Оиламиз файзи
  • 08 Март 2017

Оиламиз файзи

2006 йилнинг ёзида тўйимиз бўлиб ўтди. Ҳеч эсимдан чиқмайди: никоҳимиз арафасида қайнонам Муҳаррам ая “Беш қизим бор. Дилфузахонни келин эмас, олтинчи қизим деб биламан”, деганди. Ўшанда юрагим “жиз” этди. Беихтиёр бу оқила аёлни яхши кўриб қолдим. Шу-шу қайнонамни онам қаторида кўраман. “Онажон” деб эркаланган пайтларим кўп бўлади. 

Ўзим асли Жондор туманиданман. “Қиз бола палахмоннинг тоши”, деганларидек, Когон туманидаги  Чолоки қишлоғига келин бўлиб тушганман. Янги муҳит, ўзгача тутум — буларга кўникиш осон кечмаган. Аммо қайнонамнинг ширинсўзлиги, меҳрибонлиги, ҳолатимни тушуниши, бағрикенглиги бу оилага тезда мослашиб кетишимга сабабчи бўлди.

Қишлоғимиздаги 1-умумий ўрта таълим мактабида ўқитувчилик қиламан. Ишдан ҳориб келган пайтларимда қайнонамнинг бир оғиз ширин сўзи мени қушдек енгиллаштиради. Яна бир ибратли одатлари бор: яхшимизни ошириб, ёмонимизни яшириб гапирадилар. Қўни-қўшнилар, ҳамкасбларим шу боисдан ҳам  “Ажойиб қайнонангиз бор-да”, дея ҳавас билан қарашади. 

Турмушда аччиқ-чучук гаплар бўлиб туради. Ёш эмасмизми, баъзан хато қиламиз. Шундай кезларда қайнонам беозоргина танбеҳ берадилар. Бундан оғринмайман. Хатони тузатишга, кўнгилларини юмшатишга ҳаракат қиламан. Бирпасда яна апоқ-чапоқ бўлиб кетамиз.

Дарвоқе, бешала қайинопам ҳам олий маълумотли. Ўзларига тинч. Бир-бирларига меҳр-оқибатли. Бу қайнонам берган тарбиянинг меваси, албатта.

Гарчи, нафақада бўлсалар-да, тиниб-тинчимайдилар. Невараларини ҳам меҳнатсеварликка ўргатадилар. Айтмоқчи, ҳовлимиздаги  тўрт сотих ерда иссиқхонамиз бор. Помидор, карам, турли резаворлар етиштираяпмиз. Қўшимча даромад қилаяпмиз. Қисқаси, рўзғоримиз бут, турмушимиз фаровон. Буларнинг барчаси фахрим, давлатим — қайнонам туфайлидир.

Ҳаммага ҳам худди шундай қайнона насиб этсин, дейман!

Дилфуза ТЕМИРОВА.

Когон тумани

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn