Қисқа сатрларда
  • 29 Апрель 2014

Қисқа сатрларда

* Фарғонада тадбиркорликни ривожлантириш, хусусан, қулай ишбилармонлик муҳити яратиш, ишлаб чиқариш салоҳиятини юксалтириш, соҳа вакилларига зарур амалий кўмак бериш масалаларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда тадбиркорлар учун яратилаётган имтиёзлар, қурилиши тугалланмаган ва бўш турган объектлар, камқувват билан ишлаётган корхоналар фаолиятини тиклаш ҳисобига янги иш ўринлари яратиш борасидаги ишлар ҳақида маълумотлар берилди.

* Самарқандда “Тафаккур синовлари” кўрик-танловининг вилоят босқичи якунланди. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим, Адлия вазирликлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши ҳамкорлигида Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида ўтказилган мазкур танловда бешта олий ўқув юрти талабалари қатнашди.

* Пойтахтимизда давлат ижтимоий буюртмаси асосида ишлаб чиқилган лойиҳалар тақдимоти ҳамда “Ҳудудий нодавлат нотижорат ташкилотлари ривожланиш самарадорлигини ошириш, ижтимоий шерикликнинг шакл ва механизмларини такомиллаштириш” мавзуидаги семинар-тренингда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига доир долзарб масалалар кўриб чиқилди.

* Қарши шаҳрида ташкил этилган “Интернет ва ахборот-кутубхона ресурсларидан фан, таълим, маданият ва бизнес соҳаларида фойдаланиш” мавзуидаги халқаро конференцияда кутубхоналар фаолияти, ихтисослаштирилган ҳуқуқий маълумотлар тўпламига киришнинг ўзига хос муаммолари, электрон ресурслар қидиришга оид тизимлар объектига доир мавзуларда маърузалар тингланди.

* Тошкент шаҳрида қўлда тўқиладиган гиламларни замонавий усулда тайёрлаш бўйича ўқув-тренингнинг учинчи босқичи якунланди. Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва GIZнинг “Ўзбекистоннинг чекка ҳудудлари иқтисодиётини барқарор ривожлантиришга кўмаклашиш” дастури ҳамкорлигида уюштирилди.

«Халқ сўзи» мухбирлари хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn