Ёш иқтисодчига Президент совғаси топширилди
  • 14 Март 2017

Ёш иқтисодчига Президент совғаси топширилди

Ҳар бир мамлакатнинг тараққиёти, истиқболи, эртанги кунга ишончи унда вояга етаётган йигит-қизларнинг салоҳияти, билим ва тафаккури билан баҳоланади. Шу боис баркамол авлодни тарбиялаш вазифаси давлатимиз олиб бораётган сиёсатнинг энг устувор йўналишларидан бирига айланган. 

Ўз навбатида, аждодлари буюк кашфиётлар яратган мустақил диёримизнинг навқирон авлод вакиллари бугунги интилиши, изланиши ҳамда орзу-мақсадлари  билан турли соҳаларда юртимиз довруғини дунёга ёйибгина қолмай, ўз йўналишининг энг кучли мутахассиси сифатида халқаро эътибор ва эътирофга сазовор бўлмоқда. Ана шундай юртдошларимиздан бири, ёш иқтисодчи олим Рауфхон Салахўжаев яқинда  сайёрамиздаги энг кучли ёш иқтисодчилар юзталигидан жой олди.

— Ҳақиқатан ҳам, бу мен учун кутилмаган ҳамда ёқимли ҳодиса бўлди, — дейди Рауфхон. — Мазкур рейтингдан жой олишим — бу фақат шахсий муваффақиятим эмас, балки юртимизнинг ҳам ғалабасидир. Чунки Ўзбекистоннинг катта қисмини ёшлар ташкил этишини ҳисобга олган ҳолда, бизда мислсиз илмий салоҳият бор, деб ҳисоблайман ва яқин йиллар ичида мамлакатимиз, шубҳасиз, дунёнинг энг тараққий топган давлатлари қаторига қўшилишига ишонаман. 

Ҳали 30 ёшга ҳам тўлмаган олим 2012 йилда АҚШнинг “Fulbright” дастури стипендияси ғолиби бўлиб, Нью-Йорк давлат университетининг иқтисодиёт магистри илмий даражасини олган. У 2013 йилдан буён Тошкент Халқаро Вестминстер университетида талабаларга иқтисодиёт фанидан сабоқ беради. Айни чоғда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти катта илмий ходими сифатида самарали илмий изланишлар олиб бораяпти.

Шу ўринда Рауфхон қўлга киритган бу ютуқнинг яна бир ўзига хос жиҳати ҳақида айтиб ўтсак. Гап шундаки, у МДҲ мамлакатларидан энг ёш иқтисодчи олим эътирофига сазовор бўлган ягона вакилдир. Бу каби ёрқин натижалар пойдевори айнан истиқлол йилларида шакллангани ва тобора мустаҳкамланаётгани барчамизга алоҳида ғурур бағишлайди. 

— Набирам болалигидан китоб мутолаасига қизиқарди, — дейди Рауфхоннинг бувиси Нурия Усмонова. — Ўзим ўқитувчи, онаси ҳам шу соҳа вакили бўлганлиги -туфайли Рауфхон болалигидан ҳарфларни сўрайверарди, биз айтаверардик. Шундан кейин у уч ёшга кириб-кирмай ўқишни ўрганиб олди.

Ёш олим бизга юртимизда таълим-тарбия, илм-фанга қаратилаётган эътибор ҳақида тўлқинланиб гапирди.

— Мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида илм-фан ривожига, академиклар, олимлар фаолиятига эътибор тамомила ўзгараяпти, — дейди у. — Ҳаммамизни тўлқинлантирган яна бир воқеа шундаки, давлатимиз раҳбари Президент этиб сайланган кунларининг бошларида биринчи бўлиб мамлакатимиз  илм-фан вакилларининг етакчи намояндаларини бир даврага йиғдилар. Унда кўтарилган долзарб вазифалар аҳоли эҳтиёжларини қондириш баробарида, ҳаётини янада фаровон этиш, иқтисодиёт ривожининг жадаллигини таъминлашга хизмат қилади. 

Айни пайтда мен халқаро макроиқтисодий жараёнларни эволюцион биология ва психология нуқтаи назаридан тушунтириш йўналишида илмий изланишлар олиб бораяпман. Бу мавзу иқтисодиётда янги ҳисобланади. Тадқиқот ишларим дунё мамлакатлари орасида бозор институти сифати ҳамда даромадлар тенгсизлиги даражасидаги фарқлар 50 ёки 100 йил муқаддам эмас, балки ундан-да аввалроқ, халқ ва давлатларнинг маданий бойликлари шаклланаётган вақтда пайдо бўлганини тушунтиради. Мазкур йўналишда, бор-йўғи, бир неча иқтисодчи олим иш олиб боради, яқин 5 — 10 йил ичида иқтисодий ўсишнинг чуқур омилларини ўрганиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўз мевасини беришига ишонаман.

Рауфхон ўзи ёш бўлишига қарамай, айни пайтда бир қанча шогирдларни тайёрлаяпти. 

— Фикримча, иқтисодиёт соҳасига қизиқувчи ёшлар замонавий илмий адабиётларни кўпроқ ўқишлари керак, — дейди у. — Сабаби, иқтисодиёт айни дамда жуда ҳам тез суръатда ривожланиб бормоқда. Шунингдек, иқтисодчи ўз устида ишлаши, яхши статистик услубларни эгаллаши, доимо ўз-ўзини танқид қила олиши ҳам зарур. 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев юртимиз илм-фанининг етакчи вакиллари билан учрашганида, хорижнинг илғор ўқув ва илмий муассасаларида таълим ҳамда илмий даража олган юртдошларимиз учун мамлакатимизда қулай шарт-шароитлар яратиб бериш, уларни рағбатлантириш чораларини кўриш кераклигига алоҳида эътибор қаратган эди. Гап шундаки, сўз ва иш уйғунлиги яна бир бор ўз исботини топди. Президентимиз номидан Рауфхон Салахўжаевга пойтахтимиз марказида жойлашган замонавий ҳовли-жой совға қилинди. Тошкент шаҳар ҳокими уй калитларини топширар экан, мамлакатимиз раҳбарининг самимий тилакларини ҳам етказди. 

— Президентимизга биз, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётганлари учун чексиз миннатдорлик билдирамиз, — дейди Рауфхон. — Бундан кейин ҳам янада кўпроқ ишлаб, бор кучимни Ватанимизнинг гуллаб-яшнашига бағишлайман.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn