Миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари янгиланади
  • 08 Март 2017

Миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари янгиланади

Мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, соҳани янада такомиллаштириш, ҳайдовчи ва пиёдаларга қулайликлар яратиш мақсадида ҳукуматимиз томонидан қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилиниб, амалиётга татбиқ этилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 2 мартдаги “Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг янги намуналарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мисолида ҳам буни кўриш мумкин.

Унга асосан, юртимизда 2017 йил 1 октябрдан бошлаб миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштиришда миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг, автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказишда (қайта рўйхатдан ўтказишда) автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг янги намунасини бериш йўлга қўйилади.

Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси 1968 йил 8 ноябрда қабул қилинган Йўл ҳаракати тўғрисидаги Вена конвенцияси тавсияларига мувофиқлигини таъминлаш, миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаларни рўйхатдан ўтказиш ва уларни ҳисобга олиш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини самарали жорий этиш мақсадида тайёрланган. У махсус ҳимоя қатламларига эга. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасида Конвенцияда белгиланган мажбурий маълумотлар лотин алифбосида, ўзбек тилида ёзилади, у пластикдан тайёрланади. Гувоҳнома ўлчами 54х86 миллиметрдан иборат. Унда Ўзбекистон Республикаси номи -давлат тилида, рус ҳамда инглиз тилларида ёзилади.

Маълумки, эски миллий ҳайдовчилик гувоҳномасида А, В, С, D ва Е тоифалари акс эттирилган эди. Янгисида бунга бир оз ўзгартириш киритилди, яъни А, В, С, D, ВЕ, СЕ ва DЕ тоифалари акс эттирилади. А — мототранспорт воситаларини, В — А тоифага кирмайдиган, тўла вазни 3,5 тоннагача бўлган, ҳайдовчиникидан ташқари ўриндиғи 8 тадан ошмайдиган автомобилларни, С — D тоифага кирмайдиган, 3,5 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобилларини, D — йўловчи ташишга мўлжалланган, ҳайдовчиникидан ташқари ўриндиғи 8 тадан ортиқ автомобилларни ҳамда Е — тиркамали транспорт воситаларини бошқариш учун 10 йил муддатга берилади.

Қарорда амалдаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштириш муддати ҳам белгиланган. Яъни ҳар бир -ҳайдовчилик гувоҳномаси 2017 йил 1 октябрдан бошлаб 2018 йилнинг 31 декабригача эскисини янгисига, уларнинг берилган санасидан қатъи назар, фуқаро аризасига кўра, ихтиёрий равишда алмаштириб берилади.

2019 йил 1 январдан 2020 йилнинг 31 декабрига қадар эскиларининг барчаси берилган санасидан қатъи назар, мажбурий равишда янгиси билан алмаштирилади. 2021 йил 1 январдан эски гувоҳномалар ҳақиқий эмас, деб топилади.

Шу ўринда айтиш керакки, мазкур янги ҳужжат 1 октябрдан бошлаб ҳайдовчилар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш курсларини тамомлаганларга бир йўла берилади. Шунингдек, бирор-бир сабаб билан эскирган, яроқсиз ҳолга келган ҳамда йўқолган -ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унинг талони янгисига алмаштирилади.

Эски нусхадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳамда талонини алмаштириш учун ҳайдовчи ўқув ташкилотини тамомлаганлиги тўғрисидаги имтиҳон варақасини, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унинг талонини, тиббий кўрик маълумотномасини, тўлов чиптасини, транспорт воситасининг қайд этиш гувоҳномасини ёки ишончномани ҳамда шахсий паспортини, ўзи ҳайдовчи бўлиб ишлаётган корхона ёки ташкилотдан маълумотнома тақдим этиши лозим.

Автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ҳам янгиланади. У ҳам ўлчами 54х86 миллиметр бўлган пластикдан тайёрланади.

Гувоҳноманинг олд томонида “Avtomototransport vositasi ro‘yxatdan o‘tkazilganligi to‘g‘risida guvohnoma” ёзуви ўзбек, рус ва инглиз тилларида ифодаланади. Қолаверса, байроғимиз тасвири, “Ўзбекистон Республикаси” сўзлари, Автомототранспорт воситаси давлат рақам белгиси, ишлаб чиқарилган йили, автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳнома берилган сана, автомототранспорт воситаси эгаси тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади.

Автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг орқасида автомототранспорт тўғрисидаги маълумотлар, яъни русуми, модели, тури, кузов/шоссе рақами, тўла вазни, юксиз вазни, двигатель тоифаси ҳамда қуввати, ёнилғи тури, ранги, барча ўринлар сони, тик туриладиган ўринлар сони, алоҳида белгилар мажбурий тартибда ифодаланади.

Автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани янгисига алмаштириш ишлари 2017 — 2020 йиллар мобайнида амалга оширилади. Ҳайдовчи автомототранспортни мажбурий техник кўрикдан ўтказишга тақдим этганида эскиси янгисига алмаштирилади. Эски намунадаги гувоҳномалар ҳам 2021 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас, деб ҳисобланади.

Мазкур пластик гувоҳномаларда автомототранспорт воситаси техник кўрикдан ўтказилганлигини акс эттирувчи белги қўйиладиган жой йўқ. Шу боис автомототранспорт воситаси техник кўрикдан ўтганлиги тўғрисидаги талон ҳам жорий қилинди. Техник кўрик натижаси унда акс эттирилади.

Умуман, бу қарор асосида жорий қилинаётган янгиликлар йўл ҳаракатининг барча иштирокчиси учун айни муддаодир.

Холматжон СAЙДАЛИЕВ,

Ўзбекистон Республикаси

Ички ишлар вазирлиги 

Йўл ҳаракати хавфсизлиги

бош бошқармаси бошлиғи, полковник.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn