Юксак ишонч масъулияти
  • 29 Апрель 2014

Юксак ишонч масъулияти

Бундан бир неча йиллар аввал барханлардангина иборат Устюрт кенгликларида ҳаёт қайнайди, тап-тақир саҳронинг қоқ ўртасида, “Сурғил” кони негизида дунёни ҳайратга соладиган йирик саноат корхонаси — Устюрт газ-кимё мажмуаси қад ростлайди, деса биров ишонармиди?!

Истиқлолимизнинг қудратини қарангки, бугун бу ерда бевосита Президентимиз ташаббуси билан рўёбга чиқарилаётган ноёб лойиҳанинг умумий қиймати 3,9 миллиард АҚШ долларига тенг.
Давлатимиз раҳбари 25 апрель куни Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюриб, ушбу мажмуа қурилиши билан танишди, ишчи ва мутахассислар билан суҳбатлашди.
Эътибор беринг, мазкур мажмуанинг қурилишида салкам 6 минг 400 киши меҳнат қилаётган бўлса, уларнинг 3 минг 500 нафардан зиёди юртимиз мутахассислари бўлиб, аксарияти ёшлардир.
— Биз мустақиллигимизнинг илк йилларида келажаги буюк давлат қуришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйган эдик, — деди Юртбошимиз мулоқот чоғида. — Бугун замонавий билимларни пухта эгаллаган, мана шундай ноёб заводларда ишлаётган ёшларимизга қараб қувонамиз ва ана шу эзгу ниятларимизга эришаётганимизнинг амалий ифодасини кўрамиз.
Давлатимиз раҳбарининг бу ишончи биз, ёшларнинг қалбимизда ғурур ва ифтихор туйғуларини уйғотди. Албатта, юксак ишончнинг улкан масъулияти ҳам бўлади.
Буни биз чуқур ҳис этган ҳолда, нефть-кимё соҳасида жаҳондаги энг йирик лойиҳалардан бири бўлмиш Устюрт газ-кимё мажмуасини белгиланган муддатда ишга тушириш мақсадида бутун билимимиз, куч-ғайратимиз ва салоҳиятимизни сафарбар этамиз. Пировардида эса мамлакатимиз қудратининг ёрқин намунасига айланадиган мажмуанинг узлуксиз ишлашини таъминлаш учун жамоамиз томонидан полимер гранулаларини етказиб берамиз. Зеро, биз ҳеч кимдан кам эмасмиз ва кам бўлмаймиз ҳам.
Ишончимиз комилки, юртимиздаги макроиқтисодий барқарорлик ҳамда қулай сармоявий муҳит таъсирида энг ривожланган давлатлар, нуфузли молия муассасалари мамлакатимиз билан ҳамкорлик қилаётган экан, келгусида ҳам янги-янги замонавий корхоналар бунёд этилаверади. Уларнинг барчаси эса Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти янада юксалиб, дунёда тараққий этган давлатлар сафидан муносиб ўрин эгаллаши ҳамда халқимиз турмуш фаровонлиги даражаси ошишига хизмат қилади.

Мирас МАТМУРАТОВ,
«Uz-Kor Gaz Chemical» Ўзбекистон — Жанубий Корея қўшма корхонасининг этилен ишлаб чиқариш бўлими муҳандиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn