, киши. Қалбингни бунёдкорлик ва яратувчанлик туйғулари чулғаб олади. Бу соҳибкорларни қадрдон боғ-роғлари, деҳқонларни қут-барака манбаи бўлган саховатли пайкаллари томон етаклайди. Чорвадорларни эса сурув-сурув отарлари ила яйловлар ўз бағрига чорлайди.

Қуёш ҳут буржига оғган шу кунларда барча-барча, айниқса, деҳқонлар қалбида ширин ташвишлар уйғонади. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки халқимиз айтганидек, ҳутнинг бир дақиқаси кузнинг ўн кунига тенг. Юртимизда кўкламги экин-тикин мавсумига нисбатан эрта киришилганининг боиси шунда. 

Чиндан ҳам, айни кунларда республикамизнинг қайси бир гўшасига борманг, қизғин иш устидан чиқасиз. Зотан, Президентимизнинг яқинда эълон қилинган “2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида ҳам деҳқончиликнинг янги мавсуми бошланиши, яшариш ҳамда янгиланиш, қут-барака, ободлик ва фаровонлик рамзи бўлмиш Наврўз арафасида маҳаллаларда, шаҳар ҳамда қишлоқларда ҳашарлар, кенг кўламдаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этиш бўйича кўплаб вазифалар белгилаб берилди. Бу эса -халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган азалий анъаналарга янгича маъно-мазмун бағишламоқда. 

Миллий удумларимизга кўра, оилада ўғил фарзанд туғилса, унга атаб ниҳол экилади. Бу эзгу амал шарқона янги йилнинг бошланиши, яъни табиат уйғонаётган Наврўз байрами арафасида бажарилади. Сабаби бу пайтда ўтқазилган кўчат бехато тутиб кетади. 

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Ўрмон хўжалиги бош бошқармасидан маълум қилишларича, мамлакатимизда 2017 йилнинг баҳор мавсуми учун 15 миллион тупдан ортиқ турдаги манзарали ва мевали дарахтлар ҳамда гул кўчатлари тахт қилиб қўйилгани кўкаламзорлаштириш ишларининг жадал кечишини таъминламоқда. 

— Тизимдаги 80 га яқин ўрмон хўжаликларида кўчатчилик йўлга қўйилган бўлиб, улар томонидан кўклам мавсумига 50 дан зиёд турдаги дарахт ва буталар ниҳоллари тайёрланди, — дейди Ўрмон хўжалиги бош бошқармасининг бўлим бошлиғи Ҳожимурод Толипов. — Уларни буюртмачиларга нафақат етказиб бериш, балки ҳар бир ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароити инобатга олинган ҳолда, жойларда боғ ҳамда яшил майдонлар яратиш, маҳалла ва тураржойларни ободонлаштириш чоғида дарахт ҳамда буталарнинг мақбул навини экишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Мисол учун, шўрланишга мойил ерларда кўктерак, қоратол, жийда, қайрағоч, заранг, шумтол, акация, тут, наъматак каби дарахт ва буталар ўтқазиш тавсия этилса, тоғли ҳудудларда арча, бодом, писта, ёнғоқ каби мевали ҳамда манзарали, шаҳарларда эса, асосан, кўркам қиёфа касб этиб ўсувчи дарахтлар, чиройли гуллайдиган буталар кўчатларини қадаш мақсадга мувофиқ. 

Таъкидлаш керакки, бугунги замон боғдорчилик олдига янги талаблар қўймоқда. Негаки, ҳудудларни кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш бўш жойга тўғри келган ниҳолни қадаш, дегани эмас. Ҳар бир туп дарахт ёки бута теварак-атрофдаги бино ҳамда иншоотлар қиёфасига уйғунлашиб, яхлит манзара касб этиши керак. Шу боис ўрмон хўжаликларида ландшафт дизайни эҳтиёжлари инобатга олинган ҳолда, каштан, япон софораси, эман, шумтол, мажнунтут, оққайин, арғувон, Қрим қарағайи, лола дарахти сингари манзарали кўчатларни кўпайтиришга жиддий аҳамият берилаётир. 

Мутахассисларнинг айтишича, кейинги пайтда, айниқса, лола дарахтига қизиқиш кучайган. Чунки у номига мос ўта мафтункор ўсимлик. Унинг камалакранг тусдаги гуллари худди лолани эслатади. Аммо бу тур, асосан, уруғидан кўпайгани туфайли ниҳолини ўстириш бирмунча мураккаб. Шундай бўлса-да, ўрмон хўжаликларида ушбу дарахт кўчатлари муваффақиятли кўпайтирилмоқда. Биргина жорий мавсум учун салкам 8 минг туп лола дарахти кўчати экишга ҳозирлаб қўйилгани бунинг яққол тасдиғидир. 

Боғбонлар янги боғ-роғлар барпо этишдан ташқари, мевали дарахтларни кесиш, шакл бериш ишларига зўр беришган. Мақсад ушбу муҳим юмушни новдаларда куртак бўртмай тугаллашдир. Жанубда эса кўмилган анор, анжир ва токлар очилиб, қатор ораларига ишлов берилаяпти. Ахир ўлкамизга уйғониш фасли — кўклам кириб келди. Элимизда, дилимизда Наврўз шукуҳи ҳукмрон.   

ўир-ғир эсаётган майин шабада дов-дарахтлар шохларини тортқилаб, қадимий байрамга пешвоз чиқишга ундайди. Жилғалар лабида қулоқ кўрсатган ялпиз бўйлари хаёлингни олиб қочади. Ана шундай кунларда қалбингда янги орзулар ниш уради, эзгу ниятлар куртак оча бошлайди. Кўкда гоҳ арғимчоқ, гоҳ гилам солиб учаётган турналар шўх хонишидан сергакланиб кетасан. Омонлик-эсонликда дориламон кунларга етказганига шукроналар айтасан. Дилингдаги тилаклар -тилингга кўчади: бу йилги деҳқончилик мавсуми ҳам қут-баракали келиб, юртимизга файз ёғилсин!

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn