Ватанни севишни ўргатганингиз учун раҳмат
  • 08 Март 2017

Ватанни севишни ўргатганингиз учун раҳмат

Онажон! Сиздан узоқда бўлсам-да, бу галги байрам табригимни аскар онаси сифатида қабул  қилаётганингиздан қалбингиз қувончларга тўла эканлигини чуқур ҳис этаяпман. Негаки, ҳали уйдалигимда,“Онажон, мени муддатли ҳарбий хизматга оладиган бўлишди, танлов синовларидан яхши ўтибман”, деб келганимдаёқ қанчалар суюнганингиз кўз ўнгимда.

Мана, ҳадемай, Ватан олдидаги фарзандлик бурчимизни ўташни бошлаганимизга ҳам бир ой бўлади. Рости, шу қисқа вақт ичидаёқ  армиянинг қайноқ ҳаёти бизга кўп нарсани ўргатди. Масалан, “Ватан” сўзи нега “она” каломи билан вобаста эъзозланишини теран англаб етдик. Чунки Ватан ҳам она каби меҳрибон ва суюкли. Уни авайлаш, ҳар қарич тупроғини кўз қорачиғидек асраш эса биз, шу азиз юрт ўғлонларининг муқаддас бурчи, шарафли вазифамиздир. Ватанни севишни сиздан ўргандик. Бу туйғуни бизнинг қалбимизга сингдирганингиз учун сизга минг бора қуллуқ. Сиз каби оналарнинг беқиёс меҳрингиз, “Ўғлим, сенга ишонаман, юртингга муносиб посбон бўлгин”, деган сўзларингиз ҳамиша қалбимизнинг тўрида туради.

Яна шуни айтмоқчиманки, қисмимиздаги яшаш шароитимиз ҳавас қилса арзигулик. Дарвоқе, тез орада ўзингиз ҳам бунинг гувоҳи бўласиз. Демоқчиманки, бизларнинг қасамёд қабул қилиш тантанамизга Сиз — ота-оналарни ҳам таклиф қилишар экан.

Онажон! Байрамингиз муборак бўлсин! Ушбу мактуб орқали барча опа-сингиллар, момоларимни, қолаверса, юртимиздаги жамики аскар оналарини, хотин-қизларни қутлуғ айём билан сафдошларим номидан самимий табриклайман. 

Авазбек ЭРГАШЕВ,

оддий аскар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Онамдек азиз устозим Оиламиз файзи »