Эзгу қадриятларимиз бардавомдир
  • 10 Март 2017

Эзгу қадриятларимиз бардавомдир

Баҳор кириб келиши билан табиат уйғонади. Олам гултожи ҳисобланган одамлар кўклам юмушларига киришади: экин-тикин ишлари бошлаб юборилади, дарахт ва гуллар ўтқазилади, ён-атроф ораста кўринишга келтирилади.

Асрлар мобайнида шаклланган ушбу қадриятлар истиқлол шарофати билан умумхалқ ҳаракати даражасига кўтарилди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси фармойиши билан жорий йилнинг март — апрель ойлари юртимизда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойлиги, 11-12 март кунлари умумхалқ хайрия ҳашари сифатида белгиланиши ҳам ана шу эзгу анъаналаримизнинг бардавомлиги ифодасидир.

Бунинг замирида Наврўз байрамини муносиб нишонлашга тайёргарлик кўриш, халқимиз орасида оқибат ва ҳамжиҳатликни янада кучайтириш, беғараз ёрдам, меҳр-мурувват каби эзгу фазилатларни юксалтириш, маҳаллалар, аҳоли тураржойларини обод қилиш ҳамда кўкаламзорлаштириш, ҳудудларнинг санитария ҳолатини яхшилаш мақсадлари ўз мужассамини топган. Ҳаракатлар стратегиясининг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган муҳим вазифаларни рўёбга чиқариш ҳам кўзда тутилмоқда.

Айни чоғда ушбу умумхалқ тадбирини юқори савияда, уюшқоқлик билан ўтказиш борасида давлат ҳамда жамоат ташкилотлари пухта ҳозирлик кўрмоқда. “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан шу мақсадда ишчи гуруҳи тузилиб, махсус режа асосида иш олиб борилаётгани бунинг тасдиғидир.

— Ҳашар кунларида кенг кўламдаги ободонлаштириш ва хайру саховат тадбирлари амалга оширилади, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раиси ўринбосари Д. Усмонов. — Маҳаллалар, корхона ҳамда ташкилотларнинг ҳудудларини тозалаш, гузарлар, зиёратгоҳ ва қабристонларни тартибга келтириш, жойларда манзарали, мевали дарахтлар ҳамда гул кўчатларини ўтқазиш, янги боғ ва гулзорлар ташкил этиш, мавжудларига шакл бериш юмушлари кенг қулоч ёзади. Янги иншоотлар ҳамда корхоналар ишга туширилади. Пировардида Наврўзи оламни обод ва ораста манзилларда ёруғ юз, хушкайфиятда кутиб оламиз.

Ҳашар ўзаро ёрдам, инсонпарварлик, олижаноблик, саховатпешалик каби туйғуларни ёшлар онгига сингдиришга хизмат қилувчи тарбиявий аҳамияти билан ҳам ардоқлидир. Шу боис унда ёшларимизнинг ҳар галгидек фаоллик кўрсатишлари кутилмоқда. 

Ушбу тадбирдан тушган хайрия маблағлари эвазига эҳтиёжманд оилалар, ёлғиз қария ҳамда ногиронларга моддий ва маънавий кўмак кўрсатиш, уларнинг уй-жойларини жорий таъмирлаш, ҳовлисига ниҳол ҳамда гул кўчатлари экиш, ёш оилаларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, кам таъминланган оилалар фарзандларининг тўйларини ўтказишга ёрдамлашиш, болалар майдончаларини тартибга келтириш каби қатор эзгу амаллар рўёбга чиқарилади. Айни чоғда маҳаллаларда хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни янада ривожлантиришга кўмак бериш, фуқаролар йиғинлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда уларни зарур жиҳозлар билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. 

Умумхалқ хайрия ҳашарида кенг қулоч ёзадиган яратувчанлик ва хайру саховат тадбирлари Наврўз тантаналарига уланиб кетади. 

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn