Онамдек азиз устозим
  • 08 Март 2017

Онамдек азиз устозим

Вафо рамзи, назокат, латофат, нафосат тимсоли, меҳру муҳаббат қўрғони, сабру қаноат соҳибаси, Яратганнинг буюк мўъжизаси...

Она ва оналик рўйи заминимиз тимсоли. Сайёрамиз қиёфасида Яратган оналар сиймосига ҳайкал қўйган бўлса, ажаб эмас. Кўз олдингда ушбу таърифга мос ҳаётий қаҳрамонлар гавдаланади. 

Кечагидек эсимда, онам қўлимдан етаклаб мактабга олиб борди. Сочимнинг турмаги ёқмай, мактаб остонасига қадар инжиқлик қилдим. Ўқитувчим: “Вой, мана бу қизнинг сочи бунча чиройли”, дея худди инжиқлигимдан хижолат тортаётган онамнинг аҳволини билгандек илтифот билан жажжи қўлларимдан тутди. Мактаб остонасини илк бор ҳатлатган бу устозимнинг исм-шарифи  Маърифат Файзиева эди. Устоздан ўқувчи қалби, истагини ҳис этишни ўргандим (бироқ бунинг учун ҳали ўн тўрт йил бор эди).

Маърифат опа Файзиева мактабимизнинг математика фани ўқитувчиси эди. Устозга илк кунлардаёқ қўйган меҳрим математикага қизиқишимни оширди. Ўқитувчилик касбини танлашимнинг сабаби  ҳам шу, десам, адашмайман.

1995 йили Навоий давлат педагогика институтининг математика ва информатика факультетини тамомлаб, ўзим таҳсил олган Кармана туманидаги 1-умумий ўрта таълим мактабига қайтдим. Илк дарсга киришим, ҳаяжон босди. Маърифат опа синфга бошлади. Ўқувчиларга таништиргач, “бошла” дегандек бош ирғаб, орқа парталардан бирига ўтирди. Ҳаяжоним икки ҳисса ортиб, қачон танаффус бўларкан, дея тез-тез соатимга қарайман. Устоздан олган илк ўгитим ўшанда  вақт масаласида бўлган эди.

Устознинг самимийлиги, меҳнатсеварлиги, бағрикенглик, ўзига талабчанлиги ҳамкасбларга ҳурмати, айниқса,  ўз ютуқларини бутун жамоа номи билан боғлаши бизга намуна эди.

— Иморатдаги битта қийшиқ ғишт ҳам бориб-бориб унинг ҳуснини бузади, — дердилар устоз. — Ҳар бир муаллим ўз касбининг фидойиси бўлмаса, ўқувчи таълим-тарбиясида бу ҳам, албатта, ўз аксини топади.

Маърифат опа мактабимизнинг тажрибали ўқитувчисигина эмас, маҳалламиздаги намунали оилалардан бирининг бекаси ҳам эди. Умр йўлдоши билан тўрт фарзандни ўстириб, барчасини олий маълумотли, уйли-жойли қилди.  Ёш келинлик чоғларимизда  олган панду насиҳат, маслаҳатлар наинки мен, балки кўплаб ёш муаллимлар учун ҳам ҳаёт мактаби бўлиб асқатди. 

— Қизим, — дерди эрталаб ҳорғинлигимизни кўрса, — сенинг кайфиятинг мактаб учун ҳар доим бир хил — кўтаринки бўлиши лозим. Акс ҳолда, сабоқларинг зое кетади.  

Касбу ҳунарни инсон умрига мазмун бахш этувчи тақдир маржонидаги бебаҳо дурга қиёслайдилар. Бу ўхшатишни ўқитувчи Маърифат Файзиева фаолиятига таққосласак, исми  касбига мос устознинг ўттиз бир йиллик  заҳмати, бир неча авлодлар тақдирида бу ташбеҳ янада залворли кўринади. 

Онамдек азиз устозим, ҳамиша омон бўлинг!

Дилбар РИЗАЕВА,

Кармана иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn