Буюк инсоний фазилатлар соҳибаларига эҳтиром
  • 10 Март 2017

Буюк инсоний фазилатлар соҳибаларига эҳтиром

Аёлларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос олижаноб қадрият ҳисобланади. Бундай меҳр ва эътибор Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида бугун янгича маъно-мазмун билан бойиб бораётгани ҳар бир юртдошимиз қалбида чексиз фахру ифтихор туйғуларини жўш урдирмоқда. Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мамлакатимизнинг барча ҳудудида ташкил этилган байрам тадбирларида ана шу жиҳатлар яна бир карра ёрқин намоён бўлди.

Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасининг шаҳару туманларида ушбу айём кенг нишонланди. Нукус шаҳрида ўтказилган тантанали маросимга турли соҳаларда фидокорона меҳнат қилиб келаётган хотин-қизлар, нуроний онахонлар, турли ташкилот, вазирлик ҳамда идоралар вакилалари таклиф этилди. Тадбирда шоир ва ёзувчилар нозик хилқат эгаларига атаб ёзган шеърларидан намуналар ўқишди. Санъат усталари ҳамда ёш ижрочиларнинг концерт дастури кўнгилларга олам-олам қувонч бағишлади. 

— Бу галги байрам мен учун бир умрга унутилмас бўлди, — дейди Тўрткўл тиббиёт коллежининг 3-босқич ўқувчиси Гўзал Отажонова. — Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирландим ва энг фахрланарлиси, уни шахсан Президентимизнинг қўлларидан олдим. Бу ҳаяжонли онларни таърифлашга тил ожиз. Давлатимиз раҳбарининг меҳри, ғамхўрлиги, билдирган юксак ишончи, эзгу тилаклари зиммамизга катта масъулият юклайди. Уни оқлаш йўлида бор билим ҳамда салоҳиятимизни ишга соламиз.

Тантанада Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётган 300 нафардан зиёд хотин-қизларга совғалар топширилди.

Бухоро вилоятида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг беш мингдан ортиғини, шунингдек, фермер хўжаликларининг 250 дан зиёдини хотин-қизлар бошқаради. Бундан ташқари, ҳудудда халқ таълими, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимида фаолият кўрсатаётган ходимларнинг 

73 фоизини нозик қалб эгалари ташкил этади. Соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, турли ишлаб чиқариш тармоқларида ҳам аёлларнинг самарали меҳнат қилаётганини кўриш мумкин. Маҳаллий Кенгашларга сайланган 80 нафар депутат аёл ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшаяпти. Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан  вилоят марказидаги “Паризод” маросимлар залида уюштирилган байрам тадбирига ана шундай опа-сингилларимизнинг бир гуруҳи таклиф этилди.

Навоий вилоятида айни пайтда 468 мингдан ортиқ аёллар истиқомат қилиб, ўз меҳнати билан иқтисодий ислоҳотлар, маънавий янгиланиш жараёнида фаол қатнашмоқда. Байрам кунлари улар оилалар, маҳаллалар, меҳнат жамоалари ва муҳташам кошоналарда алоҳида эҳтиром оғушида бўлишди. Хусусан, вилоят ҳокимлиги томонидан ўтказилган тантанада фаол хотин-қизлардан бир гуруҳи фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди. 

Жиззахда ҳам сана муносабати билан кўплаб маданий-маърифий анжуманлар ташкил этилди. Вилоят хотин-қизлар қўмитаси ва Жиззах политехника институти ҳамкорлигида уюштирилган ана шундай тадбирлардан бирининг доирасида талаба-қизлар ўртасида пазандалик, тикувчилик, рақс, қўшиқ ижрочилиги, спорт, оналар учун байрам совғаси тайёрлаш каби қизиқарли шартлар бўйича кўрик-танлов ўтказилди. ўолиблар рағбатлантирилди.

Бугунги кунда Наманган вилоятида яшовчи хотин-қизлар ҳам халқ хўжалигининг турли соҳаларидаги меҳнати ва баркамол авлод тарбиясидаги иштироки билан ҳудуд ижтимоий-иқтисодий тараққиётига муносиб улуш қўшмоқда. Байрам арафасида уларнинг бир гуруҳи вилоят марказидаги “Шодиёна” тантаналар мажмуасига таклиф этилди. Файзли дастурхон атрофидаги маросим таниқли санъаткорлар ҳамда ижрочи ёшлар томонидан намойиш қилинган бадиий дастур билан мароқли кечди. Унда ишлаб чиқариш, таълим, маданият ва бошқа соҳаларда фаоллик кўрсатаётган аёлларга фахрий  ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалар топширилди.

Сирдарё вилоятида айём тадбирлари 100 ёшдан ошган онахонларга вилоят ва туман ҳокимликлари ҳамда “Нуроний” жамғармаси томонидан табрикномалар, гуллар ва совға-саломлар топшириш билан бошланди.

— Биз, кексаларга кўрсатилаётган иззат-эҳтиром умримизга умр қўшаяпти, — дейди Гулистон шаҳрида яшовчи 102 ёшли Турсунхон Тўғизбоева. — Халқаро хотин-қизлар куни арафасида вилоятимиз мутасаддилари бошчилигида бир гуруҳ меҳмонлар ташриф буюриб, байрам билан самимий қутлашгани эсда қоларли воқеа бўлди. Бундан жуда севиндим. Албатта, кексалари эъзозда бўлган шундай азиз юртда яшаётганимга яна бир бор шукроналар келтирдим.

Оналарга таъзим, аёлларга меҳр-оқибат, қизларимизга ғамхўрлик руҳида кечган тантанавор тадбирлар юртимизнинг барча туман ва вилоятларида шоду хуррамлик билан ўтказилди.

«Халқ сўзи мухбирлари хабарлари асосида тайёрланди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn