«Дунфан Цзаобао» газетаси Соғлом бола йили ҳақида
  • 29 Апрель 2014

«Дунфан Цзаобао» газетаси Соғлом бола йили ҳақида

Яқинда Шанхайда чоп этиладиган оммабоп “Дунфан Цзаобао” газетасида “Ўзбекистон 2014 йилни “Соғлом бола йили” деб эълон қилди” сарлавҳали мақола босилиб чиқди.

Чжоу Цзинь қаламига мансуб ушбу мақолада аҳолининг ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиниши, айниқса, жисмонан соғлом ва маънан баркамол авлодни тарбиялаш Ўзбекистонда давлат сиёсатининг энг муҳим устуворликларидан бири эканлиги алоҳида таъкидланади. “Бундан олдин ҳаётга татбиқ этилган “Она ва бола йили”, “Баркамол авлод йили”, “Оила йили” сингари Давлат дастурлари доирасида ҳам кенг қамровли ишлар амалга оширилган эди”, деб ёзади у.
Нашрда қайд этилишича, “Соғлом она — соғлом бола” умуммиллий дастури доирасида ҳаётга татбиқ қилинган улкан ишлар мамлакат ва жамият тараққиёти учун биринчи даражали аҳамиятга эга бўлган вазифаларни ҳал этиш имконини берди. Шу тариқа мамлакат соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш давомида она ва бола саломатлигини муҳофаза этишнинг миллий модели яратилдики, у бугунги кунда бутун дунёда ўз эътирофини топди.
Шунингдек, газета 2014 йили Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимининг моддий-техникавий базасини янада мустаҳкамлашга, тиббиёт муассасаларини замонавий юқори технология асбоб-ускуналари билан жиҳозлашга ҳамда улар юқори малакали кадрлар билан таъминланишига янада катта эътибор қаратилишини ўз ўқувчиларига маълум қилган. Муаллиф қайд этганидек, Ўзбекистонда кўп тармоқли болалар марказини қуриш кўзда тутилган ва у Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳудудида ягона марказ бўлади.
Нашрда Ўзбекистонда ота-онасиз ва имконияти чекланган болаларга алоҳида эътибор қаратилиши хусусида ҳам атрофлича тўхталиб ўтилган. “2015 — 2017 йилларда Меҳрибонлик уйлари, ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ва мактабгача тарбия муассасаларининг моддий-техника базасини босқичма-босқич мустаҳкамлаш, ривожланган мамлакатларнинг илғор тажрибаси ҳисобга олинган ҳолда, ўқув-тарбия жараёнини тубдан такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар кўрилади. Соғлом боланинг тарбияланишида, оилаларга, биринчи навбатда, ёшларга ўз вақтида моддий ва маънавий кўмак кўрсатилиши борасида маҳалла институтининг ролини оширишга, унинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга катта эътибор қаратилмоқда”, дея ёзилади газетада.
Юқоридагилардан ташқари, нашрда “Соғлом бола йили” Давлат дастурида мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш кўзда тутилганига ҳам эътибор қаратилган. “Болалар ҳар томонлама баркамол, маънавий, эстетик ва жисмоний жиҳатдан ривожлангани ҳолда, уларни мактабга тайёрлашнинг янги дастурларини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш мўлжалланган. Болаларнинг хорижий тилларни ўрганишларига алоҳида эътибор қаратилади. Бунинг учун мактаблардаги чет тиллар кабинетлари замонавий ахборот-коммуникация ва техника воситалари билан жиҳозланмоқда”, дея ёзилади “Дунфан Цзаобао” газетасида.

«Жаҳон» АА.
Шанхай

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn