Уй бекасининг ибрати
  • 08 Март 2017

Уй бекасининг ибрати

Сариосиё туманининг “Тоқчиён” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги Маржона маҳалласида яшовчи Маҳматқул Алибоевлар оиласини “ғазалхонлар оиласи” дейишади. Хонадон соҳиби Маҳматқул аканинг касби —ҳисобчи. Турмуш ўртоғи Шарифа Алибоева эса тикувчи.

Шарифанинг отаси Сайфиддин Раҳмонов китоб шайдоларидан эди. Қуш уясида кўрганини қилади, деганларидек, шу хонадонда ўсиб, вояга етган Шарифа ҳам болалигиданоқ китобга ошно тутинди. Мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ Фирдавсийнинг “Шоҳнома”сини тўлиқ ёд олди. У Навоий, Машраб, Огаҳий, Лутфий асарларини ҳам кўп мутолаа қилади. 

Оиланинг ёш вакиллари — икки қиз ҳам китобни севади. Хонадон соҳиблари тез-тез ғазалхонлик қилиб туришади. Бу борада ҳозир 4-синфда ўқиётган Шаҳзода Алибоевага етадигани йўқ. У ғазални равон ва ифодали ўқийди. Навоийнинг “Хамса”сидаги “Лайли ва Мажнун” достонини тўлиқ мутолаа қилган. У 2015 йилда Термиз шаҳрида ўтказилган “Китобхон оила” кўрик-танловида биринчи ўринни қўлга киритди. Оиланинг катта қизи Шоҳсанам эса 300 дан ортиқ ғазал билади. У бу йил Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетига кириш орзусида. Ҳозир шунга тайёргарлик кўраяпти. 

— Ота-она китоб ўқиса, албатта, уйда фарзандлар ҳам шундай йўл тутади, — дейди Маҳматқул ака. — Мен мутолаани канда қилмайдиган шундай аёлим борлигидан фахрланаман. У қизларимни ғазал ва рубоий ўқиб тарбиялайди. Фарзандларим ҳам ҳар икки гапнинг бирида мақол ёки шеърий сатрларни ишлатади. Уларнинг одоби, ўзларини тутиши, аъло ўқишларида онасининг хизмати катта. Демак, буларнинг барчаси китоб туфайли.  

— Китобхонликка одатланиш — фазилат. Чунки асар ўқишни яхши кўрадиган кишидан ёмонлик чиқмайди, аксинча улар ҳар доим эзгуликни ўйлаб юришади, — дейди “Маржона” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Раҳмон Қодиров. — Навоий, Бобур сингари буюк шоирларимиз ғазалларини ёд олган Алибоевлар оиласи эса фикримиз далилидир. Шунинг учун ҳар доим ушбу оилани ибрат қилиб кўрсатамиз. 

Оиланинг кенжа фарзанди — ҳали ғазал нелигини яхши англамасдан унинг сўзларини тўғри, равон ва ифодали тарзда айтаётган Шаҳзодага эса ҳавасимиз келди. Қизалоқнинг бахти шундаки, унинг онаси адабиёт мухлиси. Гарчи оддий уй бекаси бўлса ҳам, рўзғор юмушларидан ортиб, фарзандларини китобга ошно этган бундай оналар сафи ортиб бораверсин, деймиз.

Нормурод ТЕМИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn